Huawei P20 Pro: "Малика"даги уч кўзли “даҳшат"!

Huawei P20 Pro:

Қадоқда бирга тақдим қилинадиган воситалар:

Тармоқли адаптер;

USB-кабел;

Чехол;

3.5 мм.ли туйнуги учун USB Type-C переходниги;

USB Type-C портига эга аудио гарнитура.

Кириш

Айни пайтда жаҳоннинг энг яхши камерофони ҳисобланган жамоатчилик эътиборига Франция "юраги" бўлмиш Парижда шу йилнинг 27 мартида тақдим қилинди. Huawei компанияси мазкур тадбирига жаҳоннинг турли мамлакатларидан 2000 дан зиёд журналистларни таклиф қилди. Гран-Пале муҳташам кўргазмалар саройидаги тантана шукуҳи хитойлик IT-гигантнинг жаҳон жамоатчилик вакилларига муҳим совғаси борлигидан дарак бериб турар эди.

Huawei Consumer Business Group раҳбари Ричард Юнинг ўзи тадбирга бош-қош бўлди. Янгилик билан барчани шахсан унинг ўзи таништирди. Унинг сўзларидан янги смартфон дизайн ҳамда камера борасида тенгсиз экани англанди. Айниқса, камера технологияси тақдимотнинг муҳим қисмини банд қилди.

Ричард Ю тақдимот чоғида Huawei P20 Pro олган фотосуратларни рақиблар олган суратлар билан таққослади. Тақдимотдан сўнг журналистлар мустақил равишда сурат олиш ишларида иштирок этдилар. Чиндан ҳам янги гаджет рақибларни уялтирди.

Айниқса, Huawei P20 модели Apple iPhone X камерасини "ер тишлатиши" шу ернинг ўзида маълум бўлди.

Смартфоннинг қолган жиҳатлари кутилган эди ҳамда йилнинг бошқа флагманлари каби анъанавий жиҳатлар эди. Хусусан, P20 Pro корпуси IP67 стандарти бўйича ҳимояланган, бу девайс 4000 мА соат сиғимдор аккумуляторга ҳамда йирик OLED-дисплейга эга бўлган.

Нарх масаласи эса кейинги ҳайратланарли жиҳат бўлди, дейиш мумкин. Чуқурроқ нафас олишга тўғри келди. Бу гал инсоф Хитойдан эмас, Америкадан кўрингандай бўлди. Huawei P20 Pro моделининг энг арзони учун 950 АҚШ доллари миқдорида нарх белгилангани эълон қилинди! Бу девайс Хитой смартфон бозорининг нарх борасида энг кулминацион нуқталаридан бири бўлди.

Кўпчиликда бир савол: Huawei ўз флагманини шу нархда сотадиган бўлса, қолганлардан нима кутиш керак? Бироқ кўп ўтмасдан компаниянинг виждони уйғонди чоғи, смартфон жаҳон бозорига 850 доллардан бошлаб сотувга чиқди. Енгил нафас олиш мумкин :)

Субъектив қарайдиган бўлсак, P20 Pro смартфони биринчи галда сурат сифатига жиддий қарайдиганлар учун мос келади. Унда шунчаки яхши кадр эмас, ҳар қандай шароитда жуда ҳам яхши кадр олиш мумкин: ёрқин ва ранглaрга бой суратлар. Қуйида унинг имкониятлари билан яқиндан танишамиз.

 Дизайн, ўлчамлари, бошқарув элементлари

Бу йилги смартфонларнинг ҳашамдорлигида шишадан унумли фойдаланишмоқда. Ҳатто тақлид қилишни хуш кўрмайдиган Apple ҳам iPhone X моделини, Samsung эса Galaxy S9, Sony бўлса Xperia XZ2, Xiaomi компанияси Mi MIX 2S флагманларини шишадор қилиб ишлаган бир вақтда, майдонга Huawei томонидан "P20 Pro" номли биллур жангчи туширилди. Бу ёмон ечим эмас, яхши ёндашув ҳам эмас. Амалий жиҳатдан қулайликлари бўлса ҳам, шиша корпуснинг салобати бўлса ҳам, шиша барибир мўрт.

