Huawei Mate 20'даги бир жиҳат Galaxy S9 ва iPhone X учун фантастика бўлади!

Huawei Mate 20'даги бир жиҳат Galaxy S9 ва iPhone X учун фантастика бўлади!

Смартфон савдоси яхши бўлиши учун унинг ишлаб чиқарувчиси мобил қурилмани энг илғор ва унинг ўзигагина хос бўлган жиҳатлар билан таъминлаши зарур. Бугун 2018 йилнинг кузида тақдим қилиниши кутилаётган Huawei Mate 20 флагман телефони ҳали бирор смартфон эга бўлмаган фантастик жиҳат билан диққатга сазовор бўлиши ҳақида маълумот тарқалди. Бу жиҳат ҳаттоки айни пайтда энг илғор ҳисобланган Galaxy S9 ҳамда iPhone X моделларида ҳам йўқ.

Жаҳоннинг муваффақиятли смартфон ишлаб чиқарувчиларидан бўлган Huawei 2017 йилнинг октябрида Германиянинг Мюнхен шаҳрида «нейронли процессор»га эга Mate 10 ва Mate 10 Pro флагман смартфонларини тақдим қилган эди. Улардаги Kirin 970 процессорида алоҳида NPU (Neural Processing Unit) деб номланган блок мавжуд. Бу қисмга жорий қилинган "сунъий идрок" технологияси ёрдамида смартфон "ақлли машина"га айланади ва қатор илғор функцияларни бажаради.

Ўқинг: Инновацион Mate 10 Pro смартфони олган илк суратлар эълон қилинди.

Тайваннинг DigiTimes нашрининг ёзишича, Хитойнинг Huawei корпорацияси Mate 10 флагманидан сўнг бозорга Mate 20 моделини туширади. Худди шу жараён смартфонларнинг "P" туркумида кузатилди: "10" дан сўнги компания "P 20" моделини тақдим қилган эди.

Экспертларнинг ёзишларича, Huawei Mate 20 моделининг дисплейига Qualcomm компаниясининг ультра товушли бармоқ изи сканери жорий қилинади. Қалинлиги 0,44 мм.ли мазкур таркибий қисм анъанавий бармоқ изи сканеридан 3 баробар қимматга тушади. Бироқ, энг муҳими -- уни дисплей остига жойлаштириш имкони мавжуд.

Ультра товушли бармоқ изи сканери Qualcomm томонидан ўтган йилнинг ёзида тақдим қилинган эди. Тизим 800-микронли шиша остида ҳам ишлайди.

Инсайдерларнинг қайд этишларича, америкалик чипмейкер бўлмиш Qualcomm ушбу модулни шу йилнинг ёзидан бошлаб ишлаб чиқаради. Хитойлик Huawei Mate 20 смартфони эса мазкур илғор сканерга эга жаҳоннинг илк мобил алоқа қурилмаси бўлади.

Шу билан бирга, ультра товушли бармоқ изи сканери бармоқ изини юқори даражадаги аниқликда текширувдан ўтказади. Ҳатто бармоқ изи кир ёки ҳўл бўлган тақдирда ҳам бу сканер муаммосиз ишлайди. Бу сканерни ҳаттоки сув остида ҳам ишлатиш мумкин. Экран ости бармоқ изи сканери технологияси эвазига Huawei Mate 20 модели бозорда Samsung Galaxy S9, Xiaomi Mi 7, iPhone X ва бошқа рақиб телефонларни доғда қолдиради.

Эслатиб ўтамиз, 27 март куни Европада P20 моделининг тақдимоти кутилмоқда. Huawei P20 модели 3 та модулли бош фотокамераси билан ўзига хос бўлади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!