Huawei нечта P9 ва P9 Plus сотилганини айтди

Huawei нечта P9 ва P9 Plus сотилганини айтди

Huawei компанияси ўтган давр мобайнида неча дона P9 ҳамда P9 Plus флагман смартфонларидан сотганини маълум қилди. Бу рақам билан жамоатчиликни Huawei компанияси вице-президенти ва Истеъмолчилар билан ишлаш бўлинмаси раҳбари Ю Чэндун хабардор қилган.

2016 йилнинг апрел ойида тақдим қилинган Huawei P9 ҳамда P9 Plus мобил алоқа воситалари бугунга қадар 12 млн дона сотилган. 2016 йилнинг декабр ойи ҳолатида эса бу кўрсаткич 10 млн донани ташкил қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Huawei P9 ва P9 Plus компаниянинг қадимги немис бренди бўлган Leica фирмаси билан ҳамкорликда тайёрланган илк қўш-камерали “байроқдор” смартфонидир.

Гаджетлар 8 ядроли 2,5 ГГц частотат тезлигида ишлайдиган HiSilicon Kirin 955 процессори, 8 мегапикселли олд камера, Android 6.0’нинг EMUI 4.1 талқини, Full HD дисплей билан таъминланган. Моделларнинг фарқи — Huawei P9 5.2 дюйм экран, 3 ГБ тезкор хотира ва 3000 мА соат электр токи сиғимига эга аккумулятор билан таъминланган бўлса, P9 Plus 5.5 дюймли экран, 4 ГБ тезкор хотира ҳамда 3400 мА соат электр токи сиғимига эга аккумуляторга эга.

Huawei расмий дўконида P9 модели 520, P9 Plus — 877 АҚШ долларидан сотилмоқда. 2017 йилнинг 7 март ҳолатида, «Малика» савдо марказида Huawei P9 Plus 3,3 миллион сўмдан сотилмоқда. Huawe жаҳонда смартфон ишлаб чиқариш бўйича Apple ва Samsung’дан кейин 3-ўринда турибди.

Huawei P9 модели хусусида батафсил тавсифда ўқинг.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!