HUMO банкоматлари орқали Mastercard карталаридан нақд пул ечиш йўлга қўйилди

HUMO банкоматлари орқали Mastercard карталаридан нақд пул ечиш йўлга қўйилди

Ўзбекистон аҳолиси ва хорижий меҳмонларга Mastercard халқаро карталаридан маблағларни миллий валютада ечиб олиш жорий этилди. Ўзбекистон шаҳарларида ўрнатилган HUMO банкоматлари фуқаролар ва сайёҳларга 24/7 хизмат кўрсатади.  

Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ) Mastercard карталари эгаларига маблағларини HUMO банкоматларида миллий валютада ечиб олиш жорий этди. Маблағлар Mastercard халқаро тўлов тизими томонидан белгиланган курс бўйича  ечиб олинади.

«Биз Mastercard билан барча техник ишларни муваффақиятли якунлаб ва бу халқаро тизимни HUMO банкоматларига интеграциялаб, энди мамлакатимиз аҳолиси ва меҳмонларида нақд пулларини нафақат HUMO ва VISA карталаридан, балки Mastercard карталаридан ҳам ечиб олиш имконияти борлигини хабар қилишдан хурсандмиз. Халқаро карталардан миллий валютадаги маблағларни бемалол нақд пул шаклида ечиб олиш   – мамлакат қанчалик «tourist-friendly» эканлигининг муҳим кўрсаткичларидан  бири.  Кейинчалик биз Visa ва Mastercard  карталарининг эгалари  учун тўловларни HUMO терминал тармоғида қабул қилишни жорий қилиш ниятидамиз», –  дейди МБПМ директори Шуҳратбек Қурбонов.  

«Бизнинг мижозларимиз учун бундай имкониятнинг берилиши, сўзсиз, бизнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизда олдинга ташланган муҳим қадам ҳисобланади. Нақд пулсиз тўловларни ривожлантириш нафақат мамлакатдаги туризм соҳасини яхшилашга ёрдам беради, балки Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам қулайлик яратади. Биз МБПМ билан шундай  самарали ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз», – қўшимча қилди Mastercard нинг Грузия ва Марказий Осиёдаги Бош директори Игорь Степанов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 августидан HUMO банкоматлари Visa халқаро карталарини қабул қила бошлади. 500 дан ортиқ HUMO банкоматлари HUMO, Visa ва Mastercard карталари эгаларига хизмат кўрсатиши мумкин. Банкоматдан миллий валютада нақд маблағларни бериш учун комиссия  банкнинг ўзи томонидан белгиланади, курс эса бевосита карта эгасининг тўлов тизими билан белгиланади. HUMO банкоматлари  сайёҳлар кўп бўладиган шаҳарлардаги йирик диққатга сазовор жойлар, меҳмонхоналар, бозорлар яқинидаги 24/7 пунктларида жойлашган.

ЎҚИНГ: 250 дан ортиқ HUMO банкоматлари Visa карталарини қабул қила бошлади

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.