Бироқ, яхши томони бор: рақиблар Gorilla шишасининг тўртинчи авлоди билан ўралган бўлса, қаҳрамонимизга бешинчи авлод пишиқ зирҳ кийдирилган. Қайсидир жиҳатдан бу ҳам маркетинг сиёсати. Мисол учун, авваллари металл корпуслар ўртасида ҳам шундай маркетинг жангги кетар эди – алюминийнинг "6000" серияси ёки "7000" серияси. Яъни, маркетингдаги туганмас жанг.

Бошқа ишлаб чиқарувчилар каби Huawei смартфоннинг ўзига хос талқинини қора ёки кумуш рангда эмас, 2018 йилнинг бинафша ранг йили эканини ҳисобга олиб, Ultra Violet (ёрқин кўкдан бинафша рангга тусланувчи) талқинини ишлаб чиқарди. Унинг кўриниши жозибадор ҳамда ноодатий.

Айни пайтда P20 Pro кўк ва хира қора (ғира-шира оқшом) талқинларда сотилмоқда. Ундан сўнг сора талқин ҳам сотувга чиқарилади.

P20 Pro ромлари анъанага кўра ялтироқ металлдан тайёрланган. Деярли барча, мисол учун iPhone X, флагманлар ана шундай дизайнда тайёрланган. Гаджетнинг бурчаклари нишабдор ҳамда олд панелга 2.5D шаклидаги бир оз қайрилма ҳимоя ва безак шишаси ётқизилган. Орқа панел эса қайрилган ва ён томонга қапишган услубда ишланган.

Huawei P20 Pro дизайни мисолида айтиш мумкинки, компания ҳозирча ташқи кўриниш масаласида бирор бир ўзига хос ечимни ёки кўринишни илгари сурмаган, бор тажрибадан унумли фойдаланган. Бу албатта фойдаланувчи фойдасига.

Huawei P20 Pro ўлчамлари қуйидагича – 155x73х7.8 мм, вазни 180 грамм. Бу ҳам бугунги кунги смартфонларга хос анъанавий жиҳатлар.

Смартфон бўйи энига нисбатан кўнгилдагидек бўлса ҳам, корпус қалинлиги рақибларникидан 3-4 мм каттароқ. Мисол учун, компаниянинг ўз ижодига мансуб Huawei P10 моделининг корпус қалинлиги 6.98 мм. Бу тафовутни бугунги фаол кафтлар яхши ҳис қилади.

Ўлчамлар масаласида Huawei P20 Pro моделини жуда ҳам камситишга ҳожат йўқ. 

 

Шу билан бирга, шишанинг яхши ва ёмон томонлари ҳам бор. Шишада бармоқ излари, доғлар кўзгудагидай акс этади.

Доғ-дуғларни олмасликда Honor 9 корпуси илғор. Деярли бу масалада муаммо бўлмайди. P20 ва P20 Pro моделларини ишлаб чиқаришда ҳам Honor туркуми тажрибаси татбиқ қилинса, зўр бўлар эди.

Huawei P20 Pro олд панели олеофоб, яъни доғга қарши қопламага эга бўлган. Олд панелдаги излар сезиларли бўлса ҳам, улар осон артилади. Олд панел ҳам, орқа панел ҳам пишиқ ва осон қирилишлар, ранг учишлар кузатилмайди. Бу -- яхши жиҳат, албатта!

Алоҳида айтиш жоизки, Huawei P20 Pro флагмани корпуси IP67 стандарти бўйича ҳимоя қилинган. Бу жиҳатни ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Уни сувга ботириш шарт бўлмаса ҳам, ёмғир остида бемалол суҳбат қуриш мумкин.

Олд панел юқорисида машҳур "кесиқ" бор. Муҳандислар бу ҳудудга ўтказиб юборилган ҳодисалар индикатори, селфи учун камера, ёруғлик датчиги ҳамда оралиқ-масофа датчигини, думалоқ шаклдаги суҳбат динамигини ўрнатишган. Динамикдан овознинг таралиши аниқ ва баланд, суҳбатдошни бемалол эшитиш мумкин.

