IFA 2018: Энг қудратли – 7 нанометрлик илк процессорни Huawei тақдим этди!

  •   DiMaX
  •  1058
  •  03.09.2018 16:06

IFA 2018: Энг қудратли – 7 нанометрлик илк процессорни Huawei тақдим этди!

Германия пойтахтида бўлиб ўтаётган IFA 2018 анжумани доирасида хитойлик техногигант ўзининг Kirin 980 русумли янги процессорини намойиш этди. У 7 нанометрлик технологик жараёнга асосланган дунёдаги биринчи процессор ҳисобланади.

ЎҚИНГ: Huawei ҳозиргиларидан нақ икки карра кучли процессор тайёрламоқда!

Айтиш керакки, 7 нанометрлик технологик жараён чипдаги бир квадрат сантиметр майдонга 6,9 миллиард дона транзистор жойлаштиришга имкон берган. Бу эса олдинги авлод процессор кўрсаткичларидан 1,6 каррага кўпдир. Мазкур технология чипнинг самарадорлигини 7 нанометрлик жараёндагига нисбатан 20 фоизга, унинг қувват тежамкорлигини эса 40 фоизга оширган.

Шунингдек, Kirin 980 процессори биринчи бўлиб Cortex-A76 ядросига эга бўлган; бу ядро эса аввалги «аждод»ига нисбатан 75 фоизга самарадор ва 58 фоизга тежамкор. Хуллас, янги чип иккита самарадор Cortex-A76, иккита тежамкор Cortex-A76 ва иккита ўта тежамкор Cortex-A55 ядроларини ўзида жамлаган.

Процессорга интеграция қилинган Mali-G76 график тезлатгичи эса олдинги авлод график чипдан 46 фоизга самарадор ва нақ 178 фоизга тежамкордир. Бундан ташқари, мазкур чип смартфондаги ўйин вазифаларини аниқлаштириш ва ресурсларни уларга мослаштириш учун «сунъий ақл»га ҳам эга.

Ўтган йилги Kirin 970 процессори нейронли ҳисоблаш модулига (Neural Processing Unit) эга илк чип бўлган бўлса, Kirin 980 моделида энди «сунъий идрок» имкониятларини яхшилаш учун иккита NPU қўлланган. Шунинг эвазига янги процессор бир дақиқада 4600 тагача тасвирларни таний олади; бу эса бултурги «аждод»ига нисбатан 120 фоизга ортиқ натижадир.

ЎҚИНГ: Huawei бу йил Kirin чипи ва GPU Turbo билан таъминланган смартфон чиқаради

Булардан ташқари, Kirin 980 чипи жамланмасидаги модем LTE Cat.21 стандартини қўллаб-қувватлайди. Бу эса мазкур процессор базасидаги смартфоннинг 1,4 Гбит/сониягача тезликда маълумот алмашишини таъминлайди.

Kirin 980 базасидаги илк смартфонлар шу йилнинг октябрида тақдим этиладиган Huawei Mate 20 туркуми моделлари бўлади.

ЎҚИНГ: «Тўрт кўзли» Huawei Mate 20 Lite расман намойиш этилмай туриб савдога чиқди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!