Huami пульсоксиметрли Amazfit Band 5 билагузугини тақдим этди: сиз уни танийсиз!

  •   DiMaX
  •  405
  •  21.09.2020 16:10

Huami пульсоксиметрли Amazfit Band 5 билагузугини тақдим этди: сиз уни танийсиз!

Xiaomi’нинг турли тақилувчи гаджетларини тайёрлаб берувчи ҳамкори – Huami компанияси ўзининг навбатдаги «ақлли» браслетини намойиш этди. Amazfit Band 5 русумли янги аксессуарнинг дизайни сизга ниманидир эслатаётган бўлса, бу бежиз эмас...

ЎҚИНГ: Huami Amazfit GTR – нақ 74 кунгача қувватлаш талаб этилмайдиган смарт-соат чиқди!

«Хитойча Apple» шу йилнинг июлида намойиш этган ва «идеал» деб мақтаган Xiaomi Mi Band 5 русумли ақлли билагузук кейинчалик Xiaomi Mi Smart Band 5 модели тарзида глобал бозорга ҳам чиққан эди. Huami Amazfit Band 5 ҳам айни шу фитнес-браслетнинг айрим қўшимча функцияларга эга клони бўлиб чиқди.

Шундай қилиб, Amazfit Band 5 смарт-билагузуги 1,1 дюймлик AMOLED-дисплей билан таъминланган. 45 дан ортиқ турдаги циферблатларни қўллаб-қувватловчи экран 126х294 пикселлик тасвир аниқлигига эга.

Huami Amazfit Band 5 томир уришини, уйқу давомийлигини, стресс даражасини ва аёллардаги ҳайз циклини кузатиб бора олади. Булардан ташқари, оддий Mi Band 5’дан фарқли равишда, унда пульсоксиметр вазифасини бажарувчи SpO2 датчиги мавжуд. Яъни, бу смарт-билагузук қоннинг кислородга тўйинганлик даражасини ҳам аниқлай олади. Браслет яна нафас машқларини ҳамда 11 турдаги жисмоний машқларни кузатиб бориш имкониятини таклиф этади.

Мазкур гаджетнинг Xiaomi бренди остидаги фитнес-билагузукдан яна бир муҳим фарқи – унга Amazon компаниясининг Alexa овозли ассистенти жорий этилган. Шунинг шарофати билан фойдаланувчи будильник ва таймерларни овозли буйруқлар орқали ҳам бошқара олади.

ЎҚИНГ: Сунъий интеллект баҳси: овозли ёрдамчилардан қай бири энг ақлли?

Amazfit Band 5 бошқа жиҳатларига кўра Mi Band 5 билан бир хил: иккаласи ҳам мусиқани бошқаришга, смартфон камераси учун пульт вазифасини бажаришга ярайди.

Унинг аккумулятори 125 мА/соатлик бўлиб, 15 кун автоном ишлашга етади, энергия тежаш режимида эса бу кўрсаткич 25 кунга боради. Билагузук корпуси 5 атмосфера босими даражасида сувдан ҳимояга эга; лекин унда NFC чипи йўқ (мазкур модул Mi Band 5’нинг ҳам фақат хитойча версиясида бор ўзи).

Huami ушбу маҳсулотини АҚШ ҳудудида бугун – 21 сентябрдан сотувга чиқармоқда. Харидорларга уни қора ва зарғалдоқ рангларда, 45 доллардан таклиф этишади.

ЎҚИНГ: Xiaomi хити тақдимотдан 10 ой ўтиб глобал бозорга ҳам чиқяпти

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!