Huawei GR5: тан олинган бренднинг ўрта нархли “имзоси”

Huawei GR5: тан олинган бренднинг ўрта нархли “имзоси”

Танишув

Huawei GR5 (2017) 2016 йилда тақдим этилган, кўпчиликнинг диққатини тортган шу номдаги смартфоннинг янги имкониятлар билан бойитилган версяиси. Хитойлик Huawei GR5 (2017) — металл корпусли смартфон, 5.5 дюймли Full HD дисплей, 64 бит тезликда ишлайдиган 8 ядроли процессор, 3 ГБ тезкор хотира ва 32 ГБ доимий ички хотирага эга, бош камераси қўш объективли ҳамда бармоқ излари сканери билан таъминланган деярли флагман даражасидаги мобиль алоқа воситаси. Huawei GR5 заводдан Android 6.0 операцион тизимининг ўзлаштирилган Huawei EMUI 4.1 талқинида чиққан. Уни тез орада сўнгги тизимга янгилаб олиш мумкин бўлади.

 

Huawei GR5 нимаси билан қизиқарли?

Умуман олганда, смартфон 2016 йилдаги Huawei GR5 гаджети билан ўхшаш кўп жиҳатларга эга: металл корпус, орқа панелдаги бош камера остидаги бармоқ излари сканери, смартфонни бошқаришга ёрдам берадиган қўшимча функцияларга эга бўлган бош камера, пикселлар сиғими 1920х1080 белгига тенг бўлган 5.5 дюймли IPS-дисплей.

Шу билан бирга, 2016 йилги талқиндан фарқли жиҳатлари ҳам етарли: энди янги талқинда Qualcomm Snapdragon ўрнига яп-янги ва нисбатан илғор бўлган HiSilicon Kirin 655 процессори ўрнатилган. Оператив хотира ҳам 3 ҳамда доимий хотира 32 ГБга ошди. Корпус тузилиши ҳам силлиқлашиб, янада жозибадорлиги ошган.

Смартфоннинг ўзига хос жиҳатлари қаторига унинг бош камераси 2 та объектив кўринишиа ишлаб чиқилганини айтиш мумкин: 12 ҳамда 2 МПли модуллар таркиби 6 турдаги оптик линза ва фазали автофокус приборларидан таркиб топган. Қўш модулли камера смартфонга ён томонларни аниқ-тиниқ суратга олиш ва суратга олингандан кейин ҳам тасвирдаги фокусни танлаш имконини беради. Huawei GR5 ўрта нархли смартфонлар сирасига кирувчи телефонга қўш объективнинг ўрнатилиш тенденциясини бошлаб берган.

 

Корпус йиғилиши қандай?

Huawei GR5 олд панелида деярли ўзгариш мавжуд эмас. Унинг кўриниши Huawei’нинг барча смартфонларига хос: компания бренд белгиси гаджетнинг иягидан жой олган, бошқарув тугмалари ва экран ҳошияси бўйлаб ётқизилган 2.5D эффектига эга ҳимоя шишаси. Экран ён томонларидаги ром юпқа. Экран юқорисидан суҳбат карнайи, сенсорлар, 8 мегапикселли олд камера объективи ҳамда хат-хабар келганини билдирувчи анъанавий  светодиодли индикатор ўрин олган.

Huawei GR5 смартфони корпуси ўткир бурчаклардан холи равон контурларга эга бўлган. Экран юқориси ва қуйисида антенналар учун пластик улоқлар ҳам моҳирлик билан жойлаштирилган. Суратда гувоҳи бўлаётганингиздек, уни металл корпусдан ажратиб олиш қийин.

Ёқиш тугмаси ва овозни созлаш тугмаси анъанавий равишда корпуснинг ўнг биқинидан жой олган.

Huawei GR5’нинг юқори том қисмида аудио қулоқчинлар учун 3.5 мм.ли коннектор ва қўшимча микрофон микрофон учун туйнуклар мавжуд. Суратда орқа панелнинг силлиқ контурлари аниқ кўриниб турибди.

