Huawei Mediapad 7 Lite планшети тавсифи: 7 дюймли ҳамёнбоп кўмакчи

Huawei Mediapad 7 Lite планшети тавсифи: 7 дюймли ҳамёнбоп кўмакчи

Планшетлардан кўпчилик телефонга қўшимча сифатида фойдаланади. У орқали китоб мутолаа қилиш, сериаллар томоша қилиш ёки ўйин ўйнаш мумкин. Умуман олганда, унинг ёрдамида кўпгина вазифаларни бажарса бўлади. Шу боисдан унча катта бўлмаган, айниқса 7 дюймли планшетларга бўлган талаб ўсмоқда.

Ана шундай оммабоп ўртача катталикдаги Huawei MediaPad 7 Lite планшети, мана етти йилдирки, фойдаланувчилар эътирофига сазовор бўлмоқда. Алюмин корпус, IPS-матрица, иккита камера, хотира картаси бўлмачаси, 3G тармоғини қўллаб-қувватлаши ва Android Ice Cream Sandwich унинг муваффақиятини таъминлаётгани шубҳасиз.

Техник жиҳатлари

  • Операцион тизим: Android Ice Cream Sandwich 4.0.3
  • Процессор: 1,2 ГГц, Cortex-A8
  • Хотира: 1 ГБ тезкор ва 8 ГБ доимий (фойдаланувчи учун 6 ГБ), 32 ГБгача сиғимдаги microSD картаси учун бўлмача
  • Камера: 3.2 МП асосий, 0,3 МП олд
  • Экран: 7 дюйм, IPS, 1024х600 пикселли
  • Симсиз алоқа: 3G, Wi-Fi 802.11 b/g/n, Bluetooth 3.0, GPS
  • Чиқиш туйнуклари: қулоқчин учун 3,5 мм, microUSB
  • Қўшимча: акселерометр, ёруғлик сенсори, компас
  • Видео форматлари: AVI, WMV, MP4, MKV, RM, RMVB, FLV, MOV, 3GP, сониясига 30 та кадр
  • Аудио форматлар: MP3, WMA, WAV, APE, FLAC, AAC, OGG
  • Аккумулятор: литий-полимерли, 4100 мА*с
  • Ҳажмлари: 193 х 120 х 11 мм, вазни 370 г.

Ташқи кўриниши

Кичик планшет қиёфасининг бошқа қурилмадан нусха олингани яққол кўриниб туради. Хитойлар аввалроқ тақдим этган HTC Flyer планшети қиёфасини деярли ўзгартирмаган ҳолда бошқа ном билан янги қурилмани тақдим этган.

Одатда арзон ускуналар тўлиқ пластикдан сифатсиз йиғилган бўлади. Бу ҳолатда эса барчаси яхши ўйланган, планшет сифатли тайёрланган. Ундаги алюминий корпус қимматроқ маҳсулотларни ёдга солади.

Планшет унчалик катта бўлмагани сабабли уни бир қўлда ушлаш мумкин, бироқ уни бошқаришда иккинчи қўл ёрдами зарур. Ахир бу ихчам смартфон эмаску. Қурилмани ёнда олиб юриш қулай: кўпчилик либослар, ҳатто жинси шимларининг чўнтагига яхши жойлашади.

Олд панел мустаҳкам пластик билан қопланган. Экран диагонали 7 дюйм, IPS-дисплей сиғими 1024х600 пикселни ташкил этади. Сенсор сезувчан, планшетдан фойдаланиш қулай.

Камчилик сифатида бундай ускуналар учун хос бўлган тез кирланишни айтиш мумкин. Ромларнинг кенглигига келсак, бу ҳам одатий ҳолат. Ромлар жуда юпқа бўлса, планшетни ушлаб турган қўл бармоқлари ҳам экранга босилиб, ишлашга халал бериши мумкин.

Планшетда кўчада қуёш нурлари остида фойдаланиш қийинроқ.

Камера олд панел бурчакларидан биридан ўрин олган.

Пастки қисмида эса 3,5 мм лик аудио чиқиши ва microUSB туйнуги мавжуд.

Ён томонида эса экранни қулфлаш ва товушни бошқариш тугмачалари жойлаштирилган. Уларнинг остида эса microSD ва стандарт, яъни катта ҳажмли SIM-карта бўлмачалари мавжуд. Карталар учун бўлмачалар пластик қопқоқчалар билан ёпилади.

Корпуснинг орқаси ва ён томонлари ёрқин кулрангдаги пластина билан ёпилади. Материал чиройли ва пишиқ, у тез кир бўлмайди.

Орқа панелнинг юқори ва пастки қисми оқ жилосиз пластик улама билан тўсилган. Юқоридан камера объективи ва карнай панжараси жой олган бўлса, пастки қисми бўш.

