Huawei қулоқчинсиз мусиқа тинглаш имконини берувчи Smart Eyewear «ақлли» кўзойнагини тақдим этди
Хитойлик техногигант Жанубий Кореянинг Gentle Monster бренди билан ҳамкорликда «ақлли» кўзойнак ишлаб чиқди. Унинг асосий ўзига хослиги – классик дизайн бўлиб, шунинг эвазига бир қарашда унинг айнан «ақлли» кўзойнак эканини пайқаб ҳам бўлмайди.
ЎҚИНГ: Смартфонни бурун ёрдамида бошқарувчи «ақлли» кўзойнак яратишди! (+видео)
Smart Eyewear номли бу кўзойнакнинг бандларига қуйидагилар жойланган: «сунъий онг» алгоритмлари ёрдамида ишловчи шовқинни пасайтириш тизимига эга динамиклар; процессор ва NFC чипи; қўшалоқ микрофон; аккумулятор ва антенна. Smart Eyewear уяли алоқа тармоғи орқали гаплашиш ҳамда Bluetooth орқали уланган смартфондан узатилувчи аудиофайлларни тинглаш имконини беради.
Кўзойнакни ўзидаги сенсор панел орқали бошқариш мумкин; у мусиқани янгратиш ва тўхтатиш, қўнғироқларга жавоб бериш кабиларда асқотади. Smart Eyewear кўзойнагининг асосий имкониятларидан бири – овозли ёрдамчи билан ишлай олишидир.
Huawei’нинг ушбу янги маҳсулоти учун Gentle Monster махсус – классикдан тортиб замонавийларигача турли вариантларда гардишлар ишлаб чиқаради. Янги кўзойнак жамланмасида дизайни Gentle Monster томонидан тақдим этилган ғилоф ҳам мавжуд бўлиб, фойдаланувчи унинг ёрдамида қурилмани қувватлай олади – унинг аккумулятори ток сиғими 2200 мА/соатга тенг.
Хитойлик техногигант ҳозирча кўзойнакнинг нархини ошкор этмаган ва у ҳақдаги батафсил маълумотни жорий йилнинг июлида – савдога чиқиши арафасида тақдим этишга ваъда берган.