Huawei P9 lite – акасининг муносиб укаси

Huawei P9 lite – акасининг муносиб укаси

Маълумки, Хитойнинг Huawei компанияси ҳар йили баҳорда P туркумидаги ўзининг флагман моделларини тақдим этиб келади. Флагманлар, шубҳасиз, айни пайтда смартфон саноатидаги энг кучли техник хусусиятлар билан таъминланади. Шу боис бўлса керак, компания йилдан –йилга янада кўп миқдорда смартфонлар сотиб, жаҳон бозоридаги ўз мавқеини мустаҳкамлаб келмоқда. Шуниси эътиборлики, P туркумидаги  флагманларнинг lite (енгил, муаллиф) версиялари ҳам сўнгги йилларда кўплаб фойдаланувчиларнинг эътиборини жалб қилиб келмоқда. Буни уларнинг сотув миқдорига қараб билиш мумкин.

Ушбу тавсифда сиз билан 2016 йилнинг апрель ойида Huawei P9 флагмани билан деярли бир вақтда тақдим этилган P9 lite модели ҳақида гаплашамиз. Ушбу смартфондан бир неча кун давомида фойдаланиш натижасида олган тассуротларимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бизга қолса, моделнинг номидаги lite сўзини бирор бошқа сўз билан алмаштирган бўлардик. Чунки модель чиндан ҳам яхши хусусиятларга эга, нархи ҳам айни пайтда ҳамёнбоп! Демак, terabayt.uz’даги янги тавсифни бошлаймиз.

Параметр  Huawei P9 lite
Дизайн Металл корпус
Экран IPS LCD, 5,2″, 1920×1080, 424 ppi
Камералар 13 Мп (f/2.0, пиксель: 1,12 нм), олд камера – 8 Мп.
Чипсет Hisilicon Kirin 650 (4 ядроли 1,8 ГГц + 4-ядроли 2,0 ГГц)
Тармоқ GSM 850/900/1800/1900 МГц || UMTS 900/1900/2100 МГц || LTE 1, 3, 7, 8, 20
Хотира 2/16 ГБ + microSD
Аккумулятор 3000 мА/соат, Li-Pol
Бармоқ изи сканери Бор
Коммуникация интерфейслари Wi-Fi (a/b/g/n), Bluetooth 4.1 (A2DP, LE), NFC, 2 та SIM-карта
Габарит ва оғирлиги 46,8×72,6×7,5 мм, 147 гр.

Дизайн ва корпус

Huawei P9 lite дизайни унинг флагман акаси Huawei P9 услубида ишлаб чиқилган. Оғирлиги – 147 грамм, корпуснинг қалинлиги бор-йўғи 7,5 миллиметр. Қурилма қўлда жуда яхши жойлашади, фойдаланиш қулай.

Қурилманинг корпуси металлдан ишланган (орқа томондаги юқори қисмдан ташқари), олд панелда камера, сенсор ва динамик жойлашган. Тугмалар йўқ. Орқа панелда  эса бармоқ изи сканери кўзда тутилган. Моделдан бир ҳафта давомида фойдаланиш вақтида сканер бирор марта ҳам носоз ёки ноаниқ ишлаганига гувоҳ бўлмадик.

  

Қувват ва овоз баландлигини бошқариш тугмалари ўнг ён томондан, SIM-карта ва microSD слоти чап ён томондан ўрин олган. Карнайлар ва зарядлаш уяси корпуснинг остида, юқорида эса наушник слоти мавжуд.

Орқа корпусда асосий камера ва светодиодли чақноқ жойлашган.

Дисплей

Huawei P9 lite сифатли дисплей билан жиҳозланган, энг қизиғи унда бир дюйм майдонга ўрнатилган пикселлар сиғими (424 ppi) акаси Huawei P9 флагманига қараганда ортиқроқ (423 ppi). Дисплей IPS LCD матрицасидан тайёрланган, аниқлик формати – Full HD (инсон кўзи учун керагидан ортиқча аниқлик).

Дисплей аниқлиги автоматик созлаанишиш мумкин. Шу билан бирга, ранг ҳароратини созлаш имконияти ҳам кўзда тутилган.

Умуман олганда,  смартфонларга хос дисплей функцияларининг барчаcи мавжуд.

Интерфейс

Huawei P9 lite Android базасидаги EMUI 4.1 дастур интерфейсида ишлайди. Интерфейс ортиқча деталлардан холи, кўзга яхши кўринади, иконкалар тўртбурчак шаклда, симметрик тартибланган. Интерфейс дизайни ҳар томонлама яхши ишланган. Шу билан бирга, қўшимча мавзуларни қўллаш орқали уни ўзингизга мослашингиз ҳам мумкин.

Google иловалари бошқа Android  смартфонлардаги каби алоҳида папкада жойланган. Энг қизиғи, бизга берилган  Huawei P9 lite моделида аввалдан прошивкага ўрнатилган иловалар йўқ эди (баъзи инструментларни ҳисобга олмаганда) Бу, шубҳасиз, яхши янгилик. Чунки бошқа смартфон ишлаб чиқарувчилари бу борада одамда яхши таассурот қолдирмайди.

Яна бир яхши янгилик: телефон менюсида ўзбек тили ҳам мавжуд.

Камера

Худди  Р9 флагмани сингари Huawei P9 lite камерасида ҳам бир қатор режимлар мавжуд (профессиональ ва бошқалар). Асосий камеранинг аниқлиги -13 МП. Режимда менюсини ўнг свайп, созламалар менюсини чап свайп орқали чиқариш мумкин.

