Иккинчи марта “етим қолган“ iPhone хронологияси

Иккинчи марта “етим қолган“ iPhone хронологияси

Жони Айв (Jony Ive) Apple'ни бутун дунёдаги энг қиммат компанияга айлантирган iPhone, iMac ва iPod'лар дизайни ортидаги асосий шахслардан бири бўлган. 

Бироқ, хабарингиз бор, жаноб Айв ўзининг бизнесини йўлга қўйиш учун яқинда Apple'дан кетди. 

Охирги муддат ичида iPhone савдосида сусайиш кузатилган бўлсада, ушбу смартфонлар мобил оламда ҳали ҳам энг юқори поғонадаги қурилмалардан саналади. 

iPhone яратилишида асосий ўринлардан бирини эгаллаган дизайнер компаниядан кетар экан, келинг, Apple смартфонлари эволюциясига бир назар ташлаймиз. 

Қуйида iPhone'лардаги ўлчам, функция ва нархлар борасидаги асосий тафовутларга тўхталамиз.

Илк қадам. iPhone 2G

iPhone'нинг биринчи авлод қурилмаси 2007 йил июнь ойида АҚШда тақдим қилинганди. 

Ўшанда Apple 4GB хотирага эга девайсга 499 доллар, 8GB лик версиясига 599 доллар нарх қўйганди. 

Apple'дагилар бу iPhone'га 3G технологиясини ўрнатишмади. Илк iPhone 2Gда ишлар, шу учун ҳам iPhone 2G номли билан оммалашганди. 

Ҳозир, бу қурилмани ўз коллекциясида тўплайдиганлар ҳам топилади. Ҳаттоки, eBay'да бу қурилма асл нархидан ҳам қимматроқ сотилганига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. 

iPhone 3G

iPhone 3G 2008 йил июлида 22 та давлатда тақдим қилиниб, дастлабки ҳафта эмас, балки фақатгина дам олиш кунларининг ўзида 1 миллиондан ортиқ донаси сотилган. 

Иккинчи авлод iPhone иккита: оқ ва қора рангда тақдим қилинган. Нархи ҳам ўта арзон эди: атиги 99 доллар. 

iOS 2.0 операцион тизими ўрнатилган iPhone 3G'га MMS жўнатиш ва нусхалаш-жойлаштириш функциялари қўшилган. 

Орадан бир йил ўтиб эса iPhone 3GS оммага тақдим қилинди. Смартфоннинг номидаги S ҳарфи инглиз тилидаги “speed“ — тезлик сўзи қисқартмаси эди. Қурилма: “Энг тез, энг ақлли телефон“, дея талқин қилинган.

2010 йилнинг июнига келиб, iPhone 3G'ни ишлаб чиқариш тўхтатилган.

iPhone 4

2010 йил июнда Apple'нинг Бутунжаҳон дастурчилари конференциясида тўртинчи авлод iPhone'ни тақдим қилди.

Ўшанда Стив Жобс девайсни ўз вақтининг энг ингичка смартфони, деб номлаган.

Бу сафар смартфон: “Яна ҳамма нарасни ўзгартиради“, талқини остида эълон қилинган. 

Смартфонга илк маротаба ўрнатилган олд камера Apple'га бошқа компаниялардан устун бўлиш имконини берди: FaceTime функцияси орқали iPhone'да видео чат амалга ошириш имкони юзага келди.

16GB хотирага эга iPhone 4 499 доллар, 32GB'лиси эса 599 доллар эди. 

Қурилманинг 5-авлоди, iPhone 4S, бир йил ўтиб, 2011 йил октабрда намойиш қилинган. Унга Siri овозли ёрдамчиси ўрнатилган.

ЎҚИНГ: 25 яшар Amazon солномаси

iPhone 5

iPhone 5 2012 йил сентябрида тақдим қилинган. Бу моделнинг ўзига хос жиҳати шуки, у Стив Жобснинг қўлидан ўтган энг сўнгги iPhone эди. 

Смартфон тақдим қилинишидан олдин буюртма қабул қилишни бошлаганда, Apple 24 соат ичида iPhone 5 учун икки миллион буюртма қабул қилган. 

Янги модель 4G'да ишлар, ингичкароқ, енгилроқ ва каттароқ экранли бўлди.

Смартфон 529 (16GB), 599 (32GB) ва 699 (64GB) долларда баҳоланган. 

iPhone 5C ва 5S лар чиқарила бошлаши билан аввалги iPhone 5 лар сотуви тўхтатилди. 

iPhone 6

2014 йил сентябрь ойида iPhone 6 ва 6 Plus'ларнинг тақдим қилиниши билан Plus серияли ҳажми каттароқ iPhone'лар даври бошланди.

iPhone 6 4,7 дюйм, 6 Plus эса 5,5 дюйм ҳажмда тақдим қилинди. 

Янги девайснинг ўзига хослиги такомиллаштирилган камера, оширилган аккумулятор сиғими ва Apple Pay кабилар бўлди. 

iPhone 6'ни 539 доллар эвазига харид қилиш мумкин эди. 

Орадан бир йил ўтар-ўтмас iPhone 6S ва 6S Plus флагманлари яратилиши билан iPhone 6 ва 6 Plus'лар чиқмай қўйди. 

iPhone 7

iPhone 7 2016 йилнинг сентабрида кенг оммага тақдим қилинган. Смартфоннинг бошланғич нархи 649 доллар эди.

769 доллар сарфлаб эса, iPhone 7 Plus сотиб олиш мумкин эди. 

Ҳар икки моделда ҳам 32 ва 128GB лик хотира ўрнатилган. Ҳажми ва ранги ҳам бир неча опцияда (кулранг, қора ва қизил) тақдим қилинган.

iPhone'нинг бу авлод қурилмасида аудио жек олиб ташланиб, сувга чидамли технология ва 12 мегапикселлик такомиллашган камера ўрнатилган. 

iPhone 8, 8 Plus ва Х

iPhone 8, 8 Plus ва Х'лар кейинги йилнинг айни ойида Apple'нинг Калифорниядаги штаб-квартирасидаги Стив Жобс театрида тақдим қилинган. Смартфонлар silver, gold ва space gray рангларда тақдим қилинган. 

iPhone 7 корпусидан фарқли, 8 ва 8 Plus'ларда фақат шишадан фойдаланилган. 

Нархларига тўхталсак, 64GB хотирали iPhone 8 699 доллар, 8 Plus 799 доллар эди. 

2017 йил ноябрь ойида iPhone Х'нинг тақдим қилиниши iPhone оиласи қуриламарининг ўн йиллик юбилейи бўлди. 

iPhone Х'дан бош экран тугмаси олиб ташланиб, OLED дисплейли 5.8“ экран ва симсиз қувватлаш технологияси ўрнатилган. 

Ўшандан буён...

Apple яна учта телефон чиқарди: iPhone XR iPhone XS ва XS Max.

Уларнинг нархи энг арзони $749 дан тортиб, энг қиммати $1,449 гачадир. 

Компания бош ижрочи директори Тим Кук (Tim Cook) iPhone нархларини пасайтиришмоқчи эканлиги ҳақида тўхталиб ўтганди. Аммо бунинг қачон содир бўлиши ва смартфонлар қанчага арзонлашиши ҳозирча аниқ эмас.

Жони Айвнинг Apple'дан кетиши қурилмалар дизайнига таъсир қилармикан? Буни, албатта, вақт кўрсатади. 

ЎҚИНГ: iOS Beta 3 чиқди - ўзгаришлар билан танишамиз!

 

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!