Huawei P20 Lite смартфони тавсифи: флагманларга муносиб рақиб

Huawei P20 Lite смартфони тавсифи: флагманларга муносиб рақиб

Ўтган йилнинг ёзида Huawei P20 Pro смартфони фойдаланувчиларнинг қизғин муҳокамалари, эътирофларига сазовор бўлди. Бироқ айнан у тақдим этилган вақтда яна бир смартфон — Huawei P20 Lite тақдимоти ҳам ўтказилган эди. Айтиш жоизки, бу модел ўзининг қизиқарли техник жиҳатлари ўрта даражадан юқори экани ва камтарона нархи билан эътибор қозона олди.

Техник жиҳатлари

  • Модель: Huawei P20 Lite (ANE-LX1)
  • Платформа: Android 8.0, EMUI 8
  • Процессор: SoC HiSilicon Kirin 659, 8 ядер Cortex-A53 (4@2,36 ГГц + 4@1,7 ГГц)
  • График чип: GPU Mali-T830 (MP2)
  • Тезкор хотира (RAM): 3/4 ГБ
  • Доимий ички хотира: 32/64 ГБ
  • Хотирани кенгайтириш бўлмачаси: MicroSD (256 ГБгача)
  • SIM-карта: 2 дона (Nano-SIM)
  • Дисплей: IPS 5,84″, 2280×1080, 432 ppi
  • Интерфейслар: LTE, Wi-Fi, Bluetooth, NFC, GPS, A-GPS, Глонасс, BeiDou
  • Датчиклар: ташқи ёруғлик датчиги, компас/магнитометр, гироскоп, оралиқ-масофа датчиги, бармоқ изи сенсори ва қадамлар датчиги
  • Орқа камера: 16 + 2 Мп, f/2,2, автофокус, фокус масофаси – 26 мм, видео 1080p
  • Селфи-камера: 16 MP, f/2.0, фокус масофаси 27 мм, автофокус йўқ
  • Аккумулятор: Li-Pol 3000 мАс
  • Ранг: қора, кўк
  • Ўлчамлари: 149×71×7,4 мм
  • Вазни: 145

Дизайни

Смартфон катта «акаси» Huawei P20 моделига қарийб ўхшаш жозибадор дизайнли шиша корпусга эга бўлди.

Орқа шиша ойнасифат қатламга эга бўлиб, унда ўз аксингизни кўришингиз мумкин. Ташқи томондан ҳеч қандай эътирозлар уйғотмаслиги аниқ: ускуна унчалик катта эмас, ўз нархига нисбатан қимматроқ кўринади ҳам.

Ён томонлари шиша эмас, улар жилосиз металдан тайёрланган, бир оз дағалроқ ва бармоқлардан сирғалиб кетмайди. Уни ҳимоя жилдисиз ҳам олиб юриш мумкин.

Асосий камералар модули орқа чап томонга жойлаштирилган, улар остидаги чақноқ етарлича ёруғлик тарата олади. Бармоқ изи сканери марказда, у бир оз ботиқроқ ва пайпаслаб топишга осон. Сканернинг ишлашига эътирозлар йўқ, смартфон эгаси пухталик билан аниқлайди.

Олд панел тўлиқ ҳимоя шишаси билан қопланган. Қўшимчасига, ҳар икки томон ҳам олиофоб қопламага эга бўлиб, бармоқ изи ва доғлар қолдирмайди. Экраннинг юқорисида селфи учун камера, карнайча, ўтказиб юборилган хабар ёки қўнғироқлар индикатори ҳамда оралиқ-масофа ва ёруғлик датчиклари учун «қошча» қолдирилган бўлиб, унинг икки ёнида тармоқлар, қувват ва бошқа кўрсаткичлар учун етарлича жой топилади.