Корпус чап биқинида эса гибрид бўлмача мавжуд. Унга ёки 2 та SIM-карта, ёки битта SIM-карта ва битта MicroSD хотира картасини жойлаштириш мумкин. 32 ГБ доимий ички хотира сиғими ҳам ёмон эмас, лекин кўпчилик фойдаланувчилар фикрича, 2 та сим-карта ва алоҳида хотира бўлмачаси бўлганида мақсадга мувофиқ эди.

Huawei GR5 корпусининг қуйи қисмига диққатимизни қаратамиз — бу ерда ташқи динамик, микрофон  ва MicroUSB учун туйнуклар мавжуд. Huawei бу моделда янада замонавийроқ бўлган USB Type-C портидан фойдаланмаган.

Корпуснинг орқа панели тўлиқ металлдан тайёрланган. Унинг қуйироғида Huawei логотипи мавжуд. Панел юқорисида эса  бош камера модули, фоточақноқ ва бармоқ излари сканери бор.

Huawei бу гал ҳам доимгидек, бармоқ излари сканерининг орқа панелда жойлаштирилиши фойдаланувчи учун қулай, деб ҳисоблаган. Боиси, смартфонни чўнтакдан чиқариб, уни блокировкадан чиқариш учун сониялар кетади. Шу билан бирга, Huawei бу сканерга қўшимча функцияларни ҳам жорий қилган. Мисол учун, унинг ёрдамида смс ва хат-хабарлар акс этган дарпардани тушириш, суратларни ўтказиб туриш, қўнғироқларга жавоб бериш мумкин. Сканер юорисида эса — 12+2 МП сиғимли қўш камера модуллари. Улар билан ёнма-ён светодиодли фоточақноқ жойлашган.

Умумий назар солганда смартфоннинг корпуси сифатли қилиб йиғилган ва кўриниши ҳам жозибадор. Энг муҳими, 5.5 дюйм бўлса ҳам, қўлда қулай жойлашади.

Экраннинг сифати қанчалик юқори?

Huawei GR5 (2017) смартфонида 5.5 дюймли, IPS матрицали дисплейга эга FullHD экран ўрнатилган. Ундаги ҳар дюймдаги пикселлар сиғими 401 тани ташкил қилади. Бу жуда яхши кўрсаткич. Экран бурчакларида ҳам ёрқинлик даражаси етарли. Экраннинг ранг-тасвир узатиш салоҳияти ҳам юқори. Кўпчилик IPS туридаги экранларда бўлгани каби, бунда ҳам совуқ рангларни намойиш қилишда сезилмас камчилик бор.

 

Самарадорлик ва қувват тизими қандай?

2016 йилдаги GR5’дан фарқли равишда, компания янги талқинда яқиндагина ишлаб чиқарилган, самараси юқорироқ 64 битли HiSilicon Kirin 655 (Huawei P9 Lite’даги “650” моделидан самарали) процессоридан фойдаланган. У частота тезлиги 2.1 ГГц бўлган 8 ядродан иборат. Смартфонда Mali-T830 MP2 видеокартаси ўрнатилган.

HiSilicon Kirin 655 — ўрта даражали замонавий процессор. Уни  аксарият ўрта нархли андроид смартфонларда фойдаланиладиган “Snapdragon 625” билан қиёслаш мумкин. Процессор 3 гигабайтли оператив хотира билан таъминланган. Смартфонда бугунги график-тасвирга бой ўйинларни ўйнашда бирор муаммо келиб чиқмайди, корпус қизиб кетмайди. 

Huawei GR5 (2017)’да 32 ГБ доимий ички хотира ўрнатилган. Аввалги йилги 16 ГБ бўлиб, кўпчиликни хафа қилган эди. Ўйинлар ва зарур иловалар учун 32 ГБ етарли хотира сиғими. Хотира бўлмачаси гибрид бўлиб, 2 та сим-карта ёки 128 ГБ.гача хотира флешкасини ўрнатиш мумкин.

