Huawei умуман тегинмасдан бошқарилувчи смарт-соат тайёрламоқда

  •   DiMaX
  •  880
  •  08.02.2018 12:55

Huawei умуман тегинмасдан бошқарилувчи смарт-соат тайёрламоқда

Смартфонлар ва планшетлардан ташқари, тақилувчи гаджетлар – «ақлли» соатлар ва фитнес-билагузуклар ҳам бозори чаққон маҳсулотлар ҳисобланади. Шунинг учун бўлса керак, етакчи технологик компаниялар бу соҳадаги изланишларга катта эътибор билан қарашади.

ЎҚИНГ: Samsung Gear S4 смарт-соати Apple Watch’дан ҳар томонлама устун бўлади

«Ақлли» соатларнинг асосий муаммоси – дисплейнинг кичиклигидир. Шу боис ҳам кафти йирик, бармоқлари йўғон кишилар учун уларни бошқариш ноқулайлик туғдириб келади. Аммо хитойлик техногигант бу масаланинг ўзгача, умуман кутилмаган ечимини топган кўринади.

Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан Huawei компаниясига берилган патент ҳужжатларида антиқа смарт-соат тасвирланган. Бу девайсни бошқариш учун унинг экранига ёки ҳатто корпусига ҳам тегиш шарт бўлмайди.

ЎҚИНГ: Apple қандай гаджетлар бозорида Xiaomi’дан олдинга ўтиб олди?

Патент тавсифига кўра, Huawei’нинг янги смарт-соати шундай сенсор билан жиҳозланганки, у бармоқларнинг соат экрани яқинида – ҳавода ҳаракатланишини қайд этади. Ҳаводаги шу бармоқ ишоралари асосида у тегишли буйруқларни қабул қилади ва бажаради. Силаш, босиш, кетма-кет икки марта босиш, босиб ушлаб туриш сингари анъанавий ишоралардан ташқари, мазкур датчик ҳавода «ёзилган» белгилар ва ҳарфларни ҳам англай олади.

Афсуски, экрандаги тасвирнинг ўзи ҳавода пайдо бўладими, ёки бу расмларда шунчаки сенсорнинг таъсир ҳудуди кўрсатилганми – патент ҳужжатларидан буни англаш имкони йўқ. Лекин мазкур девайс Huawei Watch 3 бўлса, унинг батафсил хусусиятлари билан тез орада танишсак керак. Зеро, бу смарт-соатнинг тақдимоти яқин – у MWC 2018 кўргазмасида намойиш этилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Apple Watch’дан уч карра арзон, 45 кун автоном ишлайдиган смарт-соат тақдим этилди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!