Huawei смартфонлар, ҳайдовчисиз автомобиллар ва бошқа қурилмалар учун «сунъий онг»ли янги авлод процессорларини тақдим этди

  •   DiMaX
  •  296
  •  10.10.2018 18:14

Huawei смартфонлар, ҳайдовчисиз автомобиллар ва бошқа қурилмалар учун «сунъий онг»ли янги авлод процессорларини тақдим этди

Хитойлик техногигант мобил қурилмалар бозорида Apple’ни қувиб ўтиб, дунёдаги иккинчи смартфонсоз мақомига эришди. Шу билан бирга, у «сунъий идрок» технологияларини ҳам ўзлаштириб, бу борада Qualcomm ва Nvidia сингари етакчи чипсозларни майдонга чорламоқда.

ЎҚИНГ: IFA 2018: Энг қудратли – 7 нанометрлик илк процессорни Huawei тақдим этди!

Huawei одатда ўз смартфонлари учун Hisilicon Kirin процессорларини ўзи ишлаб чиқиб келаётир. Бугун – 2018 йилнинг 10 октябрида эса у янги – Ascend туркумидаги илк процессорларини тақдим этди. Мазкур чиплар «сунъий идрок» ҳамда чуқур машина таълими технологиялари билан таъминланган.

Янги авлод процессорлари билан бирга, Huawei ўзининг «булутли» ҳисоблаш сервисларини ҳам намойиш қилди. Улар ушбу янги чиплар базасидаги ҳайдовчисиз бошқарилувчи автомобиллар ва бошқа қурилмаларга олинувчи маълумотларни ўта тезкор ва самарали тарзда қайта ишлаш имконини беради.

Бундан ташқари, хитойлик техногигант ҳайдовчисиз бошқарилувчи автомобиллар учун махсус дата-марказлар барпо этишини ҳам маълум қилди. Huawei’нинг янги «булутли» сервислари Amazon, Microsoft ва Alibaba Group каби компанияларнинг шундай лойиҳаларига рақобатчи бўлади.

Huawei’нинг янги туркумдаги илк процессорлари Ascend 910 ва Ascend 310 бўлиб, булардан биринчиси янги авлод дата-марказларида қўлланади. Иккинчисини эса ҳайдовчисиз машиналар, смартфон ва «ақлли» соатлар, шунингдек, «буюмлар интернети» қурилмаларида қўллаш режалаштирилган.

Компания раҳбарининг изоҳ беришича, Huawei яқин келажакда индустрия қайси йўналишларда ривожланиши устида ўйламоқда; у 5G ҳамда «сунъий онг» технологияларига кўпроқ эътибор бермоқчи.

ЎҚИНГ: Huawei ҳозиргиларидан нақ икки карра кучли процессор тайёрламоқда!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.