Huawei P30 ҳамда P30 Pro тақдим этилди: 10 карралик зум, тунда ҳам кундузгидек сурат!

  •   DiMaX
  •  5499
  •  27.03.2019 16:01

Huawei P30 ҳамда P30 Pro тақдим этилди: 10 карралик зум, тунда ҳам кундузгидек сурат!

Хитойлик техногигант 26 март куни Париж шаҳрида навбатдаги матбуот анжуманини ўтказди. Кутилганидек, унда компания Huawei P30 ва P30 Pro русумли флагман смартфонларини расман намойиш этди.

ЎҚИНГ: Huawei MediaPad T3 10 планшети тавсифи: иш ва кундалик ҳаёт учун муносиб танлов

Умумий жиҳатлар

Мазкур смартфонлар янгиланган дизайнга ва қойилмақом Leica камераларига эга. Айниқса, «катта»си – Huawei P30 Pro моделининг икки ёни қайрилган 6.47 дюймлик OLED-дисплейи кўзни ўйнатади. Тасвир аниқлиги 2340х1080 пикселлик экраннинг тепасида олд камера учун томчисимон «кемтик» бор, бармоқ изи сканери ҳам дисплейнинг ўзида.

Мазкур қурилма Huawei’нинг флагман процессори – Kirin 980 базасида ишлайди, компания уни илк бор Mate 20 Pro моделида қўллаган. Huawei P30 Pro флагмани 6 ва 8 гигабайтлик тезкор хотирали талқинларда чиқарилади. Унинг доимий хотираси эса 128 ва 256 (айрим ҳудудлар учун ҳатто 512) гигабайтлик версияларда бўляпти.

Қизиғи – Huawei’нинг ушбу моделларига ноодатий – янгича NM (Nano Memory) форматли хотира картаси тушади. Huawei P30 ҳамда P30 Pro корпусининг орқа панели шишадан ишланган бўлиб, гаджетлар IP68 стандартига кўра чанг ва сувдан ҳимояланган. Смартфонлар беш хил рангда тақдим этилган, орқа қопқоқнинг градиент туслари янада жилокор бўлиши учун уларда 9 қаватли бўёқ қопламаси қўлланган.

Стандарт Huawei P30 модели эса 6.1 дюймлик экранга эга. Унда ҳам селфи-камера дисплейнинг «кемтиги»га жойланган, дактилоскопик датчик ҳам экраннинг ўзида. Аммо Huawei P30 Pro моделидан фарқли равишда, унинг дисплейи чеккалари қайрилган эмас – бир текисда, фақат 2.5D эффекти мавжуд.

Huawei P30 моделининг тезкор хотираси 6 ва 8 гигабайтлик, ички хотираси эса 64/128/256 гигабайтлик вариантларда. Корпуси олти хил рангда, аммо унинг ҳимоя даражаси у қадар кучли эмас – IP53 стандартида. Шунингдек, қулоқчин учун 3.5 миллиметрлик аудиотирқиш ҳам фақат стандарт Huawei P30 флагманида мавжуд. Huawei P30 Pro эса инфрақизил портига ҳам эга.

Қоидаларсиз фото

Huawei компанияси ўзининг янги флагманларини айнан шундай шиор билан илгари сурмоқда. Бу бежиз эмас: Huawei P30 Pro орқа панелида нақ тўртта камера модули жойланган! Уларнинг асосийси 40 мегапикселлик сенсор бўлиб, ёруғлик фильтрларининг янгича – RYB (яшил ўрнига сариқ) схемасига эга; бу эса 40 фоизга кўпроқ нурни қамраб олиш имконини беради. Ушбу модул f/1.6 диафрагмали оптика билан ҳамкорликда зим-зиё тунда ҳам суратга ола билади! 20 мегапикселлик иккинчи модул f/2.2 диафрагмага ва 120 даражадан ортиқ кўриш бурчагига, шунингдек супермакро режимига эга. Камера жамланмасидаги ToF-камера кадрнинг чуқурлигини аниқлашга қаратилган. Лекин энг қизиғи – перископ принципидаги оптик тизимли 8 мегапикселлик (f/3.4, OIS) камерадир. У тасвирни 5 карралик яқинлаштиришни таъминлай олади, шунингдек, сифатни йўқотмасдан 10 карралик гибрид зумдан фойдаланиш ҳам мумкин.

Видео ёзиб олишда камеранинг турли модулларини қўлланади ва кейин улар орқали ҳар хил нуқтаи назардан олинган тасвирлар битта суратга жамланади. Смартфоннинг селфи-камераси эса 32 мегапикселлик датчикни ўз ичига олган.

Стандарт флагман – Huawei P30 эса «атиги» уч модулли бош камера билан жиҳозланган. Унинг асосий модули ҳам 40 мегапикселлик сенсор, унда ҳам RYB ранг схемаси ва оптик барқарорлаштириш тизими қўлланган, лекин оптикаси f/1.8 диафрагмали. 16 МПлик иккинчи датчиги кенг бурчакли бўлса, учинчи – 8 МПлик сенсор тасвирни уч карралик яқинлаштира олади. Huawei P30 камераси ҳам тунги режимни қўллаб-қувватлайди. Селфи-камерааси ҳам худди Huawei P30 Pro моделидаги каби 32 мегапикселлик.

Бир сўз билан айтганда, Huawei P30 Pro модели камераларни баҳоловчи DxOMark профессионал сервисида максимал даражада – 112 балл олиб, камерофонларнинг қиролига айланган.

Бошқа жиҳатлари ҳам зўр

Huawei P30 Pro флагмани 40 ваттлик қувват билан SuperCharge – ўта тезкор зарядлаш технологиясига эга. 4200 мА/соатлик аккумуляторнинг 70 фоизга тўлиши учун 30 дақиқа етарли! Шунингдек, 15 ваттлик технология бўйича симсиз қувват олади. Бундан ташқари, худди Mate 20 Pro ва Galaxy S10 моделларидаги каби, у ҳам бошқа гаджетларни симсиз қувватлай билади.

Стандарт Huawei P30 флагманининг батареяси бўлса 3650 мА/соатлик бўлиб, 22.5 ваттлик «оддий» тезкор қувватлаш технологиясига эга.

Ҳар иккала камерофон Android 9 Pie операцион тизим талқинига эга. Уларга ўрнатилган энг сўнгги – EMUI 9.1 график қобиғини Huawei дастурчилари яхшигина такомиллаштиришган. Флагманларда иловаларнинг ишга тушиши 52 фоизга, экран сенсорининг тегинишдан таъсирланиши эса нақ 69 фоизга тезлашган.

Нархи ҳам шунга яраша!

Huawei янги флагманларининг савдосини 5 апрелдан бошлайди, айрим мамлакатларда аллақачон олдиндан буюртма олмоқда. Баъзи ҳудудларда аввалдан буюртма расмийлаштирганларга Huawei Watch GT смарт-соати ҳам ҳадя этилади.

Huawei P30 флагмани ҳозирча фақат тезкор/ички хотираси 6/128 гигабайтлик талқинда, 800 евро нархида таклиф этилмоқда. Huawei P30 Pro нархларига келсак, 8/128 ГБлик версияси 1000 евро, 8/256 ГБлиги 1100 евро ва 8/512 ГБлиги 1250 еврога баҳоланмоқда.

Айтиш керакки, айрим Huawei смартфонларини 825 222 сўмдан бошланган нархларда Terashop.uz интернет-дўконимиздан сотиб олиш имкони бор.

ЎҚИНГ: Huawei Mate X’ни аллақачон Aliexpress’дан сотиб олиш мумкин, фақат нархи қўрққулик!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!