Huawei Honor 9: 28 кунда 1 млн дона сотилган смартфон|Тавсиф

Huawei Honor 9: 28 кунда 1 млн дона сотилган смартфон|Тавсиф

Кириш 

Huawei компанияси жорий йилда Huawei P10 флагманини бозорга чиқарган эди. Кўп ўтмасдан хитойлик ишлаб чиқарувчи худди шу платформа ва дастурий таъминотга эга бўлган Honor 9 смартфонини ҳам тақдим қилди. 

Бироқ, янги смартфонда дизайн ва камералар бутунлай бошқача. Шунингдек, Honor 9'нинг нарх-навоси ҳам анча арзон бўлди. Компаниянинг бу смартфонни чиқаришидан мақсади аниқ -- Хитой бозорида арзон ва яхши гаджетлар чиқараётган рақибларга қарши кураш.  

Huawei 2013 йилдан "Samsung Galaxy" каби модел туркумларидан ажралиб чиққан алоҳида Honor бренди остида мобил телефон ишлаб чиқара бошлади. Бу туркум смартфонлари кучли платформага ва ўрта даражали бошқа жиҳатларга эга бўлади.

Honor бренди учун компания катта пул сарфламайди: реклама ва маркетинг, шоу-бизнес вакилларининг қиёфаларидан, донғи кетган ҳамкорлар номларидан фойдаланмайди. Натижада, бу бренд смартфонлари нисбатан арзонга тушади. Бугун биз ана шундай моделлардан бири бўлган Honor 9 билан танишамиз.

Huawei компанияси янги Honor 9 смартфонини 12 июнда тақдим қилиб, шу ойнинг ўзида аввалдан буюртма ола бошлаган. Honor 9 флагманга хос жиҳатларга эга қулай нархдаги мобил алоқа воситаси.

17 июлда компания 28 кунда 1 миллион дона Honor 9 сотганини тантанали равишда маълум қилган. Қуйида мана шундай муваффақиятли смартфон билан яқиндан танишамиз.

Қадоқни очамиз ...

Қадоқ ҳам, унинг ичидаги буюмлар сафи ҳам ихчамгина, яъни стандарт. Кабел, зарядка, сим-карта учун скрепка. Шунингдек, орқа панел учун пластик кейс. Бу ғилоф билан орқа панел яна ҳам чиройли кўриниш олади.

Шишадорлик тренди бўйича 

Honor ва Huawei туркумлари смартфонлари ўлчами бир хил бўлса ҳам, уларнинг корпус материали турлича бўлади: одатда Huawei арзон смартфонларига пластик корпус қўяди. Бироқ, ўрта нархли Honor смартфонлари флагман бўлмаса ҳам, доимо металл корпусда ишлаб чиқарилади. Honor 9 металл ва шиша "кийимга" эга бўлган. 

Honor 9 — ҳашамдор, юпқа корпусли ва енги аппарат. Унинг олд ва орқа шиша панеллари қайрилма. Смартфон том қисми металлдан ишланган. Бу дизайн ечими сизга ҳам Xiaomi Mi6'ни эслатаётган бўлса ажаб, эмас, бироқ Honor 9 бир оз каттароқ ва нафисроқ.

Гаджет ташқи кўринишидан аввалги авлод — “Honor 8” смартфонини эслатиб юборади: олд томонида 2D эффектига эга шиша панел ҳамда орқа корпусни қоплаб олган 3D шаклидаги безак шишаси ва металл синч.

Маълум бўлишича, 15 қаватли корпус шишаси Galaxy S7'даги шишадан пишиқ. Шундай бўлса ҳам, кичкина эҳтиётсизлик ҳам бу гўзалликка барҳам бериши мумкин.

Бироқ, “аждоди”дан фарқли равишда, Honor 9’нинг бармоқ излари сканери орқа эмас, олд панелдаги тугмадан ўрин олган. Орқа панелга эса бренднинг логотипи туширилган. Смартфон кўк, кумуш ва тилла рангли корпусларда ишлаб чиқарилади. Унинг ён томондаги — шиша панелларни бирлаштириб турган металлдан тайёрланган синчлари корпус рангига бўялган.

Орқа панел айниқса, таассуротли: нур тушиши билан ёрқин товланади. Орқа панелга нур урилганида у ўзидан лазер нурлари каби ингичка ёғду таратади.

