Huawei Mate Xs 2 букламафони тақдим этилди

Huawei Mate Xs 2 букламафони тақдим этилди

Huawei букланувчи смартфонлар рақобатини давом эттирмоқда. Компания кеча Мате Xs 2 букламафонини тақдим этди. Ушбу модель 2020 йилги Mate Xs'нинг янги авлоди ҳисобланади. Янги моделнинг дизайни бироз ўзгарган, шунингдек, унинг техник кўрсаткичлари ҳам яхшиланган. 

Букланмаган ҳолатда OLED дисплейининг ҳажми 7.8 дюймни ташкил қилади. Дисплей 120 гертсда ишлайди, у 2480 Х 2200 пиксел резолюция сифатига эга. Қурилма букланганда дисплей ҳажми 6.5 дюймга кичраяди. Резолюция эса 2480 х 1176  пикселни ташкил қилади. Экраннинг юқори ўнг томонида 10МП селфи камера жойлашган. 

Форма фактор жиҳатидан смартфон катта бўлишига қарамай, унинг оғирлиги 255 граммни ташкил қилади. Ушбу кўрсаткич Mate Xs'да 300 гармм эди. 

Mate Xs 2 моделининг чидамлилигини ошириш ҳамда экран ўртасидаги чизиқни яшириш учун компания нозик икки роторли букланувчи механизми ишлаб чиқди. 

Шунингдек, янги тўрт қаватли полимер қоплам дисплейнинг мустаҳкамлигини ҳам оширади. Mate Xs 2 букламафони Huawei'нинг M-Pen 2s стилусини қўллаб-қувватлайди, шунинг учун планшет ўлчамли ушбу смартфонда эслатмаларни қайд этиб бориш мумкин.

Худди Mate X ва Mate Xs моделлари каби Xs 2'га ҳам 50МП асосий камера, 13МП ультракенг камера ҳамда 3х оптик ва 30х рақамли зумни қўллаб-қувватловчи 8МП телефото камера ўрнатилган. 

Қурилма Snapdragon 888 4G чипи билан жиҳозланган бўлиб, у 8/128ГБ тезкор ҳамда 512ГБ гача бўлган доимий хотирага эга. Смартфондаги 4,880 мАс сиғимли аккумулятор эса 66 ваттда қувват олади. 

HarmonyOS 2 операцион тизимида ишловчи ушбу букламафон сиёҳранг, оқ ва қора рангларда тақдим этилди. Унинг нархи қуйидагича: 

8/256ГБ - 1512 доллар

12/512ГБ - 1966 доллар 

Смартфон Хитойда 6 май санасидан сотувга чиқади. 

Mate Xs 2 билан бир қаторда Huawei буджет синфига мансуб бўлган MatePad SE планшетини тақдим этди. Ушбу қурилма 1920 х 1200 пиксел резолюциядаги 10.1 дюймли IPS LCD дисплейи ҳамда Kirin 710A чипи билан жиҳозланган. HarmonyOS 2 операцион тизимида ишловчи смартфонга 2МП селфи ва 5МП асосий камера ўрнатилган. 

Қурилма 10 ваттда қувват олувчи 5,100 мАс сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган. Қурилма фақат тўқ кўк рангда тақдим этилди. Унинг нархи 226 доллардан бошланади. SIM-карта билан ишловчи 4/128ГБ хотирага эга бўлган версиянинг нархи эса 257 долларни ташкил қилади. 

ЎҚИНГ: Oppo K10 Pro ва K10 5G смартфонлари тақдим этилди 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!