Huawei компанияси P20 Pro экрани учун чўзинчоқ бармоқ изи сканерини танлаган. Тўғрисини айтганда, бу бир оз баҳсли мавзу. Экспертларнинг фикрича, бундай шаклдаги сканер аниқликда адшиши мумкин. Мисол учун, 100 марта уринишдан 5 мартасида сканер бармоқ изини аниқлашда адашади. Шу билан бирга, сканер эгасининг қўли энди ҳўл бўлса ҳам смартфон қийналмасдан танийди. Қолаверса, дастйрик таъминотга асосланган қиёфа сканери ҳам бор (20 дан 150 см.гача бўлган масофагача тайнийди). Бу қиёфа iPhone X'даги қиёфа сканеридан ҳам яхши ишлайди.

Корпус остида микрофон, USB Type-C ҳамда баланд динамик мавжуд. Бу карнай стерео овоз узатади, Apple iPhone X, Samsung Galaxy S9 ҳамда бошқа флагманлар каби.

Қизил ҳошияли тугма эса смартфонни ўчириб-ёқишга хизмат қилади. Чўзинчоқ тугма эса овозни бошқаришга ёрдам беради. Ҳар иккаласи нафис металлдан тайёрланган.

Смартфон nano фоматдаги 2 та симкартани қўллаб-қувватлайди.

Юқори том қисмда эса ИҚ-узатгичи ҳамда микрофон бор.

Орқа панелда юқоридан қуйига қараб назар соламиз:

Уч карра яқинлаштириш функциясига эга камера объективи;

Лазерли фокуслаш тизими;

40 МП аниқлигидаги рангли камера объективи;

20 МП аниқлигидаги оқ-қора камера объективи.

Ягона модулга жам қилинган фоточақноқ ҳамда оқ тус меъёрини аниқлашга ёрдам берадиган махсус датчик.

Элементларнинг жойлашувига қараганда, муҳандислар аввалига учинчи камерани жойлаштиришни назарда тутмаган кўринади. Huawei тўсатдан Apple'ни доғда қолдиришни режа қилган: iPhone X камераси вертикал жойлашган.

Хулоса қиладиган бўлсак, P20 Pro яхши йиғилган ва ҳашамдор смартфон.

 

Дисплей

P20 Pro модели iPhone X учун чинакам дуэл бўлди. Ҳам экран усти ўйиғи, экран сифатига қаратилган эътибор ва шишадан тайёрланган орқа панелдан тортиб, камера модулларигача энг яхши ва оригинал ғояга асосланилган. Айниқса, дисплей сифати ҳам юқори. Бироқ iPhone X экрани айни пайтда жаҳонда энг пешқадамлардан бири.

Экран сифати борасида ҳам бу флагманлар бир-бирига жуда ўхшаш. iPhone X экрани 5.8 дюймли, яъни бир оз кичикроқ.  Унинг пикселлар сиғими ҳам каттароқ - 2436x1125 та белги сиғади. Samsung ишлаб чиқарган OLED панел ҳам Galaxy S9 моделидаги Quad HD экран билан беллаша олади.

Huawei P20 Pro — 6,1 дюймли, AMOLED матрицали ва Full HD+ (2240x1080) пикселли экранга эга бўлган. Бу борада у iPhone X билан бир хил. Экран ўта сифатли ва ёрқин. Қолаверса, экран юқорисидаги ўйиғи билан ҳам бу смартфон iPhone моделига тақлид қилган. Шу шартмиди?

Huawei P20 экрани 5,85 дюймли ва IPS матрицали. iPhone X экрани билан бир хил. IPS матрица бўлса ҳам, унинг тасвирни акс эттириши жуда сифатли экани кўриниб турибди.

iPhone X моделидан фарқланиб туриш учун Huawei бармоқ изи сканерини экран остига жойлаштирган. Apple флагманида ҳошиянинг йўқлиги, олд панелда тугманинг мавжуд эмаслиги компаниянинг ўзига бўлган ишончидан дарак беради.

Қолаверса, рақибидан фарқли равишда, P20 Pro'нинг экран созламаларида экран юқорисидаги кесиқни ёпиб қўядиган функция бор. Бундай кўринишда смартфон Samsung компаниясининг юпқа ромли флагманига ўхшаб қолади.