Huawei GR5 аккумуляторининг электр токи сиғими 3340 мА соат. Бу қувват билан HD сиғимли видеоларни смартфонда 8 соатча томоша қилиш, 5 соат замонавий ўйинларни ўйнаш мумкин. Одатий режимда 20 соат суҳбат қуриш, бир соат интернетдан фойдаланиш мумкин. Wi-Fi ёки 3G тармоқларида смартфон 2 кун “жон сақлайди”. Бу жуда яхши кўрсаткич. Бу процессорнинг қувват тежамкорлигидандир.

Интерфейс қанчалар қулай?

Смартфон Android 6.0 Marshmallow тизимининг EMUI версиясида ишлайди.

Тизимнинг барча иконка, папка ҳамда виджетлари бош менюдан жой олган.

Интерфейсни янада соддалаштириш мумкин:

Экранда навигация тугмаси мавжуд. Бу уни бир қўлда бошқариш имконини беради.

Экран юқорисини бармоқда пастга тортса тушадиган анъанавий буйруқлар доскаси оголантиришлар ва белгилар бўлимларига бўлинган.

Huawei GR5 фойдаланувчилари хотирадаги қиммат маълумотларини шифрлаб, ҳаккерлардан ҳимоя қилишлари мумкин.

Смартфондан бирор нимани тезкор қидириш функцияси ҳам мавжуд.

Фирманинг қувватни тежаш режими Huawei смартфонларининг ўзига хос жиҳатларидан биридир.

 

Камеранинг имкониятлари қандай?

Асосий “қўш-кўз” камеранинг бош матрицаси 12 МП сиғимли.  Ундаги пикселларнинг ҳажми: 1.25 мкм. Шунингдек, иккинчи матрица сиғими 2 МП. Унда 6 элементдан иборат оптик объектив ва фазали автофокус тизими ўрнатилган. Камералар светодиодли фоточақноққа эга. Смартфон сониясига 1080p@30 кадр сиғимига эга видео суратга олади. Олд камера сиғими — 8 МП.

Бу борада кўп гапиргандан кўра, Huawei GR5’да олинган суратларни эътиборингизга ҳавола қилсак, сиз учун ҳам айни муддао.

Huawei GR5 (2017)’нинг коммуникация имкониятлари қандай?

Смартфонда EDGE/GPRS, HSPA+ (42 Мб/с.гача), LTE Cat.4 (UL 50 Мб/с / DL 150 Мб/с) тармоқларида тезкор маълумот алмашиш, алоқанинг GSM 850/900/1800/1900, WCDMA 900/1900/2100, FDD LTE 2100(B1)/1800(B3)/2600(B7)/900(B8)/800(B20) тармоқларида суҳбат қуриш, Wi-Fi    802.11 b/g/n, Bluetooth 4.1, GPS+ (A-GPS, Glonass) каби симсиз алоқа тармоқларидан фойдаланиш мумкин.

 

Нима хулосага келиш мумкин?

Умуман олганда, Huawei GR5 (2017)  жуда яхши смартфон. Унинг қатор қулайликлари фойдаланувчини хурсанд қилади. Металл корпусли бу сифатли мобиль алоқа воситасининг дизайни ҳам ўзига хос, дисплейи сифатли, фойдаланиш интерфейси қулай, камераси ажойиб. Бу каби ўрта нархли смарфтонларни ҳозир учратиш қийин. Айниқса, унинг қўш объективли бош камераси ўрта синфга кирувчи рақиб смарфтонлар учун қойилмақом зарба бўлди. Иккинчидан — Huawei GR5 (2017)’нинг қувватдорлиги, қувватни тежаш имкониятлари, шундай катта диагоналли экран билан 2 кун мобайнида сизни қувват масаласида безовта қилмаслиги — яна бир кучли жиҳати. Бармоқ излари сканери: тезкор ишлаши ва қўшимча функцияларга бойлиги билан янада қулай ва қизиқарли. Аммо, гибрид бўлмача кўпчиликка ёқмаслиги мумкин. Битта мобиль оператор фойдаланувчиси бўлганлар учун бу аҳамиятсиз. Huawei GR5 (2017)’даги яна бир нюанс — бу процессор самарадорлиги.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 2,139,000 сўм Сотиб олиш
olx.uz 250 АҚШ доллари Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!