HTC 10 смартфони Galaxy S7 билан рақобатга киришади 

HTC 10 смартфони Galaxy S7 билан рақобатга киришади 

Ижтимоий тармоқларда смартфон экспертлари томонидан HTC компаниясининг навбатдаги – HTC 10 смартфонининг илк суратлари ва гаджет имкониятларининг ўзига хос жиҳатлари эълон қилинди.

Ҳа! Нимагадир тайванлик ишлаб чиқарувчи бу сафар “One” қўшимчасидан воз кечибди. Эҳтимол, бу орқали компания янгича жиҳатларга эга инновацион қурилма ваъда қилаётгандир.

Маълум қилинишича, қурилма 5.15 дюймли QHD дисплейга эга ҳамда Qualcomm Snapdragon 820 процессорида фаолият кўрсатади. Смартфон 4 ГБ тезкор хотирада фаолият кўрсатади.

Android 6.0.1 Marshmallow операцион тизими билан таъминланган аппаратда бармоқ излари сканери технологияси қўлланилган.

Гаджетнинг бош камераси 12 МП бўлиб, у светодиодли фоточақноқ ва лазерли фокус функцияларида ишлайди. Маълумотларга қараганда, қурилма “жонли сурат” олишда  Samsung Galaxy S7’дан қолишмайди.

Мобиль алоқа воситасининг ягона овоз узаткичи унинг қуйи қисмида жойлашган. Смартфоннинг том қисмида эса аудио қулоқчин учун порт мавжуд. Овоз узатишда аппаратда BoomSound технологияси татбиқ қилинган.

Смартфон қувват тоши – аккумулятор 3400 миллиампер соат ток сиғимига эга.

Гаджетнинг пресс-фотосуратида кўриниб турибдики, гаджет корпус металлдан ишланган. QHD дисплейи 2,5D-шиша зирҳ, яъни ҳимоя қатламига эга.

One M9 телефон аппаратининг омадсизлигидан кейин компанияга муваффақият олиб келиши кутилаётган қурилманинг апрель ойида Нью-Йоркда тақдим этилиши кутилмоқда.

Android қурилмаларининг ишлаш самарадорлигини таққослашга хизмат қиладиган AnTuTu иловасида синовдан ўтказилганида у 110 000 балл тўплаб, самарали фаолияти кўрсаткичлари билан Huawei Mate 8, Meizu Pro 5 ва Samsung Galaxy Note 5 каби қурилмаларни ортда қолдирди. Бу иловада ўтказилган тестда Xiaomi Mi5, Samsung Galaxy S7 смартфонлари 115 000, яқинда тақдим этилган, Qualcomm Snapdragon 820 процессорига эга LG G5 эса 130 000 балл тўплаган эди. Ушбу тестда энг юқори натижа дунёнинг илк 6 ГБ тезкор хотирасига эга смартфони – Vivo Xplay 5’га тегишли бўлиб, у 162 000 балл тўплаган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!