Фойдаланувчи нуқтаи назаридан оладиган бўлсак, iPhone X ва P20 Pro экранининг тасвир намойишидаги фарқ у қадар юқори эмас. Бироқ, iPhone X моделининг ҳар дюймида 458 та пиксел,  P20 Pro моделининг ҳар дюймида 408 та пиксел борлигини ҳисобга олсак, америкалик смартфон бу борада ҳам ғолиб келади. Яхшилаб қаралса, iPhone X намойиш қилаётган тасвир бир оз равшан.

 

Процессор ва самарадорлик

Huawei'нинг Kirin 970 процессори биринчи марта Mate 10 Pro моделида ўрнатилди. Бу чип имкониятлари ҳам фойдаланувчини мамнун қилади. Гарчи, флагман тезкор хотираси рақибиникидан 2 баробар катта, яъни 6 гигабайтли бўлса ҳам, iPhone X самарадорликда пешқадам.

Мисол учун, Antutu бенчмаркида P20 Pro 200 000 балл тўплаган бўлса, рақибининг натижаси 226,000 баллдан ошган.

AI технологиясини ишлаб чиқарувчи нейронли процессор (Neural Processing Unit, NPU) дейди. Kirin 970 процессорига ёрдамчи сифатида ўрнатилган 12 ядроли Мali G72 видео картаси ҳам жуда илғор.

Kirin 970 бўлиб, у тасвирга олиш чоғида "сунъий ақл" технологиясидан фойдаланади. Бенчмаркларда бу чип Qualcomm Snapdragon 845 каби юқори балл тўпламаган бўлса ҳам, аслида фойдаланувчи учун зарур самарадорликни таъминлайди.

Флагманда microSD бўлмачаси йўқ. Huawei 128 гигабайтли хотира талқинини тақдим қилган. Тезкор хотира эса 4 ёки 6 ГБ ҳажмида. Аслида 4 ГБ ва 8 ГБ тезкор хотира ўртасида бирор фарқни кўриш мумкин эмас. Бу ҳам маркетинг алдови.

128 ГБ доимий хотира учун UFS 2.1 стандартидаги (Samsung KLUDG4U1EA-B0C1, V-NAND Flash) хотира картаси танланган. Унинг ўтказувчанлиги қуйидагича: секундига 500 МБ ҳажмидаги маълумотни ўқиса, 190 МБ ҳажмидаги маълумотни ёзади. Ёмон эмас, бироқ рекорд ҳам эмас.

Аккумулятор

P20 Pro 4,000 мА соат сиғимли батареяга эга бўлган. Фаол фойдаланганда ҳам бу қувват билан иккинчи кунгаям етиб борса бўлади. Яъни, OLED экран ҳисобига бу смартфон янада узоғроқ ишлайди.

Бироқ, Huawei смартфони орқа панели шишадан тайёрланган бўлса ҳам симсиз қувват олиш функцияси билан таъминланган эмас.

Флагманлар орасида 4,000 мА соат сиғимли батареяга эга бўлгани кам.

Тўлиқ қувват:

- 3G тармоғида суҳбат қурганда – 25 соатга;

- 2G тармоғида суҳбат қурганда – 38 соатга;

- 4G тармоғида кутиш режимида – 420 соатга;

- видео томоша қилса – 22 соатгача;

- мусиқа тинглаганда – 90 соатгача;

- 4G тармоғида интернетдан фойдаланганда – 22 соатгача етади. Яъни, ундан кун давомида 18-20 соат фаол фойдаланиш мумкин. Натижа ёмон эмас!

Huawei P20 PRO аккумулятори 100% га тўлтшт учун 2 соат вақт керак бўлади.

Камера

Бош камераси 3 та модулдан иборат бўлган жаҳоннинг илк смартфони айни пайтда сайёрамизнинг биринчи рақамли камерафони. У ҳаттоки профессионал камералар билан беллаша олади.

Уларга эътибор қаратамиз:

16 Мп сиғимли сенсор стандарт режимларда суратга олади;

20 Мп сиғимли модул эса оқ-қора суратларни юқори аниқликда олади;

40 Мп сиғимли камера эса рангли ва катталашган фокусдаги суратлар олишга мўлжалланган.

