Huawei’дан ажралиб чиққан Honor’нинг илк флагмани тақдимотдан кейиноқ сотиб тугатилди!

  •   DiMaX
  •  1081
  •  22.01.2021 16:56

Huawei’дан ажралиб чиққан Honor’нинг илк флагмани тақдимотдан кейиноқ сотиб тугатилди!

Honor дастлаб Huawei корпорациясининг суббрендини сифатида ташкил этилган бўлиб, хитойлик техногигант яқинда уни алоҳида қилиб ажратиб чиқарган эди. Ушбу мустақил компания энди ўзининг Honor V40 (ёки Honor V40 5G) русумли илк смартфонини тақдим этди.

ЎҚИНГ: Honor V40 намойишидан аввал «жонли» видеолари чиқди (+нархи)

Honor V40 5G илғор техник хусусиятларга ва жозибадор дизайнга эга. Компания уни шишадан ишланган корпус ҳамда диагоналига 6.72 дюймлик OLED-дисплей билан таъминлаган. Экраннинг тасвир аниқлиги FHD+ форматида, унда кадр янгиланиши 120 герцлик бўлса, сенсор қатламининг частотаси 300 герцлик. Дисплейга дактилоскоп интеграция қилинган; юқори чап бурчагидаги тирқишга эса селфи учун 16 МПлик датчик ва ToF сенсори ўрнатилган.

Бу смартфон саккиз ядроли MediaTek Dimensity 1000+ процессори базасида тайёрланиб, 8 гигабайтлик тезкор хотира билан жиҳозланган. Унда ўйинлар жараёнида графикани яхшилаш учун GPU Turbo X ҳамда Hunter Boost технологиялари қўлланган. 7 нанометрлик технологик жараёнга асосланган чипсет жамланмасига 5G-модем ҳам киритилган.

Honor V40 аккумуляторининг ток сиғими 4200 мА/соатлик; у симли усулда 66 ваттлик, симсиз усулда эса 50 ваттлик технология бўйича қувват олади. Смартфонни иккита SIM-карта уячаси, Wi-Fi 802.11ac, GPS/ГЛОНАСС ҳамда Bluetooth 5.0 интерфейслари, NFC ва USB-C порти, шунингдек, стереодинамиклар билан таъминлашган.

ЎҚИНГ: ТОП-10: Нархини энг секин йўқотадиган смартфонлар (2020 йил рейтинги)

Флагманда фото ва видео суратга олиш учун уч модулли бош камера масъул. Асосий датчик 1/1.56 дюймлик ўлчамга ва 50 мегапикселлик аниқликка эга. Унда қўлланган RYYB ранг фильтри яхши ёритилмаган шароитларда суратлар сифатини яхшилаб беради.

Камера жамланмасига яна 8 мегапикселлик кенг бурчакли сенсор ҳамда 2 мегапикселлик макрообъектив, шунингдек LED-чақноқ ва лазерли автофокус кирган. Honor V40 камераси тунги съёмка режимини, шунингдек AI RAW форматини қўллаб-қувватлайди.

Honor V40 смартфони Android 11 операцион тизим талқини базасида тайёрланган Magic UI 4.0 график қобиғи базасида ишлайди. Хитой учун чиқарилганлиги сабабли унда Google сервислари йўқ; компания кейинроқ уни апрелда Honor View 40 номли глобал версияда чиқаради ва унда Google’нинг барча асосий сервислари ўрнатилган бўлади.

Тақдим этилиши биланоқ бу қурилма учун Хитойда олдиндан буюртма очилган; унинг 8/128 гигабайтлиги учун 550 доллар, 8/256 гигабайтлиги учун эса 620 долларга тенг нарх белгиланган. Қизиғи шундаки, савдолар бошлниши билан – 3 дақиқаю 46 сония ичида биринчи пртия сотиб тугатилган! Honor V40 флагманининг кейинги партияси бозорга 26 январь куни чиқарилади.

ЎҚИНГ: Ҳамёнбоп Android-смартфонлардан қайсилари энг зўр? (AnTuTu рейтинги, 2020 йил декабрь)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!