Huawei Mate 40 намойиш қилинди – нарх ва хусусиятлари

  •   DiMaX
  •  2573
  •  23.10.2020 10:55

Huawei Mate 40 намойиш қилинди – нарх ва хусусиятлари

АҚШ томонидан қўлланаётган санкциялар ва тақиқларга қарамасдан, Huawei компанияси Mate 40 туркумидаги флагман смартфонларини тақдим этди. Улар билан танишувни базавий – Huawei Mate 40 моделидан бошлаймиз.

ЎҚИНГ: Атиги 6 долларлик телефонлардан «Huawei смартфонлари» ясаб, 25 доллардан сотган жиноий гуруҳ ушланди

Янги туркумнинг учта вакили дизайнига кўра ўзаро ўхшаш; улардан Huawei Mate 40 модели 6,5 дюймлик OLED-дисплейга эга. Унда кадр янгиланиш частотаси худди Mate 40 Pro ҳамда Mate 40 Pro+ флагманларидаги каби 90 герцлик, лекин тасвир аниқлиги уларникидан пастроқ – 2376х1080 пикселлик. Шунингдек, дисплейнинг икки ёни ҳам Pro-версиялардаги сингари 88 даражада эмас, балки 68 даражада қайрилган.

Базавий флагманнинг дактилоскопи экранга жойланган, корпуси IP53 стандартига кўра ҳимояланган (катта моделларда – IP68).

Huawei Mate 40 смартфонида саккиз ядроли Kirin 9000E процессори қўлланган; унинг таркибига 22 ядроли график тезлатгич ва бир ядроли NPU – нейропроцессор ҳам киради. Таққослаш учун: Pro-версияларнинг «электрон юраги» бўлган Kirin 9000 чипсети 24 ядроли график чип ва қўш ядроли нейропроцессорга эга. Mate 40 тезкор хотираси 8 гигабайтлик, доимийси эса 128 гигабайтлик ҳажмда.

Стандарт флагманда 4200 мА/соатлик аккумулятор қўлланган ва у 40 ваттлик тезкор қувватлана олади; симсиз зарядлаш технологияси эса бу моделда қўлланмаган. Google сервислари йўқ, лекин смартфон EMUI 11 график қобиғи остидаги Android 10 бошқаруви остида ишлайди. Huawei Mate 40 қўшалоқ стереодинамика, NFC модули ва Bluetooth 5.2 интерфейси билан таъминланган.

Huawei бу смартфонини 13 мегапикселлик якка датчикли олд камера билан жиҳозлаган. Бош камераси худди Mate 40 Pro ҳамда 40 Pro+ моделларидаги сингари доира шаклидаги блокка олинган ва учта модулдан иборат. Асосий датчиги 50 мегапикселлик (апертураси f/1.9); иккинчи – кенг бурчакли камера 16 мегапикселлик (f/2.2) бўлса, телеобъектив аниқлиги 8 мегапикселлик (f/2.4). Мазкур флагман бош камераси 3 карралик оптик зумга эга.

Хитойлик техногигант Huawei Mate 40 моделини 899 еврога баҳолаган, лекин сотувга чиқиш санасини ҳозирча айтмаган. Уни уч хил – Mystic Silver, White, Black, Leather Yellow ҳамда Leather Green рангли корпусларда ишлаб чиқаришади.

ЎҚИНГ: HarmonyOS 2.0 прошивкасини олувчи Huawei ва Honor смартфонлари, планшет ва смарт-соатлари рўйхати чиқди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!