Huawei’дан янги ҳамёнбоплар: Nova 7 туркумида учта 5G-смартфон ва MatePad планшети (+видеолар)

  •   DiMaX
  •  3651
  •  24.04.2020 18:25

Huawei’дан янги ҳамёнбоплар: Nova 7 туркумида учта 5G-смартфон ва MatePad планшети (+видеолар)

Хитойлик техногигант Nova 7, Nova 7 SE ҳамда Nova 7 Pro русумли арзон флагманларини тайёрлагани ҳақида ёзгандик. Кеча – 23 апрель куни Huawei булар билан бирга ҳамёнбоп MatePad планшетини ҳам намойиш қилди.

ЎҚИНГ: Бу смартфон DxOMark рейтингида Xiaomi ва OPPO’нинг энг зўр флагманларини ортда қолдирди!

Nova 7 Pro

Янги туркумнинг энг илғор вакили Nova 7 Pro бўлиб, у диагоналига 6,57 дюймлик, чеккалари қайрилган OLED-экранга эга. тасвир аниқлиги 2340х1080 пикселлик дисплейга дактилоскоп ҳам ўрнатилган ва қўшалоқ (32 + 8 МПлик) селфи-камера учун овал тирқиш очилган.

Nova 7 Pro самарадорлигига Kirin 985 процессори ҳамда 8 гигабайтлик «оперативка» масъул. Смартфонни доимий хотираси 128 ва 256 гигабайтлик вариантларда чиқаришяпти, уларга тегишлича 523 ва 580 ААҚШ долларига тенг нарх белгиланган.

Янги ҳамёнбоп флагманнинг бош камераси тўртталик: 64 МПлик асосий + 8 МПлик кенг бурчакли + 8 МПлик телефотомодул + 2 МПлик макрокамера. Унда оптик барқаррлаштириш тизими, шунингдек, 5 карралик оптик, 10 карралик гибрид ва 50 карралик рақамли зум мавжуд.

Nova 7 Pro автономлигига 4000 мА/соатлик аккумулятор жавобгар; USB-C порти орқали у 40 ваттлик усулда тезкор қувватланади. Смартфонга Wi-Fi 5, Bluetooth 5.1 ҳамда NFC интерфейслари қўшилган. Huawei унга Android 10 базасидаги EMUI 10.1 график қобиғини ўрнатиб чиқарган.

ЎҚИНГ: Honor 30, 30 Pro ва 30 Pro+ тақдим этилди: 424 доллардан бошланувчи 5G-флагманлар!

Nova 7

Бу смартфон янги туркумнинг стандарт ва ўртача вакили бўлиб, диагоналига 6,53 дюймлик OLED-дисплейга эга. Nova 7экрани қайрилма эмас, тасвир аниқлиги ҳам 2400х1080 пикселлик бўли, ундаги тирқишга 32 МПлик якка селфи-камера ўрнатилган.

Бош камерадаги сенсорлар жамланмаси худди Nova 7 Pro моделидаги каби, фақат зум масаласида камтарроқ: 3 карралик оптик, 5 карралик гибрид ва 20 карралик рақамли зум.

Nova 7 бошқа барча хусусиятларига кўра Pro-версияси билан бир хил; нархи эса 8/128 гигабайтлиги учун 425 доллар, 8/256 гигабайтлиги учун 480 доллар қилиб белгиланган.

ЎҚИНГ: Кутилмаганда ҳамёнбоп Honor 9X Lite тақдим этилди, тағин Google сервислари билан!

Nova 7 SE

Янги туркумнинг ушбу энг арзон вакилига IPS-дисплей ўрнатилган – диагоналига 6,5 дюймлик, тасвир аниқлиги 2400х1080 пикселлик. Селфи-камера 16 мегапикселлик аниқликда. Иккита «оға»сидан фарқли равишда, Nova 7 SE бармоқ изи сканери экранга эмас, балки корпуснинг ён қиррасига жойланган. Процессори ҳам камтарона – Kirin 820 чипсети, лекин уям 5G тармоғини қўллаб-қувватлайди.

Nova 7 SE бош камераси ҳам тўртта датчикдан иборат: 64 МПлик асосий + 8 МПлик кенг бурчакли + 2 МПлик макромодул + 2 МПлик чуқурлик сенсори. Батареяси ҳам шундай – 40 ваттлик тезкор зарядланувчи 4000 мА/соатлик аккумулятор. Нариги иккита моделидан фарқли равишда, SE-версияда NFC-чип йўқ, аммо 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши бор. Huawei унинг 8/128 гигабайтлик вариантини 340 доллардан, 8/256 гигабайтлигини эса 396 доллардан сотяпти.

Ҳар учала моделдаги Nova 7 смартфонлари Google сервисларидан маҳрум этилган. Улар учун Хитойда аллақачон олдиндан буюртма олишяпти, очиқ савдога эса 28 апрелдан чиқади.

ЎҚИНГ: Энг қиммат Huawei ҳамда Xiaomi флагманларининг камера жанги! («жонли» видео)

Huawei MatePad

Хитойлик техногигант ўтган йилнинг ноябрида айпадлар билан рақобатлаша олувчи MatePad Pro планшетини намойиш этган эди. Энди эса унинг соддалаштирилган ва арзон версияси – Huawei MatePad ҳам дунё юзини кўрди.

Бу гаджет диагоналига 10,4 дюймлик IPS-дисплейга эга. Экран аниқлиги 2000х1200 пикселлик, максимал ёрқинлиги – 470 нит. Унинг «электрон юраги» сифатида Kirin 810 процессори танланган. Huawei MatePad тезкор хотираси 4/6 гигабайтлик, ички хотираси эса 64/128 гигабайтлик вариантларда чиқяпти. Унинг автономлигини таъминловчи 7 250 мА/соатлик аккумулятор USB-C портидан 18 ваттлик тезкор қувватланади.

Huawei MatePad девайсининг олд ва орқа камералари бир хилда 8 мегапикселлик датчикларга эга, фақат бош камера LED-фоточақноқ билан тўлдирилган. Унда икки диапазонли Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth 5.1, GPS / ГЛОНАСС ҳамда LTE (айрим вариантларида) модуллари мавжуд. Шунингдек, нақ тўртта Harman Kardon динамиги ва тўртта микрофони ҳам бор, стилус билан ишлай олади.

Хитойда бу планшетни 26 апрелдан сота бошлашади; унинг Wi-Fi’да ишловчи версияси 4/64 ГБлик конфигурацияда 286 доллар, 6/128 ГБлик конфигурацияда эса 310 доллар туради. SIM-карта тушадиган (LTE модулли) ва 6/128 ГБлик хотирага эга MatePad учун эса 353 доллар сўрашяпти.

ЎҚИНГ: DxOMark’нинг бирйўла иккита рейтингида тахтни забт этган янги флагман билан танишинг! (+видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!