Huawei шиша корпусли Honor 8 смартфонини тақдим этди

Huawei шиша корпусли Honor 8 смартфонини тақдим этди

Huawei компанияси ўрта даражага кирувчи Honor 8 мобиль алоқа воситасини тақдим этди. Унинг баъзи ўзига хос хусусиятлари, жумладан шиша уйғунлигидаги корпус ва қўш объективли камераси туфайли Honor 8’ни “ўрта даражали” дейиш хато бўлиши ҳам мумкин.

Honor 8 корпуси 2 та 2,5D туридаги шиша панеллар бирикмасидан ташкил топган. Смартфоннинг моҳирона дизайн ечими унга ҳашам ва салобат бағишлайди. Корпус қалинлиги 7,45 мм, смартфон  153 грамм тош босади. Смартфон орқа панелидан бармоқ излари сканери, икки хил тус берувчи фоточақноқ ва замонавий қўш камералар ўрин олган.

Honor-8-3

Камера 12 МП сиғимли фотосуратлар олиш кўникмасига эга. Шу билан бирга, камералардан бири RGB – юқори рангли диапазонда ишласа, бошқаси оқ ва қора рангли суратлар олишга мўлжалланган. Камераларда Sony компаниясининг сенсорларидан фойдаланилган.

Корпуснинг олд панелини 5,2 дюймли FullHD-дисплейи банд қилиб турибди. Мазкур дисплейнинг ҳар дюйм квадрати 423 пикселни сиғдира олади. Экран устида эса қўшимча, 8 мегапикселли олд камера мавжуд.

Аппарат таъминотига келсак, Honor 8 гаджети самарадорлиги учун 8 ядроли, 2,3 ГГц частота тезлигида ишлайдиган Kirin 950 процессори масъул ҳисобланади. Мобиль телефоннинг тезкор хотирасининг сиғими 3 ёки 4 ГБни ташкил қилади. Смартфондаги доимий ички хотира 32 ҳамда 64 ГБ миқдордаги маълумотни сиғдира олади.

Смартфон Android 6.0 операцион тизимининг мослаштирилган EMUI 4.1. талқинида фаолият кўрсатади.

Honor 8’нинг қувват таъминоти  3 000 мА·соат электр токи сиғимига эга аккумуляторга боғлиқ. Қувват тоши тезкор қувватлаш технологиясига эга.

honor-8-2

Huawei Honor 8 мобиль қурилмаси VoLTE алоқа технологиясининг 4G+ тармоғида бир вақтнинг ўзида 2 SIM-картадан маълумот узатиш ва олиш имконига эга. Шунингдек, “ақлли телефон” анъанавий Wi-Fi ва Bluetooth модуллари билан таъминланган.

Аммо шулар билан смартфон таъриф-тавсифи якун топмайди. Яна бир муҳим жиҳат шуки, Huawei Honor 8’да айни пайтда оммалашаётган яқин масофада туриб алоқа ўрнатиш технологияси – NFC (near field communication) ҳам татбиқ қилинган. Телефондаги ИК-порт эса 25 минг турдаги қурилмаларни ўқий олади.

Маълумотларга кўра, гаджет дисплейи икки талқинда, яъни Full HD (1920 × 1080 пиксель сиғимли) ҳамда Quad HD (2560 × 1440 пикселли) версияларда ишлаб чиқарилади.

Юқорида қайд этилган илғор технологик хусусиятларга эга Huawei Honor 8 учун компания 300 дан 375 АҚШ долларигача бўлган нарх белгилаган. Гаджетнинг халқаро бозордаги нархи ҳозирча маълум қилинмаган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!