Иккита версияда Samsung Galaxy A52 чиқди – нарх ва хусусиятлари

  •   DiMaX
  •  4018
  •  18.03.2021 12:45

Иккита версияда Samsung Galaxy A52 чиқди – нарх ва хусусиятлари

Samsung компанияси, кутилганидек, 17 март куни Galaxy Unpacked тадбирини ўтказди ва унинг асосий қаҳрамонлари Galaxy A52 ҳамда Galaxy A72 смартфонлари бўлади. «Катта» модели ҳақида кейинроқ тўхталамиз, ҳозир эса Samsung Galaxy A52 қурилмасига назар соламиз.

ЎҚИНГ: Яна бир Samsung смартфони Android 11'ни қабул қилишга тайёр

Samsung ушбу смартфоннинг бешинч авлод уяли алоқа тармоғини қўлламайдиган, шу пайтгача хабарларда Galaxy A52 4G деб келинган версиясини шунчаки Galaxy A52 номи билан тақдим этди. Иккинчи версияси эса, аниқки, Galaxy A52 5G модели сифатида намойиш қилинди.

Бу икки версия орасидаги асосий фарқ, албатта, уларнинг процессорларида: Galaxy A52 модели Snapdragon 732G чипсети базасига қурилган, 5G-версиянинг «электрон юраги» эса Snapdragon 750G бўлган. Смартфоннинг 4G-версиясида экранда кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик, шеригида эса – 120 герцга тенг. Булардан биринчиси 4, 6 ва 8 гигабайтлик тезкор хотирали вариантларда таклиф этилади, иккинчисида эса – фақат 6 ҳамда 8 гигабайтлик. Ҳар иккаласида доимий хотира 128 ёки 256 гигабайтлик, яна MicroSD-карта учун ҳам уяча мавжуд.

Энди умумий жиҳатларига келсак, Galaxy A52 смартфонлари ясси (четлари қайрилмаган), ўлчами 6,5 дюймлик Super AMOLED дисплейга эга. Экранда тасвир аниқлиги 1080p+ форматида, максимал ёрқинлик эса 800 нит. Дисплей юзасига Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси қопланган ва смартфоннинг корпуси ҳам IP67 стандартида муҳофазага эга.

ЎҚИНГ: ЭКСКЛЮЗИВ: Ҳали тақдим этилмаган Galaxy A52 5G смартфонини анбоксинг видеосида тўлиқ томоша қилинг!

Galaxy A52 вазни 189 грамм келади, Samsung’нинг даъво қилишича, 4500 мА/соатлик аккумуляторининг тўла қуввати билан у икки кунгача ишлай олади. Смартфоннинг ўзи 25 ваттгача тезкор зарядлашни қўллаб-қувватлайди ва бунда батареянинг нолдан бошлаб эллик фоизгача тўлиши учун ярим соат кифоя қилади. Бироқ қурилманинг қадоғига фақат 15 ваттлик зарядлагич солинган.

Бош камеранинг 64 мегапикселлик асосий датчиги F/1,8 диафрагмали объектив билан тақдим этилган. У тасвирни оптик барқарорлаштириш (OIS) тизимига ҳамда Tetra-binning технологиясига эга. Яъни, ўлчами 0,8 мкм бўлган тўртта қўшни пиксел стандарт ҳолатда биттага бирлашади ва бунда камера 16 мегапикселлик аниқликда суратга олади. Хоҳишга кўра уни 64 МПлик қилиб ишлатиш мумкин.

Камерада тунги режим бирданига 12 та кадр олади ва уларни битта ёрқин суратга бирлаштиради, бунда оптик стабилизация ҳам ишлайди. Асосий камера сониясига 30 кадр частотасида 4K-видео ёзиб олишга қодир. Квадрокамеранинг иккинчи – 12 МПлик сенсори F/2,2 диафрагмали объективга эга. Яна ҳар бири 5 мегапикселлик аниқликдаги макрокамера ҳамда саҳна чуқурлиги датчиги ўрнатилган.

ЎҚИНГ: Ҳали тақдим этилмаган Galaxy A72 4G анбоксинг видеоси, нарх ва жиҳатлари билан батафсил танишинг!

Galaxy A52 энг янги – Android 11 операцион тизим талқини устига қурилган One UI 3.1 график қобиғи билан тақдим этилган. Унинг экранидаги туйнукка жойлаштирилган 32 мегапикселлик селфи-камерасини қиёфани таниб смартфонни қулфдан чиқариш учун қўллаш мумкин. Бармоқ изи сканери ҳам дисплейнинг ўзига интеграция қилинган. Телефон корпусида NFC модули, 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ҳамда Dolby Atmos тизимини қўлловчи стереодинамиклар ҳам бор.

Samsung мазкур маҳсулотларини қора, оқ, бинафша ранг ва кўк корпусларда сотувга чиқаряпти. Galaxy A52 моделининг нархи 350 евродан, 5G-версиясиники эса – 430 евродан бошланади.

ЎҚИНГ: Россияда аллақачон Galaxy A52 ҳамда Galaxy A72’га буюртма бериш мумкин – аниқ нархлар!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.