ИҲТ давлатлари орасида илк бор халқаро робототехника мусобақаси Тошкентда ўтказилади

  •   DiMaX
  •  912
  •  10.09.2019 14:29

ИҲТ давлатлари орасида илк бор халқаро робототехника мусобақаси Тошкентда ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «INNOWEEK» инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Тошкент шаҳрида «International Robotics Challenge 2019» (IRC 2019) халқаро робототехника мусобақаси ўтказилади. Бу хусусда мазкур Вазирлик ўз расмий сайти орқали хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: «Digital Generation Uzbekistan» лойиҳаси доирасида иштирокчилар ўз роботларини яратишди

Мусобақа ҳақида

«IRC 2019» жорий йилнинг 27 октябрдан 31 октябргача «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар марказида бўлиб ўтади. Мусобақада икки ёш тоифаси мавжуд: 9 ёшдан 16 ёшгача (Junior) ва 17 ёшдан 23 ёшгача (Senior). Ҳар бир ёш тоифаси турли танловлардан иборат. Мусобақанинг умумий қоидалари ва танловлар регламентлари билан қуйида танишиб олишингиз мумкин:

Kegelring, Waste sort out

«Junior» ёш тоифаси жамоалари ўртасидаги танловлар рўйхати:

- «Kegelring»

- «Waste sort out»

«Senior» ёш тоифаси жамоалари ўртасидаги танловлар рўйхати:

- Робо-Сумо

- Робо-Футбол

«Junior» ёш тоифаси учун:

«Junior» ёш тоифаси учун мусобақа Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган бўлиб, ушбу тоифада исталган мамлакат вакиллари иштирок этишлари мумкин. «Kegelring» мусобақасида иштирокчилар ўзлари билан ўзини-ўзи бошқарувчи автоматик роботларни олиб келишлари керак бўлади. «Waste sort out» мусобақасида роботлар масофадан туриб бошқарилади. Иккала мусобақа турида ҳам роботлар исталган материалдан ясалиши мумкин, лекин ҳажм ва ўғирлик меъёрлари мавжуд. Барча қўйилган талаблар ҳақида мусобақалар регламентлари орқали билиб олишингиз мумкин.

«Junior» ёш тоифасида иштирок этмоқчи бўлган маҳаллий ва чет эл номзодлари ушбу ҳавола орқали рўйхатдан ўтадилар.

«Senior» ёш тоифаси учун:

«Senior» ёш тоифаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси (COMSTECH) билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, «1st OIC Robotics Challenge Uzbekistan» номи остида бўлиб ўтади. Ушбу тоифада ИҲТга аъзо мамлакат вакиллари иштирок этишади. «Робо-сумо» мусобақасида иштирокчилар ўзлари билан ўзини ўзи бошқарувчи автоматик роботларни олиб келишлари талаб этилади. «Робо-футбол» мусобақасида роботлар масофадан туриб бошқариладиган бўлади. Иккала мусобақа турида ҳам роботлар исталган материалдан ясалиши мумкин, лекин ҳажм ва оғирлик меъёрлари мавжуд. Барча қўйилган талаблар ҳақида мусобақалар регламентлари орқали билиб олишингиз мумкин.

«Senior» ёш тоифасида иштирок этмоқчи бўлган маҳаллий номзодлар – ушбу ҳавола орқали, «Senior» ёш тоифасида иштирок этмоқчи бўлган чет эллик номзодлар эса мана бу ҳавола орқали рўйхатдан ўтадилар.

ЎҚИНГ: Twitter’ни «портлатган» видео: «Энг одамсимон» роботни сиз ҳам кўринг!

Иштирокчилар

IRC мусобақаси ҳамма учун очиқ. Бироқ ҳар бир мусобақа турида иштирок этадиган жамоалар сони учун чеклов мавжуд. Жамоа уч кишидан кўп бўлмаган бўлиши керак. Ҳар бир жамоа ўзининг ёш тоифасидаги барча мусобақаларда қатнашиши мумкин. Барча иштирокчи жамоалар 27 октябрдан кечикмай Тошкентга етиб келишлари лозим. Иштирок этмоқчи бўлган жамоалар биринчи навбатда юқорида келтирилган ҳаволалар орқали онлайн рўйхатдан ўтишлари талаб этилади.

Ташкилотчилар томонидан қоплаб бериладиган харажатлар:

- «Senior» ёш тоифасидаги чет эллик иштирок этувчи жамоа икки нафар аъзоларининг Тошкентга келиш ва қайтиш халқаро авиачипталари (агар жамоада учинчи иштирокчи бўлса, унинг харажатлари қопланмайди);

- Барча иштирокчилар учун 5 кунлик турар жой (27-31 октябрь кунлари) ва овқатланиш билан боғлиқ харажатлар;

- Иштирокчилар учун турар жойидан мусобақа ўтказиладиган жойга бориш ва қайтиш харажатлари;

- Халқаро иштирокчилар учун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига/дан ва Тошкент Марказий Шимолий вокзалига/дан транспорт харажатлари.

*Барча жамоа менторлари, «Junior» ёш тоифасидаги барча жамоалар аъзолари сафар харажатларини ўзлари қоплашлари керак бўлади. Зарурий ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги танлов қатнашчиларига виза талаблари бўйича ёрдам беради.

Қўшимча маълумот ва саволлар учун:

+998712033223 (130)

[email protected]

Мусобақа Низоми билан эса мана бу ерда танишиш мумкин.

ЎҚИНГ: 2024 йилга келиб сизнинг уйингизда ҳам роботлар пайдо бўлиши мумкин!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.