Ишлаш тезлиги

Планшетга Android 4.0.3 ўрнатилган бўлиб, тезкор хотираси 1 ГБ, доимий хотираси эса 8 ГБни ташкил этади. Доимий хотиранинг 2 ГБ қисми операцион тизим, қолгани – 6 ГБ фойдаланувчи эҳтиёжлари учун қўлланилади. Бу ерда хотира картаси учун бўлмача кўзда тутилган бўлиб, фойдаланувчилар 32 ГБгача бўлган карта билан хотира ҳажмини умумий 40 ГБга етказишлари мумкин.

Қурилманинг ишлаш тезлиги унчалик ҳам юқори эмас. У ўз синфида юқори натижаларни қайд эта олмади. Масалан, Samsung Galaxу Tab 2 7.0 яхшироқ натижаларни қайд этса, Google Nexus 7 планшети янада кучлироқ «двигатель»га эга. Бироқ бу борада унинг катта устунлиги – нархида. Муқобиллари тезроқ ёки сифатлироқ ишлаши мумкин, аммо улар учун кўпроқ харажат қилишга тўғри келади.

Дастурий таъминоти

Ушбу моделда стандарт Android Ice Cream Sandwich операцион тизими бирмунча такомилга етказилиб, қурилма қўшимча фойдали функцияларга эга бўлган. Планшетни блокдан чиқармасдан камерани ишга тушириш, хабарлар ёки қўнғироқлар менюсини кўзда кечириш мумкин.

Сўнгра бешта иш столидан иборат меню очилади. Бу ерда барчаси стандарт кўринишга эга. Виджетлар, зарур ёрлиқлар ва папкалар учун ҳам жой етарли. Баъзиларга дисплей остидаги ичига “Орқага”, “Асосий” ва “Қайтиш” тугмачалари ҳамда бошқа индикаторлар жойлаштирилган қора фонга ёқмаслиги мумкин. Бу айрим иловалардан фойдаланишда ноқулайлик ҳам туғдиради.Эндиликда уни осонликча яшириш ва ортга қайтариш мумкин. қолган жиҳатларга келсак, барчаси яхши ишлаб чиқилган, фойдали мобил иловалар билан бойитилган.

Жумладан, планшетга Kingsoft Office идора дастурлари, видеороликлар томоша қилиш учун YouTube, Google-қурилма учун стандарт дастурлар жамламаси ва бошқалар ўрин олган.

Камера

Мазкур моделга иккита - 3,2 МПлик асосий ва 0,3 МПлик олд камера жойлаштирилган. Кўриниб турибдики, олд камера видеоалоқа учун мўлжалланган ва олд панел устки қисмида марказда эмас, балки чап бурчакда. 

Асосий камерада туширилган фотосуратлар сифати унчалик ҳам ёмон эмас - ўртача. Бироқ сифатлироқ фотосуратлар олиш учун яхши ёритилган жой танланиши лозим. Ҳарҳолда ўртача нархли планшетлардан бундай ортиқ сифатни кутиб бўлмайди.

Шунингдек, камерада автофокус мавжуд эмас. Кўп ҳолларда оқ ранг мувозанати тўғри ишламайди, бироқ фотосуратлар туширилган жойларни аниқлаш функцияси мавжуд. Умуман олганда, оддий фотохаваскорлар учун етарли, бироқ уни одатий фототехникалар билан таққослаб бўлмайди.

Медиа

Планшетда мусиқа эшитиш учун стандарт илова мавжуд. Товуш бир дона карнай орқали таралади, бироқ баландлиги бино ичида тинглаш учун етарли даражада юқори. Видеороликлар масаласига келсак, ундаги ички иловалар ёрдамида 1080р сифатдаги видеоларни томоша қилиш мумкин.

Планшет қуввати тўсатдан тугаб қолган смартфон ўрнини тўлиқ эгаллаши ёки унга қўшимча бўлиши мумкин. 3G-модул шарофати билан Huawei Mediapad 7 Lite планшетида қўнғироқларни амалга ошириш, хабарлар жўнатиш мумкин. Бироқ шуни унутмаслик керакки, суҳбат чоғида гаджетни қулоққа тутиб гаплашиб бўлмайди, чунки унинг суҳбат карнайи йўқ. Шу сабабли унга қулоқчин улаш керак бўлади.

Маълумотларни одатдагидек Bluetooth ёки Wi-Fi орқали симсиз улашиш мумкин, шунингдек қурилмада ўзидан интернет тарқатиш (уланиш нуқтаси) имкониятига ҳам эга.

Хулоса

Huawei унча қиммат бўлмаган нархда ихчам ва кўп функцияли планшетни таклиф этмоқда. Янада самарадор процессорга эга бўлишни истардик. Лекин бу нархнинг ошишига сабаб бўлади. Шунга қарамасдан, чўнтакбоп нархга IPS-экранли, сифатли алюмин корпусли ва 3G модулига эга ихчам планшет таклиф қилинмоқда. Тўғри, бу модель самарадорлик жиҳатидан ўзидан қиммат моделлардан ортда қолади. Лекин, мантиқан ўйлаб қаралса, ҳамма нарсага бир вақтнинг ўзида эга бўлиш учун нимадандир воз кечиш керак. Мазкур маҳсулот ортиқча пул сарфламайдиганлар учун ақлли харид бўлади.​

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!