Honor 9 бошқа шиша смартфонлар каби, сирпанчиқ бўлиб, уни ниҳоятда авайлашга тўғри келади. Huawei P10 флагманидан фарқли равишда, 5,15 дюймли Honor 9'нинг ён томонлари жилосиз металл билан ўраб олинган.

Умуман олганда, смартфон дизайни диққатга сазовор. Бир томондан у чиройли ва пухта ишланган. Бошқа томондан — кир-чир кўтарадиган, шунингдек, металл корпус тез қизиб ҳам кетади.

Honor 9 экран клавишларига эга эмас. «Орқага» ва «Ўтказиб юборилган иловалар» виртуал тугмалари бармоқ излари сканерининг ён томонларидан ўрин эгаллаган

Honor 9 кўк (энг кўрками), кумуш ва қора рангдаги корпусларда ишлаб чиқарилмоқда.

Экран

Смартфонда 5,15 дюймли Full HD (1920 x 1080 пикселли) экрандан фойдаланилган. Бу ўлчамли экран учун ҳар дюймдаги пикселлар сони 423 (dpi) та бўлиши -- кўнгилдагидек. Натижада, экранда сурат-тасвир ёрқин ва аниқ акс этади.

Дисплей олд панелнинг 70 фоиз майдонини эгаллаган. Маълум қилинишича, экраннинг сезгирлиги аввалги смартфонларга нисбатан 25 фоизга, ҳар бир тугмани босганда смартфоннинг ишлаш тезкорлиги 10 фоизга ошган.

Honor 9 экрани матрицаси — сифатли LTPS (IPS-технологиясининг илғорлашган авлоди). Бу матрицанинг ранг-тус спектри кенг. 

Apple iOS каби, экран созламалари хилма-хил. Honor 9 экранидаги ёруғлик заҳираси етарли. Бу экран қуёш нури остида ҳам ўзини йўқотиб қўймайди ва тасвир аниқ гавдаланади. 

Платформа ва самарадорлик 

Huawei P10 флагмани каби, қаҳрамонимиз ҳам частота тезлиги 2,4 ГГц бўлган Kirin 960 процессори билан таъминланган. Бу жуда ҳам янги чип бўлмаса-да, 8 та ядроси билан ҳали ҳам кучли процессорлар қаторидан ўрин эгаллаб турибди:  4 × Cortex A73 2,4 ГГц + 4 × Cortex A53 1,8 ГГц. Смартфонда график-тасвирни Mali-G71 видео-картаси қайта ишлайди.

Бу процессор Mate 9 флагманига ҳам ўрнатилган. Мисол учун, Galaxy S8 чипи Honor 9'никидан 35-40% га тезкор. Honor 9 платформаси бўйича Snapdragon 821 ўрнатилган LG G6 билан беллаша олади.

Кўриб турганингиздек, Honor 9 гаджети самарадорликда Xiaomi Mi6 ва Samsung Galaxy S8’дан бир оз орқада бўлса ҳам, Sony Xperia XZ Premium ва LG G6 каби ўзидан 2 баробар қиммат гаджетларни ортда қолдирган.

Тезкор хотирани танлаш имкони мавжуд: смартфон 4 ГБ ёки 6 ГБ "оперативка" ҳамда 64/128 ГБ доимий (eMMC 5.1) хотира билан ишлаб чиқарилмоқда. Аслида унинг бошланғич талқини ҳам фойдаланиш учун етарли.

Самарадорлик бўйича шикоят қилишга ҳожат йўқ: Honor 9 хоҳлаган ўйин ва иловаларни қўллаб-қувватлайди. Кадрларнинг частота алмашинуви ҳам жойида.

Бироқ, муаммо бошқа томонда: қизишда. Ўйин ўйнаганда корпус 46 градусга, ҳатто баъзида 51 градусгача қизийди. Бу ҳолат смартфоннинг узоқ фаолияти учун тўсиқ. Лекин, бу қизишни компания биргина прошивка билан тўғирлаши ҳам мумкин. Бунда процессорнинг частота алмашинувини мувофиқлаштириш керак, холос. 

Смартфоннинг доимий хотирасини microSD бўлмаси орқали кенгайтириш мумкин. Honor 9 Android 7.1.1’нинг ўзлаштирилган EMUI 5.1 талқинида фаолият кўрсатади.

