Huawei ҳозиргиларидан нақ икки карра кучли процессор тайёрламоқда!

  •   DiMaX
  •  824
  •  21.06.2018 13:44

Huawei ҳозиргиларидан нақ икки карра кучли процессор тайёрламоқда!

Мобил қурилмалар учун кучли процессорлар тайёрлаш борасида Qualcomm, Huawei, Apple, Samsung каби компаниялар етакчи бўлиб, улар ўзаро рақобатга киришганлар. Хусусан, яқинда хитойлик техногигантнинг ҳали оммага тақдим этилмаган Kirin 980 чипи базасидаги смартфони рекорд ўрнатган эди.

ЎҚИНГ: Янги рекорд: йилнинг энг тезкор смартфони AnTuTu’да 356 918 балл тўплади!

Kirin 980 процессори жорий йилнинг иккинчи ярмида тақдим этиладиган Mate 20 моделида дебют қилиши, сўнг Huawei’нинг бир қатор флагман смартфонлари ва фаблетларида ўз қудратини намоён этиши кутилаётир. Аммо хитойлик гигант бу билан ҳам чекланиб қолаётгани йўқ – у илғор мобил қурилмалар учун Kirin 1020 номли яна битта чипсет устида ишламоқда.

Huawei’нинг ҳозиргача бозорга тақдим этилган моделларидаги энг кучли процессори – 10 нанометрлик тех-жараён асосида тайёрланган Kirin 970 чипи бўлади. У тўртта ARM Cortex-A73 ҳамда тўртта ARM Cortex-A53 ядроларини, Mali-G72 MP12 график контроллери ҳамда LTE Category 18 мобил модемини ўзида жам этган. Эндиликда тайёрланаётган Kirin 1020 процессори эса амалда ундан икки баробар қудратли бўлиши таъкидланаётир.

Кузатувчилар Kirin 1020 чипининг 7 нанометрлик технологиялар асосида тайёрланишини тахмин қилишмоқда. Ушбу платформа бешинчи авлод уяли алоқаси – 5G тармоғини қўллаб-қувватлайди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, хитойликлар янги авлод уяли алоқа тармоғида ишловчи қурилмалар борасида ҳам биринчи бўлишган.

ЎҚИНГ: Илк ҳақиқий 5G-смартфонни қайси компания тақдим қилганини эшитдингизми?

Аввалроқ тарқалган хабарларга кўра, Huawei компанияси ўзининг илк 5G-смартфонини тахминан кейинги йилда тўлақонли тақдим этади. Кўриниб турибдики, унинг «электрон юраги» ҳозирда тайёрланаётган Kirin 1020 процессори бўлади. Шу тариқа, мазкур маҳсулотнинг оммавий ишлаб чиқарилиши 2019 йилнинг ярмига тўғри келишини тахмин қилиш мумкин.

Дунёнинг учинчи рақамли смартфонсози телефонлар бозорида сон жиҳатидан яхши кетяпти – ўтган йили у 153 миллионта смартфон сотган бўлса, жорий йилда савдони 30 фоизга оширишни – 200 миллионлик маррани кўзлаган. Тан бериш керакки, ҳозиргача бозорга чиқарилган кучли смартфонлар орасида ҳам Huawei маҳсулотлари ўз ўрнига эга. Бу натижаларнинг барчасида хитойлик техногигантнинг ўз процессорлари – «сунъий ақл»га эга Kirin чиплари ҳам катта роль ўйнамоқда.

ЎҚИНГ: Huawei P20 Pro: "Малика"даги уч кўзли «даҳшат»!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!