Honor View 20 намойиш этилди: 48 МПлик камера ва «тешик» экранли илк смартфон!

  •   DiMaX
  •  1512
  •  10.12.2018 14:07

Honor View 20 намойиш этилди: 48 МПлик камера ва «тешик» экранли илк смартфон!

Экрани «тирқиш»ли смартфонни биринчи бўлиб тақдим этиш борасида учта смартфонсоз ўзаро пойга олиб бораётганидан хабарингиз бор. Улардан Samsung Galaxy A8s модели 10 декабрда, Huawei Nova 4 смартфони 17 декабрда, Lenovo Z5S эса 18 декабрда намойиш этиладиган бўлган. Аммо хитойлик техногигант шу пайтгача айтмай турган яна битта шундай модел бор экан...

ЎҚИНГ: «Тешик» ромсиз экранга ва уч модулли камерага эга Lenovo Z5s тақдимоти кейинга сурилди – компания «катталарга йўл берди»

Huawei бугун – 2018 йилнинг 10 декабрида ўзининг Honor View 20 камерофонини расман намойиш этди. Яна бир номи Honor V20 бўлган бу смартфоннинг иккита асосий ўзига хослиги бор. Булар – «тешик» дисплей ва 48 мегапикселлик камера бўлиб, ҳар иккаласи бўйича Huawei барибир «бир қадам олдинда» бўлиб чиқди!

Honor View 20 олд камераси экраннинг юқори чап бурчагидаги, диаметри 4,5 миллиметрлик «тирқиш»да жойлашган. Смартфоннинг бош камерасида эса янги, нақ 48 мегапикселлик Sony IMX586 датчиги илк бора қўлланган. Бундай камера яхши ёритилмаган шароитларда ҳам сифатли суратлар олишга қодир бўлиб, пикселлари ўлчами ҳам рекорд даражада ихчам – 0,8 микрометрга тенг. Аммо пикселларнинг тўрттасини битта қилиб бирлаштириш имкони бор, натижада бундай тўртталик пикселнинг ўлчами 1,6 мкм.га, сурат аниқлиги эса – 12 мегапикселга тенг бўлади.

ЎҚИНГ: Sony смартфонлар камералари учун инновацион сенсор яратди

Айтиш керакки, Sony IMX586 датчиги биринчи марта Xiaomi компаниясининг Mi 9, Mi 8S, Mi Mix 3S ёки Redmi Pro 2 моделларида ишлатилиши тахмин қилинаётган эди. Бироқ «хитойча Apple»ни ўз ватандоши бўлмиш етакчи смартфонсоз доғда қолдириб кетди.

Honor View 20 моделига қайтадиган бўлсак, у худди Huawei Mate 20 ҳамда Honor Magic 2 флагманларидаги сингари илғор HiSilicon Kirin 980 процессорига эга. Смартфоннинг яна бир ўзига хослиги – Link Turbo функцияси бўлиб, у бир вақтнинг ўзида ҳам Wi-Fi, ҳам уяли алоқа тармоғи орқали максимал тезликда маълумот алмашиш имконини беради.

ЎҚИНГ: Энг зўр процессорли энг арзон Huawei смартфонини «жонли» суратлар ва видеода томоша қилинг!

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, хитойлик техногигант Honor View 20 (ёки Honor V20) моделини ҳозирча жамоатчиликка қисқача таништирди. Унинг тўлақонли тақдимоти 26 декабрь куни Пекинда бўлиб ўтади; умумдунё намойиши эса келаси йилнинг 22 январь санасига белгиланган – уни Париждаги тадбирда кўрсатишади.

Huawei’нинг аллақачон бозорга тақдим этилган айрим смартфонларини эса 890 000 сўмдан бошланувчи нархларда Terashop.uz интернет-дўконимиздан харид қилиш имкони бор.

ЎҚИНГ: Terashop.uz’да Huawei смартфонлари нархлари (2018 йил 24 ноябрь) – харидингиз Ўзбекистон бўйлаб бепул етказилади!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!