Honor Magic 3 ва Magic 3 Pro чиқди: Snapdragon 888+, Android 11, Magic UI 5.0 ва Google сервислари бор!

  •   DiMaX
  •  903
  •  13.08.2021 14:07

Honor Magic 3 ва Magic 3 Pro чиқди: Snapdragon 888+, Android 11, Magic UI 5.0 ва Google сервислари бор!

Qualcomm компанияси шу йил июннинг охирида Snapdragon 888 Plus русумли флагман процессорини намойиш қилган. Унинг базасидаги илк қурилма Xiaomi Mi Mix 4 флагмани бўлган эди, энди бу сафга бошқалар ҳам қўшилмоқда.

ЎҚИНГ: Эгалари рози бўлган смартфонлар рейтингида кутилмаган ўзгариш! (AnTuTu, 2021 йил июль)

Ушбу чипсет базасидаги смартфонлар тақдимотига бағишланган иккинчи тадбирни Honor компанияси ўтказди. Унинг ушбу янги флагманлари – Honor Magic 3 ҳамда Magic 3 Pro моделларининг ўзаро ўхшаш жиҳатлари кўп, аммо фарқлари ҳам етарлича.

Бир хил хусусиятлари

Ҳар иккала қурилма 6,76 дюймлик, четлари қайрилма, ромсиз OLED-дисплей билан таъминланган. Кадр янгиланиши 120 герцлик, тасвир узатиш формати FHD+ бўлган экраннинг ўзига дактилоскоп ҳам ўрнатилган.

Дисплейнинг овал шаклдаги тирқишига 13 мегепикселлик олд камера ва фойдаланувчини юзидан таниб олувчи ToF 3D сенсори ўрнатилган. Honor Magic 3 ҳам, унинг Pro-версияси ҳам IMAX Enhanced технологиясини қўллаб-қувватлайди.

Флагманларнинг иккалови ҳам 4600 мА/соатлик аккумулятор билан таъминланган. Улар симли усулда 66 ваттлик, Qi стандарти бўйича симсиз усулда эса 55 ваттлик тезкор қувватлана олади.

Фарқи нимада унда?

Аввало, IP68 стандартига кўра чанг ва сувдан ҳимоя фақатгина Honor Magic 3 Pro моделида мавжуд. “Оддий” флагман – Honor Magic 3 корпуси ҳам ҳимояланган, аммо фақат IP54 стандартида.

Қолаверса, “катта” модел бош камерасида анча такомиллаштирилган телеобъектив қўлланган. Унинг аниқлиги 64 мегапикселни ташкил этади ва 3,5 карралик оптик зумга эга.

Honor Magic 3 ва унинг Pro-версиясида бош камеранинг қолган модуллари бир хил: 50 мегепикселлик асосий (Sony IMX766) сенсори, 64 МПлик монохром датчик ва 13 МПлик ўта кенг бурчакли камера.

Google сервислари ўрнатилган!

Янги флагманлар Android 11 операцион тизим талқини базасида тайёрланган Magic UI 5.0 график қобиғи билан ишлайди. Сотувга уларни Google Mobile Services ўрнатилган ҳолда чиқаришади. Таъкидлаш керакки, Honor алоҳида компания бўлиб Huawei’дан ажралиб чиққанидан бери Хитойдан ташқарида мана шу флагманларига қадар бирорта ҳам смартфон чиқармаган эди.

Honor Magic 3 гаджети 8 гигабайтлик тезкор ҳамда 128/256 гигабайтлик доимий хотирага эга вариантларда чиқарилади. Унинг оқ ва қора вариантларида орқа панел шишадан ишланган, Golden Hour ҳамда Blue Hour ранглиларида эса – сунъий чармдан. Бу флагманнинг нархи 899 евродан бошланади.

Honor Magic 3 Pro эса 8/12 гигабайтлик тезкор ва 256/512 гигабайтлик доимий хотира чиплари билан, 1 099 евродан бошланувчи нархларда таклиф этилади. Унинг ранг вариантлари орасида Blue Hour йўқ.

ЎҚИНГ: 5G-смартфонлар бозорида Samsung тўртинчи ўринга тушди. Ундан зўрлари кимлар?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!