Экраннинг қуйи қисмидаги бўш жойни эса Huawei логотипи эгаллаган. Айтиш жоизки, экран тепаси ва пастидаги бўш жойлар ҳажми турлича. Ушбу кўриниш билан ускуна Apple iPhone X ёки ASUS Zenfone 5 смартфонларига ўхшаш.

Ён томондаги тугмачалар бир-бирига яқин жойлаштирилган. Тугмачалар етарлича йирик, енгил босилади ва аниқ ишлайди, бу борада ҳеч қандай эътирозларга ўрин йўқ.

Сим-карталар учун бўлмача – гибрид, бу ерга хотира картасини жойлаштириш учун Nano-SIM форматидаги икки SIM-картадан биридан воз кечиш керак бўлади.

Устки қисми шовқинни камайтириш тизими фаолияти учун мўлжалланган иккинчи микрофон тирқишчасини ҳисобга олмаганда бўш.

Пастки қисмда эса USB Type-C ва қулоқчинлар учун 3,5 миллиметрли аудио чиқиш туйнуги мавжуд. Улар қаторидан карнай панжараси ва асосий микрофон учун туйнукча ҳам ўрин олган.

Huawei P20 Lite қора ва кўк ранглардан ишлаб чиқарилади. Смартфон чанг ва намликдан ҳимоя технологиясига эга эмас.

P20 смартфони қўлда ёқимли таассурот қолдиради, унинг ён томонлари ғадир-будурроқ металдан тайёрланган. Умуман олганда, Huawei муҳандислари қурилманинг ташқи кўринишини қимматроқ моделларга ўхшатишга ҳаракат қилишган бунинг уддасидан чиқишган – смартфон корпуси сифатли, қўлга яхши жойлашади ва ундан фойдаланиш ёқимли.

Смартфон ҳажми унчалик катта эмас - 148x71х7.4 мм. Шу боис P20 Lite смартфони қўлга яхши жойлашади, у ҳатто нам қўлдан ҳам сирпаниб тушиб кетмайди.

Дисплей

P20 Lite смартфони 2.5D-шишали IPS дисплей билан таъминланган. Экран конструкцияси P20 Pro ва P20 моделлари каби: тепа қисми бир оз туртиб чиққан, чап ва ўнг қирралари доирасимон қайрилган. Huawei P20 Lite дисплейи диагонали 5,84 дюймни ташкил этади, FullHD+ (2280х1080 пиксел) сиғимли, ҳар бир дюймда 432 пиксел жойлаштирилган, томонлар мутаносиблиги – 19:9. Дисплей матрицаси LTPS TFT технологияси бўйича тайёрланган бўлиб, мазкур технология экранларнинг юқори самарадорлик ва кам энергия сарфлашига хизмат қилади.

Экраннинг ёруғлик даражаси 420 кд/м2. Бу ўз нарх тоифасига кўра жуда яхши кўрсаткич ҳисобланади. Ташқи ёруғлик датчиги маълумотлари асосида ишловчи экран ёруғлигини автомат созлаш функциясидан фойдаланиш мумкин. Мултитач тести натижалари бир вақтнинг ўзида ўнта бармоқни «ўқиши»ни кўрсатди.

Huawei P20 Lite смартфони экрани бир оз ёрқинроқ. Ташқи шиша ва суюқ кристалли матрица ўртасида ҳаволи бўшлиқ йўқ (экран тури OGS — One Glass Solution). Бундай турдаги экранлар ёруғ жойлар, масалан қуёш нури остида яхшироқ кўрсатади, бироқ ташқи шишага шикаст етган тақдирда уни таъмирлаш нисбатан қимматга тушади. Чунки дисплейни тўлиқ алмаштиришга тўғри келади.

Автономлик

Huawei P20 Lite смартфони 3000 мАс ҳажмга эга литий-полимерли ички батарея билан таъминланган. Бу кўрсаткич ҳозирги кундаги кўпгина мобил ускуналар учун хос. Тўлиқ қувватлантирилган смартфон ўртача 17-20 соат «яшайди». Экран ёқилган ҳолатда 3G/4G тармоғидан фаол фойдаланганда 4 соатга вақт «бардош бера олади». Интернетга Wi-Fi орқали кирилганида эса, узлуксиз 5 соат хизмат қилади.