Албатта, модель флагманларга хос услубда суратга туширмайди, аммо расмларнинг сифати фойдаланувчиларни бутунлай қаноатлантира олишга қодир. Камера қоронғида кутилганидек суратга олмаслиги мумкин.

Секин ҳаракатли съёмка ва HDR режимлари ҳа кўзда тутилган. Айниқса, HDR режимдаги тасвирларнинг ёруғлиги яхши даражада.

Видео энг кўпи билан Full HD аниқлигида ёзилади. Шунингдек, камера табассумли юзларни аниқлаганда автоматик расмга олиш хусусиятига эга. РАсмга олиш вақтида ёрқинликни созлаш ва 9 та фильтрдан фойдаланиш мумкин.

Олд камеранинг аниқлиги – 8 МП, селфи учун етарли, ҳар ҳолда ҳозирги фойдаланувчилар талабидан келиб чиқадиган бўлсак. Энг қизиғи, селфиларга 10 сонияли овозларни ҳам қўшиш мумкин. Бу, айниқса, суҳбатдошга қизиқарли селфи юборганда асқотади.

Камерадан мисоллар:

Процессор ва хотира

Моделга компания томонидан махсус ишлаб чиқилган, бироқ ўртача, саккиз ядроли  Kirin 650 процессори ўрнатилган.  Умуман, бундай сегментдаги моделга флагманларга хос чипсетнинг жойланиши кутиш ҳам аслида ноўрин. Қурилма бир текисда ишлайди, 10 кун фойдаланиш давомида Terabayt.uz мухбирлари унинг ишида бирор камчилик сезишмади. Қурилма тегишларга яхши жавоб қартаради. Antutu бенчмаркида Huawei P9 lite самарадорлигига 52783 балл қўйилди. Бенчмарк хулосасига кўра моделда ўрта даражадаги ўйинларни ўйнаш мумкин, процессор мультитаскинг ва мураккаб иловалар ишини ҳам яхши қўллаб-қувватлайди.

Оператив хотира ҳажми – 2 ГБ. Бундай хотира сиғими кундалик амаллар учун етарли. Доимий хотира сиғими – 16 ГБ. Умуман олганда, қурилма ўрта сегментга мансуб смартфонлар учун зарур бўлган барча имкониятлар билан таъминланган. Қурилмада қўлқоп билан бошқариш функцияси ҳам мавжуд.

 

Аудио тиниқ янграйди. Бу бора смартфон яхши хусусиятларга эга. Наушниклар орқали ҳам сифтали оовздан баҳра олишингиз мумкин. Ўрта даражадаги смартфон учун бу қўшимча афзаллик.

Коммуникация имкониятлари

Huawei P9 lite иккита нано-SIM-карта ўрнатиш мумкин. Иккинчи слотга microSD-карта жойлаш имконияти мавжуд. Қурилма барча уяли алоқа стандартларини қўллаб-қувватлайди (GSM, WCDMA, LTE), алоқа борасида ҳам аппарат яхши таассурот қолдиради.

Гарчи алоқа сифатининг яхшилиги кўпроқ мобил операторга боғлиқ бўлса-да, қурилма ўзига юклатилган вазифани аъло даражада бажаради.

 

Энг қизиғи, аппарат интернет тезлигини ҳам ҳолат сатрида кўрсатиб туриши мумкин. Бу эса тармоқнинг реал тезлигини баҳолашга ёрдам беради.

Модель Wi-Fi, Bluetooth ва GPS модуллари билан жиҳозланган, шунингдек,  NFC-алоқа ҳам мавжуд.

Аккумулятор

Қурилма Li-Pol туркумидаги сиғими 3000 мА/соат бўлган батареядан қувватланади. Ўрта сегментдаги модель учун бундай сиғим ёмон кўрсаткич эмас. Графика, видео, интернет, камера ва бошқа зарурий функциялардан ўрта кўп фойдалансангиз, аппарат эрталабдан кечгача сизга хизмат қила олади. Шундай бўлса-да, барибир, батарея зарядини тежашга тўғри келади.

  

Моделдаги батарея созламалари менюсида 3 стандарт  қувват тежаш режими кўзда тутилган. Бундан ташқари, заряд ждуа кам қолганда фойдаланадиган максимал қувват тежаш режими ҳам мавжуд. Батарея созламаларида қувват сарфини оптималлаштириш мумкин.

 

Хулоса

Huawei P9 lite ўрта сегментга мансуб смартфон бўлишига қарамай, бир қатор илғор функциялар билан таъминланган. Ҳозирги пайтда ҳамёнбоп ўрта даражадаги смартфонлар бозорида энг оптимал ечим, десак адашмаймиз. Модель сифатли дисплей, тиниқ аудио, яхши коммуникация имкониятлари ва тушунарли интерфейсга эга. Дизайни флагманларга хос тарзда ишланган, корпуснинг асосий қисми металлдан тайёрланган, бу эса қурилмани ташқи таъсирларга чидамли этади. Эргономика жиҳатидан телефонга ҳеч қандай эътироз йўқ – ундан фойдаланиш жуда қулай.

Камера сенсори ҳам чакки эмас. Расмлар аниқ, сифати қониқарли даражада. Тунги съёмка билан бироз камчилик мавжуд. Аммо камерадаги бошқа замонавий функциялар унинг борлигини сездирмайди. Аппаратдаги батарея бир кунлик фаол фойдаланишга дош беради. Умуман олганда, қурилма ўз пулига арзийди, ундаги функция ва имкониятлар сўзимизни тасдиқлайди.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

BMBOX $209 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!