Ижтимоий тармоқларда коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатган юртдошимиз жаримага тортилди

  •   DiMaX
  •  788
  •  24.03.2020 09:58

Ижтимоий тармоқларда коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатган юртдошимиз жаримага тортилди

Юртимизда коронавирус эпидемиясига қарши кураш жиддий олиб борилмоқда. Бироқ бу борада аҳолини ваҳимага солувчи, ёлғон маълумотлар тарқатувчи кишиларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади. Шундай ҳолатлардан бири ҳақида Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарига таяниб Sof.uz ёзмоқда.

ЎҚИНГ: Коронавирус эпидемиясини Билл Гейтс бундан 5 йил аввал башорат қилган! (2 та видео)

Жорий йилнинг 20 март куни Сурхондарё вилояти ИИБ Тезкор қидирув ҳамкорлик бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-техник тадбирлар давомида Telegram мессенжеридаги «@GroupSurxondaryo» каналининг фойдаланувчиси «A N Z O R» деб номланган профиль эгаси 20 март куни соат 12:38 да «@GroupSurxondaryo» гуруҳига коронавирус ҳақида, яъни, «Jo`rabayevada Bor ekan 2 kishi aniqlandi 30 daqiqa oldin» деган мазмундаги одамларни чалғитувчи, жамиятда ваҳима уйғотувчи ёлғон маълумот тарқатганлиги маълум бўлди.

Тезкор қидирув ҳамкорлик бошқармаси масъул ходимлари томонидан қўшимча олиб борилган тезкор суриштирув ишлар натижасида Telegram мессенжерида «@GroupSurxondaryo» деб номланган гуруҳга ёлғон маълумот тарқатган «A N Z O R» номли профиль эгаси ва фойдаланувчиси Сурхондарё вилояти, Музработ туманида истиқомат қилиб, Термиз шаҳрида савдо шахобчаларининг бирида сотувчи бўлиб ишлаб келаётган фуқаро Анзоржон Бердиқулов эканлиги аниқланди.

Унга нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Маъмурий ишлар бўйича Термиз шаҳар судига юборилди.

23 март куни Маъмурий ишлар бўйича Термиз шаҳар судининг қарорига кўра, фуқаро Бердиқулов Анзоржон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддасида кўрсатилган (Фавқулодда ҳолат тартиби шароитида жамоат тартибига тажовуз қилиш) ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари, яъни 1.115.000 (бир миллион бир юз ўн беш минг) сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

ЎҚИНГ: Кишида коронавирус бор-йўқлигини энди Siri ҳам айтиб бера олади