"Humo" тўлов тизимининг ишга тушиш вақти маълум бўлди

Ўзбекистон миллий тўлов тизими – "Humo" 2019 йил январь-февраль ойларида ишга тушади. Бу ҳақда 30 ноябрь куни Марказий банк (МБ) раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов Ўзбекистон банк секторига бағишланган "Тараққиёт тамойиллари" телекўрсатувида маълум қилди, деб ёзади Turon24.uz.

Тимур Ишметовнинг сўзларига кўра, янги тўлов тизими учун тўлов терминаллари ҳамда банкоматлар сотиб олишни Марказий банк ўз зиммасига олади.

"Биз янги терминаллар ва банкоматлар сотиб олишни тижорат банкларига юкламасликка қарор қилдик. Терминалларни сотиб олиш ва "Humo" пластик карталарни чиқариш билан Марказий банкнинг ўзи шуғулланади. Ушбу терминаллар VISA ва Маster Card каби халқаро карталарни ҳам қабул қиладиган бўлади.  "Humo" пластик карталари эса ҳозирда мавжуд UzCard тўлов терминалларида ҳам ишлайди. Бу борада хеч қандай муаммо бўлмаслиги керак", дейди Тимур Ишметов.

Қайд этиш жоизки, 29 ноябрь куни humocard.uz домени Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган. "Humo" тўлов тизимининг расмий сайти айнан мана шу сайт бўлиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг 15 сентябрида Ўзбекистонда ягона бўлган UzCard тўлов тизими қарийб 3 кунга ишдан чиққан эди. Бунинг натижасида деярли барча аҳоли пластик карталаридаги ўз пулларини ишлатиш имкониятини вақтинча йўқотган. 19 сентябрда эса президент Ўзбекистонда янги миллий тўлов тизими яраталиши ҳақида қарор қабул қилди.

Қарорга кўра, янги миллий тўлов тизимини яратиш  Марказий банкнинг зиммасига қўйилгач, октябр ойининг охирида Марказий банк тўлов тизимига ном танлаш танлови ўтказди. Овоз бериш натижасига кўра, янги тўлов тизими "Humo" номини олди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!