Ҳукумат қарори: «STV» фаолияти тўхтатилди, «SEVIMLI TV» қаттиқ огоҳлантирилди

Ҳукумат қарори: «STV» фаолияти тўхтатилди, «SEVIMLI TV» қаттиқ огоҳлантирилди

Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясининг навбатдаги йиғилишида юртимизда фаолият олиб бораётган теле-, радиоканаллар контентини мониторинг қилиш натижасида аниқланган қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари муҳокама қилинди.    

Хусусан, йиғилишда «MASTER MEDIA PRODUCTION AND BROADCAST» МЧЖ муассислигидаги «SEVIMLI TV» ва «STV» телеканаллари мониторинги давомида аниқланган қонунчилик талабларининг бузилиши бўйича Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг хулосаси тингланди. 

Ушбу телеканаллар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси,  “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддаси, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 14- ва 15-моддалари талаблари муттасил бузиб келинган. 

Мазкур телеканаллар томонидан маънавиятимиз ва миллий қадриятларимизга зид келувчи, ёшларнинг одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фильмлар, хусусан порнографик мазмундаги саҳналар, ёзишмалар, ҳаёсизликни ташвиқ қилувчи хорижий қўшиқлар, айниқса, ёшлар одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир этиши мумкин бўлган жумлалар мавжуд қўшиқлар намойиш этилаётгани кузатилган.

Жумладан, «SEVIMLI TV» телеканали орқали 2018 йил 15 июль куни cоат 
21:10 да  эфирга узатилган “Ҳурлиқо” (“I feel pretty”) бадиий фильмида порнографик мазмундаги саҳна намойиш қилинган. «STV» телеканали орқали 2018 йил 21 июль куни cоат 09:17 да ҳаёсизликни  тарғиб қилувчи, айниқса ёшлар одоб – ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир этувчи “Sausage party” номли хориж мультфильми эфирга узатилгани кузатилган. Ушбу мультфильм қаҳрамонларининг ҳаёсизликни тарғиб қилувчи эротик,  наркотик моддасини қабул қилиш, жинсий эҳтиёжини қондириш ҳолатлари, бир жинсдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ўзаро ўпишиши, якка ҳолда ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб жинсий алоқа қилиш каби саҳналар намойиш этилган. Шунингдек, мультфильм давомида қаҳрамонларнинг ҳаёсиз мазмундаги суҳбатлари кузатилган.

Бундан ташқари, “STV” телеканали орқали 2018 йил 22 июль куни соат 22:45 да хорижнинг “Я легенда” фильми эфирга узатилган. Айтиш жоизки, сюжетида ваҳшийлик, шафқатсизлик ва томошабинларни даҳшатга солувчи қўрқинчли тасвирлар мавжудлиги боис, мазкур фильм “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг эксперт комиссияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида намойиш этиш, кўпайтириш ва тарқатиш тавсия этилмаган фильмлар рўйхати”га киритилган. Фильм сюжетида вирус тарқалган ҳудудда одамхўрлар ва ваҳший ҳайвонларнинг одамга ҳужум қилиши, уни ейишга уриниши билан боғлиқ ваҳшийлик, шафқатсизлик саҳналари мавжудлиги аниқланган. 

Юқоридаги қонун бузилиши ҳолатлари, Ўзбекстон Матбуот ва ахборот агентлиги хулосаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 10 июлдаги 293-сон Қарори билан тасдиқланган “Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси тўғрисидаги Низом”нинг 8-банди 1- ҳамда 5-хатбошиларига асосан, Комиссиянинг  «MASTER MEDIA PRODUCTION AND BROADCAST» МЧЖ муассислигида ташкил этилган «STV» телеканалининг эфирга тарқатилишини номуайян муддатга тўхтатиш бўйича қарори қабул қилинди, шу билан бирга «MASTER MEDIA PRODUCTION AND BROADCAST» МЧЖ муассислигида ташкил этилган «SEVIMLI TV» телеканали эфирга тарқатилаётган теледастурларида қонунчилик талабларининг бузилишига қайта йўл қўймаслик бўйича барча чораларни кўриши шартлиги юзасидан қатъий огоҳлантирилди. 

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг марказига лицензияга эга барча телерадио субъектлари томонидан таъсис этилган теле-, радиоканаллар контентини мониторинг қилиш ишларини янада такомиллаштириш, мониторинг натижасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан тизимли равишда Комиссияга маълумот киритиб бориш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.