Huawei атиги 30 дақиқада 70% қувватланувчи ҳамёнбоп флагман намойиш этди!

  •   DiMaX
  •  1751
  •  28.02.2020 14:58

Huawei атиги 30 дақиқада 70% қувватланувчи ҳамёнбоп флагман намойиш этди!

Хитойлик техногигант ўзининг P-сериясидаги флагманлари – Huawei P40 ҳамда P40 Pro моделларини март ойида тақдим этиши кутилаётир. Бу йилги учликнинг «кичкина»си – энг ҳамёнбопи бўлган Huawei P40 Lite эса аллақачон намойиш қилинди.

ЎҚИНГ: Huawei P40/P40 Pro'лар TENAA'да

Бошиданоқ айтиб ўтамиз: Huawei P40 Lite мутлақо янги модел бўлмасдан, балки ўтган йилнинг охирларида энг оммабоп смартфонлар рейтингига кирган Huawei Nova 6 SE қурилмасининг халқаро версиясидир.

Унинг хусусиятлари ўша-ўша: 6,4 дюймлик IPS-дисплей, тасвир аниқлиги FHD+ форматида. Экраннинг юқори чап бурчагида 16 мегапикселлик камера учун тирқиш ўйилган.

Huawei P40 Lite бош камераси квадрат блок ичидаги тўртта модулни ўз ичига олади: 48 МП (Sony IMX586), 8 МП (120º), 2 МП (чуқурлик сенсори) ва 2 МП (макро). Камера фоточақноғи бу блокдан пастда, бармоқ изи сканери эса корпуснинг ён қиррасида жойланган.

ЎҚИНГ: Huawei энди Samsung’га қақшатқич зарба бериш йўлини топди!

Ушбу гаджет Huawei’нинг ўз ишланмаси – 8 ядроли Kirin 810 процессори базасида ишлайди. Смартфоннинг тезкор хотираси 8, доимийси эса 128 гигабайтлик.

Huawei P40 Lite аккумулятори етарлича бақувват – 4 200 мА/соатлик бўлиб, USB-C порти орқали 40 ваттлик технология бўйича тезкор қувватлана олади. Ишлаб чиқарувчининг даъвосига кўра, бу усулда унинг батареясини 0 дан то 70 фоизгача атиги ярим соатда тўлдириш мумкин!

Смартфон Wi-Fi 802.11ac ҳамда Bluetooth 5.0 симсиз интерфейсларига, корпусида стандарт қулоқчин тирқишига эга. NFC-модуль ҳақида негадир компания гап очмаган; айрим тахминларга кўра, сотиладиган бозорига қараб ушбу чип билан ёки унингсиз версияларда чиқарилиши мумкин.

Хитойликлар бу «енгил» флагманни EMUI 10 график қобиғи остидаги Android 10 операцион тизими билан таъминлашган, аммо унга Google сервислари қўшилмаган. Улар ўрнига смартфонга Huawei’нинг ўз иловалари ҳамда AppGallery каталоги ўрнатилган. Huawei P40 Lite учун компания 300 евро миқдорида нарх белгилаган.

ЎҚИНГ: Google чўчиб қолди: у АҚШ ҳукуматидан Huawei учун афв сўраяпти!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!