Смартфонга компания ўрнатган иловада видео кўрилганда (1080p) 7 соат, ўйинлар ўйналганда 5 соат (Marvell – «Чемпионлар жанги»), YouTube орқали 1080p сиғимли видеороликлар кўрилганда эса аккумулятор 6 соатдан сўнг ўчади.

Huawei компаниясининг маълум қилишича, P20 Lite тезкор қувватлаш технологияси билан таъминланган. 30 дақиқада 30 фоиз қувват олса, 100 фоиз учун эса 1 соату 40 дақиқа сарфланади.

Коммуникацион имкониятлари

Huawei компаниясининг мазкур маҳсулоти nano форматидаги иккита сим-карта билан ишлайди. Ҳар иккиси ҳам 4G технологиясини «танийди». Сим-карталар бўлмачаси комбинациялашган – ё иккита сим-картадан фойдаланиш керак ёки бирининг ўрнига microSD хотира картаси қўйилиши керак бўлади.

Қайд этиш жоизки, P20 Lite частоталар агрегацияси технологиясига эга бўлиб, созламалар менюсида уни ёқиш ёки ўчириш мумкин. Бу технология асосан Huawei ва Samsung смартфонларида қўлланилган ва частота диапазонларини бирлаштириш йўли билан 4G алоқаси сифатини оширишга хизмат қилади. Унинг яна бир қулайлиги шундаки, яқин-атрофда 4G тармоғи бўлмаганда автомат равишда 3G`га ўтилади.

Смартфонда алоқасиз тўловларни амалга оширувчи NFC чипи ҳам мавжуд.

Шунингдек, 2.5/5 ГГц диапазонда ишловчи Wi-Fi, сониясига 353 Кбит маълумот узата олувчи aptX протоколли ҳамда 576 Кбит/с ли aptX HD протоколли Bluetooth 4.0 ўрнатилган.

Навигация масаласига келсак, Huawei P20 Lite смартфонига GPS/ГЛОНАС/BeiDuo ўрнатилган. Сезувчанлик даражаси ўртача – бир вақтда 16 та сунъий йўлдош сигналларини тута олади. Жойлашган ерни аниқлаш даражаси эса ўртачадан юқорироқ – 4 метргача аниқликда. Сигналларни барқарор ушлаб туради.

Камералар

Смартфон танлашда улардаги камера сифати муҳим аҳамият касб этганлиги учун ишлаб чиқарувчилар расмга ва видеога олиш соҳасида янги ва янги технологиялар ишлаб чиқаришга эътибор қаратмоқда.

P20 Pro модели уч камерали биринчи ноёб ускуна ҳисобланади. P20 да эса фақат иккита камера қолдиришган. Lite талқинида ҳам улар иккита, лекин нисбатан содда ва оптик барқарорлаштирувчига эга эмас.

Асосий модуллар иккита – 16 МП (f/2.2, пиксел ўлчами 1.12 мкм) ва 2 МП. Қўшимча модул учун маълумот унчалик муҳим эмас, чунки у ёнларни ҳосил қилиш ролини бажаради. Эслатиб ўтиш керакки, ускунанинг аввалги талқинларида иккинчи асосий камера оқ-қора бўлиб, динамик диапазонни орттиради.

Сизни шубҳасиз ажаблантирадигани шуки, кундузи нормал ёруғлик шароитида P20 Lite P20 Pro ва P20 га нисбатан яхши расмга олади.

Табиийки, динамик диапазон ва расмларнинг тиниқлиги жиҳатидан флагман ускуналар олдинда. Рангларни узатиш ҳар хил - ҳар доим ҳам P20 Lite фойдасига эмас.

