Huawei ўзининг янги ноутбукларини тақдим этди

Huawei ўзининг янги ноутбукларини тақдим этди

Халқаро MWC тадбирида Huawei компанияси Windows 11 операцион тизимида ишлайдиган Matebook X Pro 2022 ҳамда Matebook E ноутбукларини намойиш этди. 

Matebook X Pro 2022 флагман даражадаги ноутбук бўлиб, у жуда ҳам қулай дизайнда яратилган. Matebook E бўлса тўлиқ Windows 11 операцион тизимида ишлайдиган ихчам ноутбук ҳисобланади. 

Matebook X Pro 2022 

Ушбу модель 90Hz янгиланиш частотасида ишловчи 14.2 дюймли IPS LCD сенсорли дисплей билан жиҳозланган бўлиб, унинг резолюцияси 3120х2080 пикселни ташкил қилади. Huawei'нинг таъкидлашича, бу ноутбукларга ўрнатилган энг яхши дисплейлардан бири. Дисплейнинг ёрқинлиги 500 нитни ташкил қилади. Экраннинг юқори ромлари 6 мм қалинликда бўлиб, унда wэб-камера жойлашган. 

Ноутбук корпуси металдан ишланган бўлиб, унинг оғирлиги 1.38 килограммни ташкил қилади. Олтита динамикка эга бўлган қурилманинг қалинлиги 15.5 мм. 

Қурилмага 11-авлод Intel Rocket Lake процессори ҳамда Iris Xe график процессори ўрнатилган. Унинг 16ГБ LPDDR4X тезкор ҳамда 1ТБ гача бўлган SSD доимий хотираси мавжуд. 

Совутиш тизими учта ҳаво кириш жойи, иккита паррак ва VC иссиқлик тарқалиш модулидан иборат. Ноутбукда тўртта USB-C порти (иккита USB 3.2) ҳамда 3.5 мм аудио жек порти мавжуд. Ноутбук 90 ваттлик USB-C портли қувватлагич билан зарядланади. 

Matebook X Pro 2022 ноутбукининг нархи 1899 евродан бошланади. 

Matebook E 

Агар ўта ингичка ноутбукларни ёқтирсангиз, Matebook E ноутбуки сиз учун айни муддао. Ушбу модель Windows 11 операцион тизимида ишловчи планшет бўлиб, махсус клавиатурали ғилоф орқали уни ноутбукка айлантириш мумкин. 

Ушбу ноутбук 2560х1600 пиксел резолюциядаги 12.6 дюймли OLED дисплейи билан жиҳозланган. Шунингдек, унга 8МП селфи ҳамда 13МП асосий камера ўрнатилган. Қурилма 7.9 мм қалинликда бўлиб, унинг оғирлиги 709 граммни ташкил қилади. Гаджетнинг ромлари магний қотишмадан ишланган, орқа панель эса шиша билан қопланган. 

Matebook E модели 11-авлод Intel Core i5 ёки i7 процессори ҳамда Iris Xe график картасига эга. Унга 8/16ГБ LPDDR4X тезкор ҳамда 256/512ГБ доимий SSD хотираси ўрнатилган. Қурилмада битта USB-C ва 3.5 мм аудио жек портлари мавжуд. У Wi-Fi 6 ва Bluetooth 5.1 симсиз боғланишларини қўллаб-қувватлайди. 

Ноутбук 42 ватт/соат сиғими аккумуляторга эга бўлиб, уни 65 ваттда қувватлаш мумкин. Қурилма тўртта динамикка эга ҳамда иккинчи авлод Huawei M-Pencil стилусини қўллаб-қувватлайди. 

Matebook E ноутбукининг нархи қуйидагича: 

Intel Core i3, 8/128ГБ - 649 евро

Intel Core i5, 8/256ГБ - 999 евро 

Агар харидорлар 16/512ГБ хотира турини танлашда, компания уни Smart Magnetic Keyboard клавиатураси билан бирга сотади. Уларнинг нархи қуйидагича: 

Core i5 - 1199 евро

Core i7 - 1399 евро 

ЎҚИНГ: Galaxy Book2 Pro ва Book2 Pro 360 ноутбуклари тақдим этилди 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!