Huawei Nova 4e (ёки Huawei P30 Lite) тақдим этилди – «уч кўзли» селфифон!

  •   DiMaX
  •  1390
  •  14.03.2019 18:28

Huawei Nova 4e (ёки Huawei P30 Lite) тақдим этилди – «уч кўзли» селфифон!

Бугун – 2019 йилнинг 14 март куни Пекинда хитойлик техногигант ўзининг янги маҳсулотлари намойишини ўтказди. Тадбирнинг бош қаҳрамони эса Huawei Nova 4e смартфони бўлди. Ушбу қурилма Хитойдан ташқаридаги бозорларга Huawei P30 Lite модели сифатида чиқарилади.

ЎҚИНГ: Huawei P30 смартфонларининг илк расмий видеосини томоша қиламиз!

Янги смартфон корпусининг ҳар икки томони шишадан ишланган, ўлчами 152,9х72,7х7,4 миллиметрга тенг, вазни эса 159 грамм келади. Томчисимон «кемтик»ли экрани диагоналига 6,15 дюймлик бўлиб, тасвир аниқлиги 2312х1080 пикселлик. Мазкур дисплей TÜV Rheinland сертификатига эга, яъни, у худди Samsung Galaxy S10 экрани каби, кўк рангни кам миқдорда тарата олади.

Huawei Nova 4e моделининг «электрон юраги» – Kirin 710, бу эса флагман процессор эмас. Смартфоннинг тезкор хотираси 4-6 ГБ, доимий хотираси эса фақат 128 ГБлик вариантда. Унга 512 гигабайтгача ҳажмли microSD форматли хотира картаси қўйса бўлади. Операцион тизим сифатида Android 9.0 Pie танланган – у EMUI 9 график қобиғи остида ишлайди. Хитойлик техногигант ушбу телефонига ўзининг GPU Turbo 2.0 технологиясини ҳам татбиқ этган.

Мазкур қурилмани селфифон дейиш мумкин – олд камерасида нақ 32 мегапикселлик оптик сенсор қўлланган. Бош камераси эса уч модулли: 24, 8 ва 2 мегапикселлик датчиклар. Улардан биринчиси – асосий сенсор, иккинчиси кенг бурчакли объектив билан боғланган, учинчиси эса тасвирга олиш саҳналарининг чуқурлигини таҳлил қилишга мосланган. Орқа қопқоқдан, шунингдек, бармоқ изи сканери ҳам ўрин олган.

ЎҚИНГ: Huawei P Smart 2019 қандай смартфон: таҳлил ва тавсиф

Конфигурациясига келсак, Huawei Nova 4e моделининг 3340 мА/соатлик аккумулятори 18 ваттлик қувват билан зарядлана олади. Смартфон иккита SIM-карта уячасига, LTE модемига, GPS + ГЛОНАСС, Wi-Fi 802.11ac ҳамда Bluetooth 4.2 адаптерларига эга. Корпусда замонавий USB-C портига ва қулоқчинлар учун стандарт аудиотирқишга ҳам жой ажратилган.

Хитойда ушбу смартфон учун олдиндан буюртма олиш бугуноқ бошланган, етказиб бериш эса 21 мартга белгиланган. Нархига келсак, 4/128 гигабайтлиги 297 доллар, 6/128 гигабайтлиги эса 342 долларга баҳоланган. Уни қора, оқ ва градиент кўк тусли корпусларда таклиф этишмоқда.

Мазкур смартфоннинг жаҳон бозори учун Huawei P30 Lite сифатидаги тақдимоти 26 март куни Парижда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Компаниянинг аллақачон глобал савдога чиқарилган айрим русумлардаги телефонларини эса 825 000 сўмдан бошланувчи нархлар эвазига Terashop.uz интернет-дўконимиздан онлайн усулда сотиб олиш имкони мавжуд. Хусусан, шу кунларда мазкур интернет-дўкондан харид қилсангиз, «Баҳор кайфияти» акцияси доирасида ютуққа ҳам эга бўлишингиз мумкин!

ЎҚИНГ: Huawei смартфонларининг Terashop.uz’даги нархлари (2019 йил 28 февраль) – акцияси ҳам бор!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!