Huawei P Smart 2019 қандай смартфон: таҳлил ва тавсиф

Huawei P Smart 2019 қандай смартфон: таҳлил ва тавсиф

Ўтган йил ёзида Huawei компанияси арзон P Smart смартфонини тақдим этди. Ажойиб техник жиҳатлари ва унча қиммат бўлмаган нархи мутаносиблиги шарофати билан у фойдаланувчилар ўртасида қисқа вақтларда оммалашди. Йил сўнгида эса Хитой ишлаб чиқарувчиси унинг кейинги авлодини намойиш этди. Huawei P Smart 2019 смартфони аввалги модел муваффақиятларини такрорлай оладими?

Huawei P Smart 2019 – аввалги P Smart моделидан дизайни, янада замонавий кўриниши ва бир қатор жиҳатлари билан ажралиб туради. Қуйида мазкур смартфонга оид барча қизиқарли ва фойдали маълумотларни тақдим этамиз.

Техник жиҳатлари

  • Платформа: Android 9 (EMUI 9.0.1)
  • Процессор: HiSilicon Kirin 710 (4 ядроли Cortex-A73 - 2,2 ГГц ва 4 ядроли Cortex-A53  1,7 ГГц гача, GPU — Mali-G51 MP4)
  • Тезкор хотира: 3 ГБ
  • Доимий ички хотира: 32 ГБ
  • Хотирани кенгайтириш бўлмачаси: microSD/HC/XC (512 ГБ гач)
  • Дисплей: 6.21 дюйм, 2340х1080 пиксел (FullHD+), LTPS LCD, томонлар мутаносиблиги 19:9
  • Интерфейслар: Wi-Fi a/b/g/n/ac DualBand, Bluetooth 4.2 (A2DP, BLE, HWA, aptX/aptX HD), NFC
  • Орқа фото-модуль: 13МП + 2 МП, f/1.8 диафрагма, фокус масофаси 27 мм
  • Олд камера — 13 МП, f/2.0 диафрагма, фокус масофаси 24 мм
  • Тармоқ: 2G: 850/900/1800/1900 МГц 3G: B1/B8 МГц 4G CAT 6: B1/B3/B7/B8/B20 Иккита SIM-карта
  • Навигация: GPS/AGPS/ГЛОНАСС/BeiDou
  • Аккумулятор: олинмайдиган, Li-Pol 3400 мАс, Huawei 5В/2А, 100 қувват учун 2,5 соат
  • Ранг: қора, кўк
  • Ўлчамлари: 155.2 x 73.4 x 7.95 мм, 160 грамм
  • Корпус материали: шиша, пластик

Дизайн ва эргономика

Huawei P Smart 2019 аввалги Huawei P Smart моделига нисбатан бутунлай бошқача кўринади – ромлари анча ингичка, юқорисида томчисимон қирқим мавжуд, орқа томони эса (ён томонлари билан бир бутунлик ҳосил қилган) ойнасимон пластик билан тўлиқ қопланган.

Модел икки хил рангда - қора (Midnight Black) ва компанияга хос «феруза-бинафшаранг» (Aurora Blue) тақдим этилган. Қора талқини қатъий, бироқ анъанавий кўринса, кўк ранглиси қизиқарлироқдек, бироқ унинг ёрқинлиги ҳаммага ҳам ёқмаслиги мумкин.

Олд панелининг пастки қисмидаги компания логотипи олиб ташланган, бу ерда фақатгина олд камера объективи ва унинг устида билинар-билинмас ингичка сўзлашув карнайини кўриш мумкин. Ён томонда ёқиш ва товуш баландлигини ўзгартириш учун механик тугмачалар мавжуд. Чап ён томон ҳар қандай элементдан ҳоли - SIM-карта бўлмачаси юқорида жойлашган.

Остки қисмида microUSB туйнуги, суҳбатлашиш микрофони ва мультимедия карнайи мавжуд.

Huawei P Smart ҳажми одатдагидек – 155.2 x 73.4 x 7.95 мм, вазни эса 160 грамм – олтин ўрталик. Ромларининг энсизлиги ҳисобига янада ихчамроқ кўринади, қўлга яхши жойлашади, бироқ ойнали корпусга эга ҳар қандай смартфонда бўлгани каби бир оз силлиқ – ҳимоя ғилофини олиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Асосий камералар орқа корпуснинг четидалиги боис бармоқ изи сканери юқорироққа жойлаштирилган ва смартфон эгаси уни осон топа олади.

Экран

Huawei P Smart 2019 смартфони 6,2 дюйм диагоналли IPS экранига эга бўлиб, ҳажм жиҳатдан аввалги моделдан ярим дюймга каттароқ. Томонлар мутаносиблиги 19,5:9, пикселлар сиғими - 1080х2340 (пикселлар зичлиги – бир дюймга 416 пиксел), бу жуда юқори кўрсаткич ҳисобланади, унинг матрицаси TFT-LCD IPS технологияси асосида ишлаб чиқилган; экран олд панелнинг тахминан 82,8 фоизини эгаллайди.

