Huawei янги – 4 камерали, ромсиз Nova 2S смартфонини «махфий» анжуманда намойиш этди

  •   DiMaX
  •  1935
  •  01.12.2017 11:54

Huawei янги – 4 камерали, ромсиз Nova 2S смартфонини «махфий» анжуманда намойиш этди

Хитойнинг Huawei корпорацияси бу йил Mate 10 Pro ҳамда Honor V10 смартфонлари билан кўпчиликни ҳайратга солиб улгурди, уларнинг иккаласи ҳам 8 ядроли илғор Kirin 970 процессори базасида ишлайди. Компания энди смартфонларига яна битта кучли хусусият қўшяпти – унинг навбатдаги қурилмаси ромсиз экранга эга бўлади.

ЎҚИНГ: Huawei "сунъий онг"ли Mate 10 флагманларини тақдим қилди

Хуллас, кеча инсайдерлар Huawei тайёрлаётган янги смартфон – Nova 2S моделининг «жонли» суратларини тарқатишди. У нафақат дисплейининг ён томонлари ромсизлиги, балки тўртта камераси билан ҳам мақтанса арзийди. Улар эвазига смартфон асосий камерадан олинадиган суратларда ҳам, селфиларда ҳам орқа фонни хиралаштириш эффекти билан тасвирлар ола билади.

Янги қурилма суратларини тарқатган манбанинг таъкидлашича, Huawei Nova 2S смартфонини аллақачон Хитойдаги аллақандай ёпиқ анжуманда намойиш этишган. Ушбу «махфий» тадбирда уни махсус стендда кўрсатишган ва техник хусусиятларини ҳам маълум қилишган.

ЎҚИНГ: Huawei ромсиз экранли Honor V10’ни расман тақдим этди

Айтилишича, Nova 2S ромсиз экранининг ўлчами – диагоналига 6,01 дюйм. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 2160х1080 пикселли бўлиб, бу Full HD+ форматига тўғри келади. Девайснинг тезкор хотираси 6 гигабайт ҳажмга эга, ички хотираси ҳажми эса ҳозирча маълум эмас.

Huawei Nova 2S асосий камераси қўш модулли – 20 + 16 мегапикселли сенсорлардан иборат. Олд камера ҳам иккита модулли бўлиб, 20 мегапикселли суратлар ола билади.

Смартфон NFC, Wi-Fi 802.11ac ҳамда VoLTE модулларига эга. У Android операцион тизимининг сўнгги – 8.0 Oreo талқини асосидаги EMUI 8.0 прошивкасида ишлайди.

Ўқинг: Huawei селфи-камераси 20 МП, бош камераси қўш модулли смартфон тақдим қилди

Янги смартфоннинг «юраги» сифатида ўтган йилги флагман процессор – Kirin 960 модели танланган, аммо бу процессор ҳалиям Qualcomm чипсетлари базасидаги кўпгина мобил қурилмалардан устун келади.

Nova 2S моделининг ўзига хосликларидан яна бири – экраннинг остидаги «Уйга» тугмачасида жойлаштирилган бармоқ изи сканеридир. Телефоннинг орқа қопқоғи, суратларга қараганда, тегишли рангларга бўялган шишадан ишланган.

Ромсиз Huawei Nova 2S смартфонининг расмий тақдимоти шу ойнинг ўзидаёқ бўлиб ўтиши айтилмоқда. Бунда компания уни аввалига Хитойнинг ўзида намойиш этади, орадан бир неча кун ўтгач эса Европада алоҳида тақдимот маросими ўтказилади. Янги смартфон нархи 400 АҚШ доллари атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.

ЎҚИНГ: Хитойда энг оммабоп премиум-смартфон аниқланди, аммо бу iPhone X эмас...

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!