Илк буклама смартфон тайёр, аммо бу Apple ёки Samsung маҳсулоти эмас...

  •   DiMaX
  •  2126
  •  28.09.2017 10:09

Илк буклама смартфон тайёр, аммо бу Apple ёки Samsung маҳсулоти эмас...

Қайрилма экранли, букланувчан смартфонлар яратиш борасида айрим машҳур ва илғор смартфонсозлар ҳаракат қилаётганидан хабарингиз бор. Бироқ тез орада биринчи буклама смартфонни унчалик ҳам танилмаган бошқа технологик компания тақдим этади, деб ёзади AndroidAuthority.

Мазкур йўналишда биринчи бўлиш учун етакчи технологик компаниялар бор кучлари билан олға интилмоқдалар. Жумладан, Samsung компанияси букилувчан смартфонни сертификатлаш бўйича Корея радиотадқиқотлар агентлигига патент аризасини топширган. Унинг асосий рақиби – Apple компанияси ҳам иккита букланадиган дисплейдан иборат смартфон конструкциясини патентлаган.

Тўғри, «анча олдин» – 2011 йили Sony компанияси ҳам бу борада тажриба қилиб кўрган – Tablet P русумли йиғма планшет яратган. Бироқ унда ҳар бири 5,5 дюймлик диагоналга ва катта ромларга эга иккита дисплей мавжуд эди.

Хулласи калом, улкан дисплейли, аммо ихчамлик учун икки буклаб ишлатиш ҳам мумкин бўлган смартфонлар эрасини Хитойнинг ZTE компанияси бошлаб бермоқчи. Унинг кодли номи Axon Multy бўлган смартфони Full HD сифатли иккита дисплейга эга. Қурилмани ёйганда улар диагонали 6,8 дюймга эга бўлган катта битта дисплейга айланади. Букилган ҳолатида эса бу девайс оддий смартфондек кўринади, ёйилганида – планшетга айланади.

Axon Multy тақдимоти шу йилнинг 17 октябридаёқ бўлиб ўтади, дейилади хабарда. ZTE’нинг буклама смартфон-планшети ҳақидаги бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум қилинмаган. Бироқ аввалроқ таниқли инсайдер Эван Бласс айни шу модел ҳақида хабар берган. Балки ўша хабардаги прогнозлар рост чиқар – буни билиш учун бизни кузатиб боринг.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!