Юқорида айтилганидек, экранда томчисимон қирқим бўлиб, созламалар орқали экраннинг юқори қисмини қора чизиқ билан «бекитиш» мумкин. Дисплей созламаларини икки хил – «оддий» ва «бойитилган» режимларга ўтказса бўлади.

Энг юқори ёруғлик 330 кд/м² бўлиб, кўчада бир оз хиралашади, бироқ маълумоларни бемалол фарқласа бўлади. Энг кам ёруғлик даражаси эса 1,4 кд/м², яъни қоп-қоронғу муҳитда смартфондан кўзни зўриқтирмасдан фойдаланиш мумкин.

Умуман олганда, экран яхши таассурот қолдиради – бундай сифатдаги тасвирларни қимматроқ ускуналарда кўриш мумкин.

Процессор ва самарадорлик

Huawei P Smart 2019 смартфонида Kirin 710 (4 ядроли Cortex-A73 - 2,2 ГГц ва 4 ядроли Cortex-A53  1,7 ГГц гача, GPU — Mali-G51 MP4) процессори қўлланилган. Самарадорлик бўйича у Qualcomm Snapdragon 636/660 билан тенглаша олади. Kirin 710 ҳар қандай кундалик вазифалар учун етиб-ортади, интерфейс муаммосиз ва тез ишлайди. Antutu Benchmark тестида смартфоннинг қарийб 130 000 балл олганининг ўзи ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Тезкор хотираси 3 ГБ, доимий хотира эса 32 ГБ бўлиб, 512 ГБ гача ҳажмли microSD хотира картасини ўрнатиш мумкин (иккинчи nanoSIM ўрнига жойлаштирилади).

Wi-Fi 802.11 b/g/n, Bluetooth 4.2 симсиз интерфейсларига қўшимча равишда, aptX HD ни ҳам қўллаб-қувватлайди. Аввалги P Smart моделидаги каби NFC мавжуд бўлиб, Android Pay ёки банкларнинг мобил иловалари ёрдамида алоқасиз тўловлар учун смартфондан фойдаланиш мумкин.

Ускунанинг мультимедия имкониятлари ўртача, яъни ушбу нарх диапазони учун унчалик ҳам қониқарли эмас, дея баҳоланмоқда. Битта чақириқ (кириш қўнғироқлари учун) карнайи бўлиб,  унинг товуш баландлиги ва сифати қониқарли.

Дастурий платформа

Huawei P Smart 2019 EMUI 9.0.1. прошивкали Android 9 ОД бошқаруви остида ишлайди. Кўринишидан у саккизинчи талқиндан унчалик фарқ қилмади, бироқ дастурчилар навигацияни соддалаштиришга ҳаракат қилган: жумладан, интерфейс элементлари 10 фоизга камайган. Шунингдек, ўз дизайни, қулай қидирув ва энергияни тежаш бўйича фойдали фунциялари билан ҳам ажралиб туради.

Камералар

Аввалги моделда бўлгани каби, Huawei P Smart 2019 ҳам иккита олд камера (13 Мп + 2 Мп) ва 8 Мп сенсорли олд камерага эга бўлди. Асосий камеранинг иккинчи модули портретларни тасвирга олинда орқа фонни хиралаштириш вазифасини бажаради.

Тасвирлар сифати ушбу нарх диапазони учун тўла мос келади: кундуз кунлари анча яхши, бино ичида ва тунда – унчалик яхши эмас. Апертуранинг f1.8 экани ушбу синфга мансуб смартфонлар учун жуда яхши кўрсаткич.

Ускуна ёрдамида FullHD 60 FPS сифатда видеога олиш мумкин, ҳатто тунда ҳам кадрлар сони камаймайди.

Автономлик (қувват)

Смартфоннинг олинмайдиган аккумулятори сиғими 3400 мАс. Бу қувват билан 8 соат видео томоша қилиш, 6 соат ўйин ўйнаш мумкин.

Смартфон комплектида 5В/2А қувватлаш ускунаси бўлиб, унинг ёрдамида 2 соату 35 дақиқада аккумулятор тўлдирилади.

Энг яқин рақобатчиси: Redmi Note 7. У ташқи кўринишдан ҳам, техник жиҳатлари билан ҳам Huawei P Smart 2019 билан жуда ўхшаш.

Хулоса: Замонавий дизайн, томчисимон қирқимли экран, Kirin 710 чипи, NFC – P Smart сафидаги янги модел нархига қараганда жуда мақбул смартфон.

Хулоса

7.8балл

Нисбатан арзон нархга замонавий, сифатли ва тезкор смартфон олишни хоҳловчилар учун ажойиб танлов: дизайн, процессор ва энг илғор технологияларни ўзида мужассам этган смартфон.

Дизайн

Платформа

Дисплей

Камера

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz 1 859 000 сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Ажойиб дизайни
  • сифатли экран
  • кучли процессор
  • тезкор хотира
  • Android 9; NFC интерфейси

 Камчилиги

  • камера
  • microUSB
Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.