Huawei "Малика"даги "энг арзон Xiaomi'нинг рақибини тақдим қилди

Huawei

Huawei компанияси смартфон туркумларини турли нарх ва жиҳатли моделлар билан тўлдирмоқда. Кеча "Huawei Y" туркумига мансуб Huawei Y6 (2018) модели халқаро бозор учун тақдим қилинди.

Гаджет 5,7 дюймли дисплейга эга бўлган. Дисплей томонлар нисбати 18:9 ўлчамли ҳамда пикселлар сиғими 1440 х 720 та белгига тенг, яъни HD.

Huawei Y6 (2018) айни пайтда энг оммалашган ва арзон ҳисобланган Qualcomm Snapdragon 425 процессори билан таъминланган.

Мисол учун, "Малика"да худди шу процессорга эга 5 дюймли Xiaomi Redmi 5A модели 825,000 сўмдан бошлаб сотилмоқда. Бу - бренднинг энг паст нархли моделларидан бири.

Xiaomi Redmi 5A модели каби, Huawei Y6 (2018) ҳам 2 Гб тезкор ҳамда 16 Гб доимий хотира билан таъминланган. Бу хотирани microSD орқали катталаштириш мумкин. Бу масалада имкониятлар тенг.

Девайсдаги бош камера бир сенсорли - унга 13 мегапикселли датчик ўрнатилган. Олд камера эса 5 мегапикселли. Xiaomi Redmi 5A ҳам 13 мегапикселли бош ҳамда 5 мегапикселли олд камерага эга бўлган.

Huawei Y6 (2018) моделининг аккумулятор сиғими 3000 мА соат сиғимли. Рақибининг қувват манбаи ҳам худди шундай.

Девайс қадоқдаёқ Android 8.0 Oreo'нинг ўзлаштирилган EMUI 8.0 талқинида фаолият кўрсатади. Смартфонда бармоқ изи сканери бўлмаса ҳам, қиёфани текширувдан ўтказувчи содда тизим мавжуд.

Huawei Y6 (2018) ўлчамлри: 152,4 x 73 x 7,8 мм. вазни эса 150 грамм. Уни кўк, тилла ва қора рангли корпусларда харид қилиш мумкин.

Қизиғи, Huawei Y6 (2018) турли жиҳатларга эга 4 талқинда ишлаб чиқарилади. Улардан биттаси NFC модулига эга бўлган.

Талқинлари:
ATU-L11 LTE FDD, NFC модули мавжуд;
ATU-LX3/ATU-L21 LTE FDD, NFC йўқ;
ATU-L22 LTE FDD/LTE TDD, NFC йўқ.

Huawei Y6 (2018) моделининг рақибидан устун жиҳатини замонавий услубдаги, яъни деярли ромсиз ва каттароқ экранда кўриш мумкин. Шунингдек девайсда илғор овоз узатиш ва мультимедиа намойиш қилиш тизими татбиқ қилинган.

Смартфоннинг $150 доллардан сотувга чиқиши маълум қилинмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.