«ICTWEEK Uzbekistan 2019»: АКТ ҳафталигига марҳамат!

  •   DiMaX
  •  438
  •  12.09.2019 12:17

«ICTWEEK Uzbekistan 2019»: АКТ ҳафталигига марҳамат!

Жорий йилдаги «ICTWEEK Uzbekistan 2019» тадбирининг ўтказилиш кунлари маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Берлиндаги IFAдан Ўзбекистондаги ICTWEEKгача: Acer 2019 йил тақдимотларини бошлади

«ICTWEEK UZBEKISTAN» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги – ахборот технологиялари соҳасида 2004 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинаётган йирик ва муҳим тадбир. Ушбу ҳафталик Саммит, Форум, Кўргазма, матбуот анжуманлари, тақдимотлар, акциялар, мукофотлаш ва бошқа кўплаб тадбирларни ўз ичига олади.

АКТ ҳафталиги анъанавий тарзда қатор ихтисослашган тадбирларни ягона формат остида бирлаштиради.

Бу йилги Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги – «ICTWEEK Uzbekistan 2019» тадбирлари 24–27 сентябрь кунлари Тошкент ва Фарғонада ўтказилади.

«ICTWEEK»ни ўтказишдан асосий мақсад тажриба алмашиш, замонавий технологиялар ва инновациялар ютуқларини намойиш этишдир. Қолаверса, бу Ўзбекистон ахборот технологиялари бозори жозибадорлигини чет эллик инвесторларга намойиш этиш, давлат, компаниялар ва истеъмолчилар ўзаро ҳамкорлиги учун ажойиб майдондир.

Ҳафталик Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ўтказилади. «ICTWEEK Uzbekistan 2019» ташкилотчиси – «ICTNEWS Conferences» («CIBGROUP» МЧЖ).

ЎҚИНГ: “Digital Generation Uzbekistan” лойиҳаси доирасида иштирокчилар ўз роботларини яратишди

«ICTWEEK» тадбирлари:

Матубот анжумани. Тошкент шаҳрида оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ташкил этилади. Журналистлар ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги тадбирларига доир ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишлари мумкин.

Форум. Мунозаралар форматида ташкил этиладиган форум қатнашчилари жорий йил ИТ-соҳа тараққиёти якунларини сарҳисоб қилиб, соҳа олдида турган стратегик вазифалар бўйича ўзаро фикр алмашишади, ҳукумат ҳамда халқаро ахборот технологиялари компаниялари ва венчурлик фондлари вакиллари – инвесторлар ўртасида диалог ўтказилади.

Форум қатнашчилари – давлат бошқарув органлари, алоқа ва ахборот технологиялари соҳаси корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, халқаро экспертлар ва таҳлилчилар, халқаро ИТ-компаниялар вакиллари.

Форумдаги мунозаралар мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга қаратилган стратегик ечимлар ва дастурлар ишлаб чиқишга замин яратади. Зиддиятли масалалар таҳлил қилиниб, ривожланиш салоҳияти ва уни амалга ошириш имкониятлари баҳоланади.

«ICTEXPO» – «ICTWEEK» ҳафталигининг энг муҳим тадбирларидан бўлиб, йилдан-йилга экспонент-компаниялар, Ўзбекистон бозорига қизиқувчи мамлакатлар сони ошиб боряпти. Ҳар йили кўргазмага 16000 нафардан ортиқ киши ташриф буюради.

«ICTWEEK Uzbekistan» доирасида бошқа қатор тадбирлар ҳам ўтказилади. Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги якунида мукофотлаш маросими бўлиб ўтади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон ҳатто Google, Яндекс, AliExpress ва Netflix’га ҳам солиқ солмоқчи!