Huawei ва Хитойнинг бошқа техно-компаниялари учун виза чекловлари жорий этилди

  •   DiMaX
  •  242
  •  16.07.2020 13:02

Huawei ва Хитойнинг бошқа техно-компаниялари учун виза чекловлари жорий этилди

АҚШ давлат департаменти Хитойнинг технологик компаниялари ишчилари учун виза чекловларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Давлат департаментининг маълум қилишича, бу компаниялар инсон ҳуқуқларининг бузилишида иштирок этаётган мамлакатлар расмийларига ёрдам кўрсатмоқда. Бу ҳақда «Интерфакс» хабарига асосланиб Daryo нашри ёзмоқда.

ЎҚИНГ: Коронавирус учун Хитойга қарши қасос сифатида TikTok’ни блоклашмоқчи!

«Давлат департаменти дунёдаги инсон ҳуқуқларининг бузилишида иштирок этган режимларга моддий ёрдам кўрсатган Хитой технологик компанияларининг айрим ходимларига визани чеклайди», – дейилади АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг баёнотида.

Таъкидланишича, мазкур чеклов Huawei компанияси учун ҳам қўлланилади.

 «Дунёдаги телекоммуникация компаниялари эътиборга олишлари керак: агар сиз Huawei билан ишласангиз, у ҳолда сиз инсон ҳуқуқларини бузувчилар билан ишлаётган бўласиз», – деди Помпео.

2019 йилда Вашингтон Huawei’ни АҚШнинг миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган компаниялар рўйхатига қўшган ва шунинг учун Хитой телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчиси билан ишлаш учун АҚШ компаниялари тегишли лицензияларни олиши керак.

ЎҚИНГ: Балки ишонмассиз, лекин Huawei кетма-кет иккинчи ой смартфон бозорида етакчи бўлди!

Шу билан бирга, АҚШ Европа ва бошқа иттифоқчиларни Huawei билан ҳамкорликдан воз кечишга ишонтиришга ҳаракат қилмоқда.

Аввалроқ Британия ҳукумати Huawei’нинг 2027 йилгача Буюк Британияда 5G тармоқларини жойлаштиришда иштирок этишини тақиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилган. Оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг маъмурияти хавфсизликка боғлиқ хавф-хатарлар сабабли кўплаб мамлакатларни Huawei билан иш тутмасликка ишонтирган.

Ўз навбатида, Пекин 15 июль куни Буюк Британияни Хитой компанияларига қарши АҚШ билан тил бириктирганликда айблади.

Буюк Британиянинг Sky News телеканали маълум қилишича, Лондоннинг бундай қарорга келишига АҚШнинг Huawei компаниясига нисбатан май ойида жорий қилган санкциялари сабаб бўлган. Ўшанда Вашингтон Huawei’ни Америка технологиялари асосидаги компьютер чипларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмоқчи бўлган. Натижада Huawei ишончсиз чиплардан фойдаланишни бошлайди, деган қўрқув пайдо бўлди. Оқибатда Буюк Британиянинг Миллий киберхавфсизлик маркази Huawei тизимларининг мамлакатга потенциал таҳдидлари борлиги ҳақида хулосага келган.

ЎҚИНГ: Google ҳамда Apple монополиясига Huawei қаттиқ зарба берди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!