Олд камера оддий (8 МП, диафрагма f/2.0), сифати ўртача, лекин нархига нисбатан ижтимоий тармоқлар учун анчагина яхши селфи (автопортрет) олишга хизмат қилади.

Ускуна 30 к/с (АВC, 17 Мбит/с) максимал сиғимдаги FullHD видеога олади. Овоз стерео (ААC, 192 Кбит/с, 48 кГс). Ўхшаш ускуналар билан солиштирилганда видео сифати ортда қолади (деталлар, фокус тезлиги ўртача).

Селфи видеоларини ҳам FullHD ҳолатида сақланади.

Ускуна интерфейси Huawei компанияси ускуналари билан бутунлай ўхшаш: юқорида – чақноқ, диафрагма билан ишлаш, портрет режими, «жонли» суратлар, камерани ўзгартириш. Чапдан ўнгга свайп қилганда – қўшимча режимлар: профессионал фото ва видео, АР-тўлдирилган реаллик (P20 Pro`да бу хусусият йўқ), HDR, тунги тасвир, панорама, секинлаштириш (640х480 пиксел, 60 к/с га секинлаштириш) ва бошқа унчалик катта аҳамиятга эга бўлмаган фильтрлар.

Профессионал фото режимида қуйидаги параметрларни танлаш мумкин: ISO (50-3200), тўхтатиб туриш (8 – 1/4000 сония), фокус, экспозиция. Профессионал видео режимида эса: қотириш, экспозиция, фокуслаш, оқ ранг мувозанати имкониятлари бор.

Хотира, чипсет ва ишлаш самарадорлиги

Huawei майдалашиб ўтирмади ва P20 Lite`га 4 ГБ (LPDDR3 933 МГц) тезкор хотира жойлаштирди. Унинг тезлиги қарийб 5000 МБ/с – юқори тезлик! Одатда бу каби қурилмалар тезлиги 3500 – 4500 атрофида бўлади. Ички доимий хотира ҳажми ҳам ёмон эмас – 63 ГБ. Ўқиш тезлиги 174 МБ/с, ёзиш тезлиги 112 МБ/с. Мазкур қурилма яхшигина ўқийди, аммо ўртача ёзади. Смартфон 256 ГБ гача ҳажмли microSD хотира картасини қўллаб-қувватлайди.

Процессор сифатида Huawei ўзининг Kirin 659 чипсетини танлади. У анча олдин – 2016 йилда ишлаб чиқарилган. Саккиз ядроли процессор турли частотали иккита ARM Cortex-A53 кластеридан таркиб топган. График тезлаткич сифатида ARM Mali-T830 MP3 танланган. Honor 7X, Honor 9 lite, Nova 2/2 Plus/2i ва P Smart смартфонларида ҳам худди шу график тезлаткич қўлланилган.

Смартфон Android 8.0 (Oreo) операцион тизим талқинига асосланган MIUI 8.0 глобал прошивкага эга.

Таассуротлар

Huawei P20 Lite ўзининг имкониятлари билан рақобатчиларидан ҳеч ҳам ортда қолмайдиган ускуна. Қисқача айтганда эса, кейинги йиллардан ҳам арзон нархи ва юқори сифати билан бестселлер бўла олади.

Камчиликлари: Катта ҳажмли ўйинларни ўйнашда процессорнинг ишлаш самарадорлиги бир оз паст.

Қолган барча кўрсаткичлар мақтовга арзигулик:

  • ёқимли дизайн
  • қолдирилган хабарлар индикатори
  • ёрқин ва тиниқ экран
  • Оператив хотира
  • NFC (тўлов жараёнлари учун айни муддао)
  • ишлаш вақтининг узунлиги
  • Type-C чиқиш туйнуги
  • юқори сифатли камералар
  • икки диапазонли Wi-Fi
  • aptX ва aptX HD протоколли Bluetooth​

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 2 050 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.