IBM энг митти – 1х1 миллиметрлик нано-компьютерни тақдим этди

  •   DiMaX
  •  557
  •  20.03.2018 10:03

IBM энг митти – 1х1 миллиметрлик нано-компьютерни тақдим этди

Компьютерсозлик саноатининг таниқли ва қадимий вакилларидан бири – IBM компанияси дунёдаги энг кичкина компьютерни ясаганини маълум қилди. Ҳозирча номсиз бўлган бу қурилманинг ўлчамлари атиги 1х1 миллиметрни ташкил этади.

ЎҚИНГ: Q-Stick – 8 ГБ «оперативка»ли компьютер-брелок (+видео)

Компания бу компьютерини ош тузи кристалларига ўхшатмоқда, деб ёзади Mashable нашри.

Гарчи ўлчами ўта кичкина бўлса-да, бу – тўлақонли компьютердир: унинг ўз процессори, SRAM турига мансуб хотираси, коммуникация модули ва қувватлаш тизими мавжуд. IBM унинг ҳеч бир параметрини аниқ айтмаяпти, фақат бу нано-компьютер ишлаш самарадорлиги ўтган асрнинг 90-йилларида оммалашган, x86-процессорли компьютерлар даражасида эканини таъкидламоқда. Агар ўша даврларда биринчи ва иккинчи авлод Pentium процессорлари ҳам тақдим этилганини инобатга олсак, IBM таъкидидаги мавҳумлик янада ортганини англаймиз.

Шунингдек, IBM компаниясининг таъкидлашича, нано-компьютер микросхемаси бир неча юз минг транзисторни ўз ичига олган.

ЎҚИНГ: Жаҳоннинг энг митти мобил компютери сотувга чиқди

Митти компьютернинг таннархи ҳам маълум қилинган – оммавий ишлаб чиқаришга жорий этилса, унинг бир донаси атиги 0,1 АҚШ долларига тушади! Ҳа, янги нано-компьютернинг таннархи атиги ўн цент, яъни тахминан 820 сўмга тенг бўлади!

Бундан ташқари, яратилган митти гаджет шунчаки концепт ҳам эмас – IBM сўзларига кўра, кейинги беш йил мобайнида ҳамма жойларда айни шундай ечимлар жорий этилади.

Нано-компьютерлар бажара оладиган вазифалар ҳам турли-туман: товарларнинг етказилишини кузатиб бориш; ўғирликлар, фирибгарлик ҳолатлари ва тегишли меъёрларга риоя этилмаслигини аниқлаш; «сунъий идрок»нинг асосий вазифалари, маълумотларни саралаш ва ҳоказо.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг митти телефон тақдим этилди (+видео)

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.