Huawei Apple'га қарши бошқа бир жиддий рақибни ҳам тақдим қилди

Huawei Apple'га қарши бошқа бир жиддий рақибни ҳам тақдим қилди

Huawei iPhone X флагманига ўхшаб кетадиган P20 смартфон моделлари билан бирга, жамоатчилик эътиборига Apple'нинг таниқли AirPods аудио қулоқчинларига ўхшаш қулоқчин ҳам тақдим қилди.

FreeBuds деб номланган аксессуар Huawei вакилларининг маълум қилишларича, бир маротаба тўлиқ қувват билан 10 соат ишлайди. Бу рақиблар билан таққослаганда юқори кўрсаткич. Мисол учун, AirPods қулоқчинлари тўлиқ қувват билан беш соат ишлайди.

AirPods каби, FreeBuds ҳам махсус қутичасида етказиб берилади. Бу қутичада қўшимча аккумулятор ҳам жойлаштирилган. Қулоқчинлар мазкур кейсда горизонтал ҳолатда ётади ҳамда магнит ёрдамида маҳкам туради.

Huawei компаниясининг сўзларига қараганда, FreeBuds дизайни шовқинни қайтаришга мўлжалланган ва бу борада у рақиби бўлмиш AirPods қулоқчинларидан ҳам яхши натижани кўрсатади. Сабаби, унинг корпусга ёндош қисмида силикон хомашёсидан тайёрланган махсус қисм бор.

Тақдимотда иштирок этган журналистларнинг фикрича, FreeBuds қулоқчинлари AirPods каби қулоққа яхши ўрнашади.

Европада FreeBuds қулоқчинлари 159 евро, яъни 195 АҚШ долларидан сотилади. Таққослаш учун айтамиз, AirPods қулоқчинлари Европада 179 евро ёки 220 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Apple компаниясидан фарқли равишда, Huawei фақатгина оқ эмас, қора рангдаги аудио қулоқчинларни ҳам ишлаб чиқаради.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!