Ижтимоий тармоқларни бир соатга блоклаш қанчага тушади?

  •   DiMaX
  •  2026
  •  22.07.2019 10:34

Ижтимоий тармоқларни бир соатга блоклаш қанчага тушади?

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Марказий Осиё оммавий ахборот воситаларининг XXI минтақавий «Рақамли трансформациялар шароитида оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллиги» номли халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда интернет-нашрлар орқали ёлғон (фейк) ахборотларнинг тарқалиши муаммоси ҳам ўртага ташланди, деб ёзади ЎзА.

ЎҚИНГ: Facebook ва Youtube бир кун блокланиши Ўзбекистон иқтисодиётига қанча зарар етказади?

Қозоғистонлик медиа-мутахассис Бота Аязбаеванинг далолат беришича, мамлакатда ижтимоий тармоқларни бир соатга блоклаб қўйиш 7 миллиард АҚШ долларига тушиши ҳақида янглиш маълумот тарқалган. Кейинчалик эса аслида 7 миллиард доллар ижтимоий тармоқларни эмас, бутунлай интернетни бир соатга ўчиришнинг зарар миқдори эканлиги аниқланган.

Аммо, бу маълумот тўғриланиб улгурмасдан барча интернет сайтлари орқали яшин тезлигида тарқалиб бўлган. Жорий йилнинг 9 май санасида Қозоғистонда бир соат давомида WhatsApp, Telegram, Twitter, Facebook ижтимоий тармоқларига уланиш қийинлашган. Бота Аязбаеванинг сўзларига кўра, Қозоғистонда ҳам ижтимоий тармоқларда фаол фуқаролик журналистика (citizen journalizm) ривожланмоқда. Айниқса сайлов олди ва сайловлар жараёнида фуқаровий журналистика фаоллашгани яққол сезилган.

Шунингдек, жорий йил бошидан ҳозиргача Қозоғистонда 10 мингдан зиёд сайтлар блокланган. Уларнинг фақатгина 1126 таси суд қарори билан амалга оширилган. Қолган 9 мингта сайтлар бошқа давлат органлари томонидан блоклангани айтилади. Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда суд қарорисиз, хавфсизлик органлари тавсияси билан ҳам сайтлар блокланиши мумкин.

ЎҚИНГ: Қўшни мамлакатда барча йирик қидирув сайтлари блоклaнди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!