Камера кўҳна ва тажрибали немис фирмаси бўлган Leica томонидан ишлаб чиқарилган ва фототехника саноатининг сўнгги ютуқлари билан жаҳонда илғор.

5 карралик зум технологияси

Смартфон камераси ёрдамида манзарани 5 карра яқинлаштириб суратга олиш бунга қадар кузатилмаган.

Қуйидаги сурат 5 карралик яқинлаштириш орқали олинган.

Huawei катта ўлчамли пиксели билан ҳам мақтанмоқда: Huawei P20 Pro пиксели Galaxy Note 8 ва iPhone X'никидан бир ярим баробар катта.

Ёруғлик тақсимловчи объектив f/1.6 стандартли — ёмон эмас, бироқ бу борада Samsung Galaxy S9 (f/1.5) илғор. Аммо 20 мегапикселли оқ-қора сенсор ҳисобига смартфон қоронғуда ҳам энг таассуротли суратларни олиши керак.

Ҳар учала сенсор олган суратлар автоматик равишда яхлит ҳолга келади ва кенг динамик диапазонга ва табиий рангга эга бўлган тасвирлар ҳосил бўлади.

Камера билан боғлиқ яна бир жиҳат — ISO даражаси. Huawei'нинг маълум қилишича, смартфон бу борада ҳам мутлоқ ғолиб. ISO даражаси максимум 51 200 (анъанавий ISO даражаси 6400 бўлар эди) ни ташкил қилади.

P20 моделининг P20 Pro'дан фарқи — 40 Мп аниқлигидаги камера модули йўқ. Яъни, унда фақат 2 карралик зум татбиқ қилинган. iPhone X, Samsung Galaxy Note 8 ва бошқалар каби.

Ҳар иккала смартфона супер slow-mo видео (960 к/с, HD) ёзади. Бу борада Samsung Galaxy S9 билан бир хил. Видео сиғими Full HD (Xperia XZ2 каби) бўлса, зўр бўларди.

PS: 40 мегапикселли камералар шу вақтга қадар Nokia PureView смартфонида ҳам бўлган.

Тунда Huawei P20 Pro моделида сурат олиш – мисоли мўъжиза! Ҳали бирор смартфон бундай яхши суратга ололмади. Илғор сенсорлар, оптика ҳамда кучли дастурий таъминот ўз сўзини айтади. P20 Pro сурат олишда Apple iPhone X ҳамда Samsung Galaxy S9 Plus каби "зўрлар"ни ҳам ортда қолдирди.

Унинг ижодига ўзингиз баҳо беринг.

Нарх-наво

Huawei P20 туркуми Хитойда 11 апрелдан бошлаб сотувга чиқарилди. Расмий манбаларнинг маълум қилишларича, компания савдо бошланганидан 10 сония ўтиб 15 миллион долларлик P20 ва P20 Pro смартфонларидан сотган. Бу фақатгина ички бозорнинг ўзида сотилган девайслар. Мазкур рақамлар янги моделларнинг халқаро бозордаги муваффақиятли савдосидан ҳам дарак бериб турибди.

Бугун, яъни 17 июнда ҳам яна бир хушхабар тарқалди: апрелдан бугунги кунга қадар жаҳон миқёсида 6 миллион дона Huawei P20 Pro сотилган. 2017 йилдаги P10 модели билан таққослаганда, флагман савдоси 81% га ошган.

Юртимизда ҳам бу флагман сотилмоқда. Унинг баҳоси деярли 1000 АҚШ доллари. Аниқроғи, 940 АҚШ доллари. Чуқур нафас олишга тўғри келади :)

Рақиблари

Huawei P20 Pro жаҳоннинг энг қиммат смартфонларидан бўлади. Pro-версиянинг энг катта рақиби — Samsung Galaxy S9+. Албатта, iPhone X ҳам яна бир жиддий рақиб.

Huawei P20 модели ҳам ёмон эмас. S9'дан арзон бўлган бу смартфон қўш камераси ва имкониятлари билан сизни хушнуд қилади.

