Honor Play 4 ва Play 4 Pro чиқди: флагман процессорли энг арзон ва ўйинбоп 5G-смартфонлар!

  •   DiMaX
  •  994
  •  04.06.2020 14:18

Honor Play 4 ва Play 4 Pro чиқди: флагман процессорли энг арзон ва ўйинбоп 5G-смартфонлар!

Huawei компанияси яқинда дунёдаги энг арзон 5G-смартфонEnjoy Z 5G моделини тақдим этган эди. Энди эса унинг суббренди 5G тармоғида ишловчи, геймерларга мўлжалланган Honor Play 4 ҳамда Honor Play 4 Pro моделларини намойиш этди.

ЎҚИНГ: Google Play’дан нақ 16 та ўйинни бепул олишга улгуринг! (тайёр ҳаволалар)

Honor Play 4 – атиги 253 долларлик 5G-смартфон

Янги геймерофонларнинг стандарт вакили 6,81 дюймлик IPS-дисплейга эга, унинг тасвир аниқлиги Full HD+ форматида, яъни 2400х1080 пикселлик. Экраннинг юқори чап бурчагида 16 мегапикселлик олд камера учун тирқиш ўйилган.

Honor бу смартфони учун тайванлик чипсоз – MediaTek компаниясининг Dimensity 800 процессорини танлаган. Самарадорликни таъминлашда унга 6 ёки 8 гигабайтлик тезкор хотира елкадош бўлади. Смартфоннинг ички хотираси эса ҳар иккала ҳолатда ҳам 128 гигабайтлик. Аккумуляторнинг ток сиғими 4300 мА/соатлик бўлиб, 22,5 ваттлик технология асосида тезкор қувват олади.

Honor Play 4 бош камераси тўртталик: асосий сенсори 64 мегапикселлик (f/1.89), кенг бурчакли сенсори 8 МПлик (f/2.2) бўлиб, яна ҳар бири 2 мегапикселлик чуқурлик датчиги ва макрокамера мавжуд. Унинг 6/128 ГБлик тезкор/ички хотирали варианти 253 долларга, 8/128 гигабайтлиги эса 281 долларга баҳоланган.

ЎҚИНГ: Ўрта нархли смартфонлар ТОП-ўнталиги (AnTuTu рейтинги, 2020 йил май)

Honor Play 4 Pro – кучли чипли энг арзон геймерофон

Номида «Pro» қўшимчали смартфон эса нисбатан ихчамроқ – 6,57 дюймлик IPS-экран, Full HD+ формати (1080х2400 пиксел). Унинг селфи-камераси ҳам дисплей «туйнуги» га жойланган, лекин қўшалоқ – 32 + 8 МПлик.

Honor Play 4 Pro хитойлик техногигантнинг флагман процессори – Kirin 990 5G чипсети базасидаги энг арзон смартфондир. Уни тезкор/доимий хотира ҳажмига кўра бир хил – 8/128 гигабайтлик модификацияда чиқаришяпти. Батареяси 4200 мА/соатлик бўлиб, 40 ваттгача тезкор зарядланишга қодир. Мазкур моделнинг «ини»сидан яна бир фарқи – NFC модулига ҳам эга.

Стандарт модел квадрокамерали бўлса, Pro-версиянинг бош камерасида иккитагина датчик қўлланган. Уларнинг асосийси – 40 мегапикселлик Sony IMX600 RYYB сенсори бўлса, иккинчиси – 8 мегапикселлик телефотомодул 3 карралик оптик зумга эга.

Honor Play 4 Pro’нинг яна бир ўзига хослиги – бу смартфон ҳароратни ўлчовчи инфрақизил датчикли вариантда ҳам тақдим этилган. Мазкур модул нафақат тана иссиқлигини, балки турли объектлар (сув, овқат, хонадаги ҳаво...) ҳароратини ҳам ўлчашга қодир.

Huawei бу смартфонини айни шу датчик бор-йўқлигига қараб икки хил – 408 ва 422 долларлик нархларда сотади. Honor Play 4 моделини 12 июндан бозорга чиқаришади, Pro-версияни эса хитойликлар 9 июнданоқ олишлари мумкин бўлади.

Ҳаар иккала смартфоннинг бармоқ изи сканери корпуснинг ён қиррасига – ўчириш-ёқиш тугмачасига жойланган. Улар Android 10 операцион тизим талқини устига қурилган Magic UI 3.1 график қобиғига эга.

ЎҚИНГ: Смартфонда нечта ва қандай датчиклар бўлади?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!