Honor ҳам, Xiaomi ҳам «дамини олаверсин» – Snapdragon 895 чипли илк смартфонни бошқаси чиқармоқчи!

  •   DiMaX
  •  683
  •  28.06.2021 12:25

Honor ҳам, Xiaomi ҳам «дамини олаверсин» – Snapdragon 895 чипли илк смартфонни бошқаси чиқармоқчи!

Xiaomi бир неча марта Qualcomm’нинг янги процессорларини ўз смартфонларида биринчи бўлиб қўллаётганини айтиб мақтанган. Масалан, Snapdragon 888 русумли флагман чипсети Xiaomi Mi 11 туркумида дебют қилган. Унинг бу борадаги лидерлигига янги рақиби – Honor чек қўймоқчи, яъни у Snapdragon 888 Pro базасида ҳаммадан олдин смартфон чиқаришини айтган.

ЎҚИНГ: Snapdragon 888 Pro бенчмаркда: унинг «оддий» Snapdragon 888 флагманидан фарқи нимада?

Булардан ташқари, америкалик чипсоз яна Snapdragon 895 русумли процессор тайёрлаётгани ва унинг илк бор Xiaomi Mi 12 Ultra флагманида қўлланиши ҳам айтилган. Лекин сўнгги хабарларга қараганда, бу борада Lenovo уни доғда қолдирмоқчи.

Lenovo компаниясининг Хитойдаги мобил телефонлар бўлинмаси бошлиғи Чэнь Цзинь (Chen Jin) эълон қилишича, мазкур ишлаб чиқарувчи жорий йилнинг охиригача янги флагман смартфон намойиш этади. Унинг тақдимот санаси ҳам, модел номи ҳам айтилмаган бўлса-да, инсайдерлар бу қурилма Snapdragon 895 чипли дунёда биринчи телефон бўлади, дейишмоқда.

Кутилаётган процессор ҳақида ҳали кўп нарса номаълум, ҳаттоки унинг Snapdragon 895 ёки Snapdragon 898 деб номланиши ҳам аниқ эмас. Тахминларга кўра, уни янги авлод – Cortex-V9 Kryo 780 ядролари базасида тайёрлашади, график чип сифатида Adreno 730 қўлланади.

ЎҚИНГ: Apple «дамини олсин» – геймерлар учун Qualcomm флагмани асосида қудратли Android-планшет чиқяпти

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!