Хулоса

Кўзимиз ўрганган ва орқасида 2 та камера сенсори мавжуд смартфонлар ўтмишда қолди. Хитойнинг етакчи IT-компанияси бош камерасида 3 та сенсор мавжуд жаҳондаги илк смартфонни тақдим қилди. Улардан бири 40 мегапиксел аниқлигидаги сурат олади ва 5 карралик гибрид яқинлаштириш технологиясини таклиф қилади. Ҳали бундай жиҳатга эга бирор муқобил смартфон мавжуд эмас.

Техник жиҳатлари

Операцион тизим: Android 8.1, EMUI 8.1;

Дисплей: 6.1 дюймли, FullHD (2240x1080) сиғимли, ҳар дюймда 408 ppi пиксел, ташқи ёруғлик асосида ёрқинликни автоматик бошқариш тизими, экран томонлари нисбати 18,7:9 (2,074:1) ўлчамли, OLED матрицали, экран ёруғлик миқдори 400 кд/м2, бир вақтда 10 тагача зарбни сезади;

Чипсет: HiSilicon Kirin 970, 8 ядроли (4 та Cortex-A73 ядросининг частота интервали 2,36 ГГц + 4 та Cortex-A53 ядросининг частота тезлиги 1,8 ГГц), 64 битли, 10 нанометрли;

Ёрдамчи процессор: i7;

Видео карта: Mali-G72;

Хотира: 6 ГБ тезкор (LPDDR4 SDRAM) ҳамда 128 ГБ доимий (UFS 2.1);

Сим-карта: 2 тагача nanoSIM + радиомодул;

Аккумулятор: Li-Pol 4000 мА соат. Тўлиқ қувват:

- 3G тармоғида суҳбат қурганда – 25 соатга;

- 2G тармоғида суҳбат қурганда – 38 соатга;

- 4G тармоғида кутиш режимида – 420 соатга;

- видео томоша қилса – 22 соатгача;

- мусиқа тинглаганда – 90 соатгача;

- 4G тармоғида интернетдан фойдаланганда – 22 соатгача етади.

Бош камера: 8 МП (рангли, 3Х карралик оптик яқинлаштириш, оптик барқарорлаштириш, 83 мм, f/2.4), 40 МП (рангли, барқарорлаштириш йўқ, 27 мм, f/1.8, матрица ўлчами 1/1,7 дюймли), 20 МП (оқ-қора, барқарорлаштиргич йўқ, 27 мм, f/1.6);

Олд камера: 24 МП (барқарорлаштиргич йўқ, 26 мм, f/2.0); лазерли фокуслаш, рангли ҳароратни аниқлаш датчиги;

Модуллар: Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac (2.4/5 ГГц) 4х4 MIMO, Bluetooth® v4.2, USB Type-C 3.1, NFC, ИҚ-узаткич, GPS, ГЛОНАСС, BDS;

Бошқа сенсорлар: бармоқ изи сканери (олд панелда), қиёфани таниш функцияси,

тезлаштириш датчиги, электрон компас, гироскоп, оралиқ-масофа датчиги, ёруғлик датчиги;

Алоқа: LTE CAT 18/13 (1 - 9, 12, 17 - 20, 26, 28 радио тўлқинларида);

Ўлчамлари: 155x73х7.8 мм, вазни – 180 грамм.

Ўқинг: Миллионлар кутаётган Nokia 5.1 Plus умидни пучга чиқаради

Хулоса

Huawei P20 Pro жаҳоннинг энг қиммат смартфонларидан бўлади. Pro-версиянинг энг катта рақиби — Samsung Galaxy S9+. Албатта, iPhone X ҳам яна бир жиддий рақиб.

9балл

Бугун, яъни 17 июнда ҳам яна бир хушхабар тарқалди: апрелдан бугунги кунга қадар жаҳон миқёсида 6 миллион дона Huawei P20 Pro сотилган. 2017 йилдаги P10 модели билан таққослаганда, флагман савдоси 81% га ошган.

Экран

Камера

Процессор

Дизайн

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

 Афзаллиги

  • кучли камера
  • сифатли экран
  • ҳашамдор корпус
  • яхши хотира картаси
  • сиғимдор аккумулятор
  • корпус ранги ўзига хос

 Камчилиги

  • хотира борасида танлов йўқ
  • жуда қиммат