Аккумулятор 

Аккумуляторнинг электр токи сиғими 3200 мА соат бўлиб, смартфон USB 2.0 порти ҳамда Super Charge 3.0 технологияси ёрдамида тезкор қувват олади. Яъни, 60 дақиқада қувватини 100 фоизга тўлдиради.

Бир маротаба қувватлаб, фаол фойдаланганда, яъни қўнғироқлар, мессенжерлардан фойдаланганда, ўйин ўйнаганда, почта, YouTube ва бошқа иловалардан фойдаланганда, смартфондан 12-13 соат фойдаланиш мумкин.

Камера имкониятлари

Huawei ўзининг қўш сенсорли камера технологиясини ривожлантиришда давом этади. Honor 9 ҳам бош камера учун 2 та объектив омихталаштирилган. Улардан бири -- 20 МП ва монохром, яъни оқ-қора матрицали. Иккинчиси 12 МП, рангли. Ҳар иккала сенсордаги ёруғликни қамраб олувчи линза ҳажми f/2.2. Камера модуллари орқали келган маълумотларни бирлаштиради, яъни оқ-қора модул ва рангли модул тасвири бирлашиб, ягона -- рангга тўйинган сурат ҳосил бўлади.

Бош камера чиндан ҳам яхши суратга олади: сурат деталларга бой ва аниқ-тиниқ, ёруғлик паст шароитда ҳам сурат сифати яхши чиқади.

Бош камерада оптик барқарорлаштириш, лазерли автофокус, 2 каррали оптик яқинлаштириш функциялари жорий қилинган.

Шунингдек, камера иловасида замонавий "Портрет" режими ҳам мавжуд. Бунда смартфон орқа фонни ғира-шира қилиб олади. Honor 9 бу борада жуда моҳир. 

Олд камера

Олд камера модули 8 мегапикселли ва унинг ёруғлик линзасининг ҳажми f/2.4. Олд камера олган суратлар ҳам таассуротли. Айниқса,  «гўзаллаштириш» режимини ёққанда, селфи яна ҳам ёрқин чиқади.

Қуйидаги суратлар орқали Honor 9 камерасига ўзингиз баҳо беринг.

Селфи-камера ижоди

Мусиқий смартфон 

Динамик овози ва сифати барчани хурсанд қилади. Бу овозда қўнғироқни қабул қилиш ва шовқин жойда ҳам кино томоша қилиш мумкин. Сабаби -- Huawei Honor 9 смартфонида овозни қайта ишлайдиган махсус AKM аудиочипи ўрнатилган. Шу боис ҳам, аудио-қулоқчинда овоз тоза тингланади.

Шу билан бирга, гаджетда инфра-қизил порт, Hi-Fi аудио процессори, NFC модеми мавжуд.

 

Нарх-наво 

Honor 9’нинг бош ўзига хослиги — бу нархи. 16 июндан Хитой бозорига унинг энг қуйи жиҳатларга эга талқини, яъни 4/64 ГБ хотирали талқини $338, 6/64 гигабайтли хотира талқини $390, энг юқори — 6/128 ГБ версияси эса $441 АҚШ долларидан сотувга чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, жаҳоннинг энг илғор процессори бўлган Snapdragon 835’да ишлайдиган Xiaomi Mi6 смартфонининг энг арзон, яъни 6 ГБ тезкор ҳамда 64 ГБ доимий хотира талқини $363 доллардан сотувга чиқарилган.

 

Хулоса 

Юқорида қайд этилган жиҳатларга эга смартфон учун Huawei'нинг  $338 доллар сўраётгани -- инсоф доирасида. Сифатли тизим, илғор процессор, "ўткир кўз" камера, оригинал дизайн, сифатли овоз тизими билан Huawei Honor 9 диққатга сазовор "ақлли" телефон.

Халқаро смартфон бозорларида айни пайтда унинг нархи $450 АҚШ долларини ташкил қилмоқда. Huawei Honor 9 кўзга ярқ этиб ташланадиган смартфон. Қолаверса, бренд учун ҳам тўлаш кераклигини унутманг. Ахир, Huawei ҳам Samsung, Apple'дан сўнг жаҳоннинг 3-рақамли смартфон ишлаб чиқарувчиси.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!