Ижтимоий тармоқда реклама учун солиқ тўлайсиз!

  •   DiMaX
  •  681
  •  13.08.2020 10:00

Ижтимоий тармоқда реклама учун солиқ тўлайсиз!

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги юртимизда IT соҳаасига оид сўнгги янгиликларни эълон қилди.

Аҳоли ҳаёт тарзини яхшилаш учун бот ишга туширилди

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-Парк) томонидан аҳоли ҳаёт тарзини яҳшилаш учун махсус чат-ботни ишга туширди.

Унда фойдаланувчилар юз берган ноқулай вазиятлар ҳақида ёзишлари ҳамда мазкур муаммоларни ечиш мақсадида услубларни, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга ва турли соҳаларга рақамли технологияларни жорий этишга қаратилган бизнес ғояларни таклиф қилишлари мумкин.

Чат-ботда турли соҳалар бўйича таклифлар қабул қилинади, жумладан:

  • Банк соҳаси;
  • Қурилиш соҳаси;
  • Транспорт соҳаси;
  • Геология, минерал манбалар соҳаси;
  • Соғлиқни сақлаш соҳаси;
  • Ер ресурлари, геодезия, картография, давлат кадастри соҳаси;
  • Таълим соҳаси;
  • Қишлоқ хўжалиги соҳаси;
  • Энергетика соҳаси.

Technovation Girls халқаро танловнинг финал босқичи бўлиб ўтади

13 ва 14 август кунлари қизлар ўртасидаги Technovation Girls халқаро танловининг финал босқичи бўлиб ўтади. Ушбу тадбир хотин-қизлар учун энг йирик халқаро технологик тадбир бўлиб, унда Ўзбекистон 2016 йилдан бери иштирок этиб келмоқда.

Саммит дастурида қуйидаги тадбирларни ўтказилиши режалаштирилган:

  • NASA астронавти Jasmin Moghbeli ва олимпия чемпиони Nat Cook’ларнинг чиқишлари;
  • Google, LinkedIn, Transcend, HSBC, Google Dialogflow, Nuance, Autodesk, Sparkfun семинарлари;
  • менторлар ва иштирокчиларнинг ота-оналари учун семинарлар;
  • финал босқичи иштирокчиларининг тақдимотлари ва энг яхши жамоани танлаш.

Technovation Girls онлайн-саммити 13 август куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланади. Барча тадбирлар инглиз тилида бўлиб ўтади.

Онлайн-саммитнинг тўлиқ дастурини қуйидаги ҳавола орқали кўриш мумкин: https://www.technovation.org/blogs/technovation-world-summit-agenda-2020/

Онлайн-саммитда иштирок этиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг: https://www.eventbrite.com/e/technovations-2020-world-summit-tickets-112514684450

Sogboling.Uz интерфаол хизмати ишга туширилди

COVID-19’ни даволаш доирасида юзага келган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги согболинг.уз интерфаол хизматини ишга туширди.

Тошкентнинг COVID-19 бўйича тиббий хизматдан фойдаланган ва айни пайтда фойдаланаётган барча фуқароларидан даволаш сифати, дори-дармонлар таъминоти, овқатланиш ва даволашнинг бошқа жиҳатлари бўйича фикр билдиришларини сўраймиз.

COVID-19 бўйича тиббий хизматдан фойдаланган ҳар бир фуқаронинг фикри пандемия билан курашиш ишларини такомиллаштириш учун муҳим. Бу мутахассислар ва тиббиёт муассасалари ходимларига беморларни даволашни максимал равишда самарали, карантин даврини эса янада қулай қилишга ёрдам беради.

Ижтимоий тармоқда реклама учун солиқ тўлайсиз!

Давлат солиқ қўмитаси хабарига кўра ижтимоий тармоқларда реклама фаолияти билан шуғулланаётган ва индивидуал тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган шахслар 12 фоиз миқдорида даромад солиғини тўлайди (2020 йил 1 июлгача олган даромади бўйича).

Бунинг учун доимий яшаш жойи бўйича солиқ органига ҳисобот давридан келгуси йилнинг 1 апрель кунигача умумий йиллик даромади тўғрисида декларацияни топшириш керак.

Шу билан бирга ўзини ўзи банд қилган ва ижтимоий тармоқларда профессионал фаолияти билан шуғулланаётган шахслар (реклама бериш, SMM, ижтимоий тармоқларни бошқариш ва ҳоказо) жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилинади, ва ушбу солиқ умумий даромадлар ичига киради. Энг асосий бўлган талаб — улар ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини жорий йил 1 июлидан кейин бошлаган бўлишлари лозим.

Шу билан бирга меҳнат стажига эга бўлиш учун 2020 йил бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан кам бўлмаган (111,5 минг сўмга тенг) ижтимоий солиқни тўлаш лозим.

Аҳолининг 50 фоизи пластик картадан фойдаланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки республикада мавжуд бўлган пластик карталар инфратузилмаси тўғрисида видеоҳисоботни тайёрлади. Унга кўра, жорий йил 1 август холатига мамлакатимизда 15,7 млн. пластик карта фойдаланувчилари мавжуд. Улардан 11,3 млн. пластик карталари Uzcard тўлов тизимида, 4,4 млн.си эса эса HUMO тўлов тизимида рўйхатга олинган.

Шу билан бирга HUMO тўлов тизими бўйича тўлов терминаллари ва банкоматларнинг сони устунлик қилади. Республика бўйича HUMO тўлов тизимида ишлайдиган 196 461 та терминал ва 3 502 та банкомат мавжуд бўлса, Uzcard тўлов тизимида ишлайдиган тўлов терминалларнинг сони 185 439 та ва ўрнатилган банкоматларнинг сони 2 770 тани ташкил қилади.

ЎҚИНГ: Хорижда смартфонни тарозида тортиб кўришади. Нега сиз ҳам шундай қилишингиз керак?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!