HUMO банкоматлари қандай тартибда ишламоқда?

HUMO банкоматлари қандай тартибда ишламоқда?

HUMO тўлов тизимига оид 2500та банкомат 2019 йилнинг якунига қадар бутун мамлакат бўйлаб ўрнатилади. Тошкент шаҳрида 50дан ортиқ бакноматлар куну тун хизмат кўрсатмоқда. Энг яқин жойлашган банкоматни харитада топиш мумкин.

2019 йилнинг 1 июнидан бошлаб миллий тўлов тизими иштирокчилари бўлган банклар HUMO карталарига хизмат кўрсатувчи банкоматларни ўрната бошладилар. Тошкент шаҳрида шу кунга қадар 50 дан ортиқ банкоматлар ўрнатилиб, аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Пойтахт аҳолиси ушбу банкоматлар орқали нақд пул маблағларини куну тун ечиб олиши мумкин. Маблағларни ечиб олишга доир чеклашлар банклар томонидан белгиланади. Яқин кунларда 24/7 тартибида хизмат кўрсатиш шохобчаларида яна 280 та банкомат ўрнатилади.

“Банклар HUMO тўлов тизими ривожланишига ёрдам бераётганлигидан ва уни қўллаб-қувватлаётганлигидан хурсандмиз. Тошкент шаҳрида 50 дан ортиқ бакноматлар 24/7 тартибида ишламоқда. Жорий йилнинг якунига қадар мамлакат бўйлаб банкоматлар сонини 2500гача кўпайтириш режалаштирилмоқда”, – дейди Банклараро миллий процессинг маркази (БМПМ) директори Шуҳратбек Қурбонов.

Банкоматлар метро бекатларининг ўтиш жойларида, истирохат боғлари яқинида, бозорлар ҳудудларида ва одамлар кўп тўпланадиган бошқа жойларда ўрнатилган.

Яқин жойлашган банкоматни харитада топиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 1 майидан бошлаб HUMO тўлов тизимининг NFC-модуллари билан жиҳозланган карталарининг биринчи эмиссияси бошланди. Бутун мамлакат бўйлаб банкоматларни ўрнатиш Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари аҳолиси учун карталарни чиқариш билан бир вақтда амалга оширилади.

HUMO Миллий тўлов тизими ҳақидаги батафсил маълумотни www.humocard.uz сайти орқали билиб олишингиз мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!