Honor V20 – энг кучли Android-процессорли энг арзон смартфон!

  •   DiMaX
  •  2295
  •  06.11.2018 12:36

Honor V20 – энг кучли Android-процессорли энг арзон смартфон!

Huawei компанияси жорий йилнинг октябрида Mate 20 смартфонлар туркумини расман намойиш этди. Улар билан хитойлик смартфонсознинг 7 нанометрлик технологик жараён асосида тайёрланган Kirin 980 процессори бозорга расман чиқарилди.

ЎҚИНГ: Huawei баёнот беради: унинг Kirin 980 чипи Apple A12 Bionic чипидан кучли

Кейинчалик ушбу чип компаниянинг ромсиз слайдери – Honor Magic 2 флагманида ҳам қўлланди. GizChina нашри бераётган маълумотга кўра, хитойлик гигант айни дамда тайёрлаётган Honor V20 смартфони ҳам Kirin 980 процессорига эга бўлади.

Honor V20 модели ҳақидаги маълумот Хитойнинг 3C сертификатлаштириш хизмати маълумотлар базасида топилган. Аввалроқ ушбу қурилма мамлакатнинг Саноат ва ахборот технологиялари вазирлигида сертификатдан ўтган эди. Мазкур идоралар ҳужжатларида у VCE-AL00 ҳамда VCE-TL00 кодли номлари билан қайд этилган.

Honor V20 моделининг дизайни хусусида ҳозирча маълумот йўқ, аммо таҳлилчилар бу борада иккита тахминни билдиришмоқда. Яъни, унинг дисплейи ё тепа қисмида томчисимон кемтикли бўлади, ёки корпуснинг олд юзасини тўлиқ эгаллайди.

ЎҚИНГ: Meizu Pro 8 флагмани Huawei’нинг энг илғор процессорига эга бўлиши мумкин

Шунингдек, ушбу смартфон 6 ёки 8 гигабайтлик тезкор хотирага ҳамда 18 ваттлик қувватлаш тизимига ҳам эга бўлиши кутилмоқда. Бу маълумотларнинг барчаси унинг ўтган йилги «аждод»и – Honor V10 моделидан келиб чиқиб айтилаётир. Масалан, бултурги смартфонда 500 доллар атрофидаги нарх эвазига 6/128 гигабайтлик хотира ҳамда диагоналига 5,99 дюймлик FHD+ дисплей таклиф этилади.

Шулардан келиб чиқиб, Honor V20 модели айни дамгача бозорга расман тақдим этилган энг кучли Android-процессор – Kirin 980 базасидаги энг ҳамёнбоп смартфон бўлиши кутилмоқда. Унинг тақдимот санаси хусусида ҳозирча маълумот йўқ, лекин яқин орада чиқиб қолса керак. Унгача эса турли русумлардаги Huawei смартфонларини Terashop.uz интернет-дўконимиздан онлайн усулда харид қилиш имкони бор.

ЎҚИНГ: Xiaomi провокациясига Huawei жавоби: «Биздан фақат ўзимизгина ўзиб кета оламиз!»

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.