Huawei ва BYD ҳамкорлигида Harmony OS тизимли илк автомобил ва янги смартфон чиқди

  •   DiMaX
  •  692
  •  14.07.2020 14:00

Huawei ва BYD ҳамкорлигида Harmony OS тизимли илк автомобил ва янги смартфон чиқди

Хитойнинг телекоммуникация гиганти ўзининг турли қурилмаларга тушадиган Harmony OS операцион тизимини тақдим этган. Аввалроқ Huawei шу тизимини компьютер ва ноутбуклар бозорига чиқараётгани ҳақида ёзгандик.

ЎҚИНГ: Android смартфонларни Harmony ОТга ўтказишга қанча вақт кетиши айтилди

Huawei корпорацияси ва хитойлик автомобилсоз – BYD компанияси махсус тадбирда ҳамкорликнинг натижасини эълон қилишди. Яъни, улар универсал Harmony OS операцион тизими бошқаруви остида ишловчи дунёдаги биринчи автомобилни намойиш этишди. BYD Han деб номланган ушбу машина бешинчи авлод уяли алоқа тармоғи – 5G стандартини қўллаб-қувватлайди.

Бундан ташқари, янги маҳсулот Huawei HiCar платформаси базасидаги илк тижорий модел ҳам ҳисобланади. Бу – Google тақдим этган Android Auto ҳамда Apple намойиш қилган CarPlay платформаларининг янада такомиллашган вариантидир.

Android Auto ҳамда CarPlay автомобилнинг мультимедиа консоли орқали фақат иловаларга киришни таъминласа, Huawei HiCar машинанинг турли функцияларини бошқариш имконини беради. Масалан, мобил қурилма орқали автомобилнинг эшикларини блоклаш, деразаларини кўтариш-тушириш, салон иқлимини бошқариш ва бошқа ишларни бажариш мумкин.

ЎҚИНГ: Alibaba’да ҳатто флагман смартфонлардан ҳам арзон электромобил сотиляпти! (+«жонли» видео)

BYD Han тақдимоти шарафига хитойлик техногиганат Huawei P40 флагманининг махсус версиясини ҳам намойиш этди. Унинг корпуси орқа панелида электрокар тасвири туширилган, прошивкасида эса автомобилни бошқариш учун тегишли илова ўрнатилган. Унинг стандарт смартфондан бошқа фарқлари ҳозирча маълум қилинмаган.

BYD Han автомобилининг ҳамда уни бошқариш имконига эга бўлган махсус талқиндаги Huawei P40 смартфонининг нархи, уларнинг сотувга чиқарилиш вақти ҳам ҳали айтилмаган.

Хабарга кўра, HiCar тизими келажакда Audi, BYD, GAC ва BAIC сингари ўттиздан зиёд автомобилсознинг жами 120 дан ортиқ моделлардаги машиналарида қўлланади.

Дарвоқе, Ўзбекистонда электромобиллар учун шохобча ва сервис марказлари қачондан барпо этилаётганидан хабарингиз бормиди?

ЎҚИНГ: Тошкентда электрокарлар такси сифатида хизмат қилади!