Huawei P10 lite халқаро бозорда сотувга чиқарилди

Huawei P10 lite халқаро бозорда сотувга чиқарилди

Huawei компанияси Буюк Британияда Huawei P10 lite смартфонини намойиш қилди. Бу 2017 йилнинг феврал ойида тақдим қилинган Huawei P10 ҳамда Huawei P10 Plus флагманларининг “ҳамёнбоп” талқинидир. Lite туркумининг Huawei P10 ҳамда P10 Plus’дан бош фарқи – қўш объективли камераларнинг йўқлиги. Унинг 12 мегапикселли бош ва 8 МП олд модули ҳам “акалари”никидан фарқли равишда Leica фирмасига тегишли эмас.

Иккинчи муҳим фарқи – процессор. Саккиз ядроли HiSilicon Kirin 685 процессор самарадорликда юқори талқинга ўрнатилган Kirin 960’дан сал-пал орқада. Шунингдек, Huawei P10 Lite орқа панели шиша бўлса, Huawei P10 ва P10 Plus’ники металлдан тайёрланган. Huawei P10 Lite’нинг экран диагонали Huawei P10’га қараганда 0,1 дюймга каттароқ.

Смартфон металл рамкалар билан ўралган шиша панелга эга. Huawei P10 Lite 5,2 дюймли сиғими Full HD (1920 х 1080 пикселли) бўлган дисплей, бармоқ излари сканери билан таъминланган. Смартфоннинг аппарат таъминоти учун частота тезлиги 2,1 ГГц бўлган 8 ядроли HiSilicon Kirin 658 процессори масъул, шунингдек график-тасвир Mali T830-MP2 видеокартаси томонидан қайта ишланади. Смартфонда 4 ГБ оператив ҳамда 32 ГБ доимий хотира ўрнатилган. microSD бўлмачасига қўшимча хотира флешкасини ўрнатса ҳам бўлади.

Huawei P10 lite’нинг аккумулятор сиғими 3000 мА соат ва уни тезкор тизим орқали қувватлаш мумкин. Смартфон Android 7.0 Nougat’нинг ўзлаштирилган Emotion UI (EMUI) 5.1 тизимида ишлайди. Девайс алоқанинг 4G LTE, Wi-Fi (802.11ac), Bluetooth 4.1 GPS ва NFC тармоқларини қўллаб-қувватлайди. Унинг корпусида USB Type-C универсал порти ҳам мавжуд. Huawei P10 lite ўлчамлари: 146,5 x 72 x 7,2 мм, вазни — 142 грамм.

Huawei P10 Lite Европада 19 мартдан 369 АҚШ доллари баҳосида сотувга чиқди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.