Илк ўйинбоп смартфоннинг иккинчи авлоди – Razer Phone 2 тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  233
  •  12.10.2018 11:53

Илк ўйинбоп смартфоннинг иккинчи авлоди – Razer Phone 2 тақдим этилди

Razer компанияси геймерлар учун дунёдаги биринчи смартфонни тақдим этганидан хабарингиз бор. У энди унинг иккинчи авлоди – Razer Phone 2 геймерофонини ҳам тайёрлаган ва бу қурилма бенчмаркларда ўзини кўрсатган эди.

ЎҚИНГ: Razer Phone 2 ўйинбоп смартфони тақдимотидан аввал савдога қўйилди

Razer Phone 2 ташқи қиёфасига кўра ўз «аждод»идан унчалик фарқ қилмайдигандек. Аммо корпусининг орқа панели шишадан ишланган – симсиз қувватлана олиши учун. Шунингдек, Razer Chroma логотипи 16,8 миллионта тусда товланувчи чироқ тарзида ишланган.

Лекин геймерофоннинг «ички дунёси» биринчи авлод Razer Phone моделидагидан анчагина такомиллаштирилган. У Qualcomm компаниясининг айни дамгача бозорга тақдим этилган энг кучли процессори – Snapdragon 845 базасига қурилган. Android 8.1 Oreo операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайдиган Razer Phone 2 тезкор хотираси 8, доимий хотираси эса 64 гигабайт ҳажмга эга. Шунингдек, microSD-карта ёрдамида унинг хотирасини яна нақ 1 терабайтгача кенгайтириш мумкин.

Razer компаниясининг ушбу – иккинчи авлод ўйинбоп смартфони корпуси 158,5х78,99х8,5 миллиметрлик ўлчамга эга. Мазкур телефон IP67 стандартига кўра чанг ва намдан ҳимояланган бўлиб, аккумулятори 4000 мА/соатлик ток сиғимига эга. Қурилма LTE, Wi-Fi (802.11ac), Bluetooth 5 ва NFC интерфейсларига. Корпусида замонавий USB Type-C порти мавжуд, лекин қулоқчинлар учун 3,5 миллиметрлик тирқиш кўзда тутилмаган.

Смартфоннинг дисплейи ҳам Razer’нинг биринчи авлод геймерофонидагидан фарқ қилмайди: диагоналига 5,7 дюймлик IGZO-экран, тасвир аниқлиги 2560х1440 пикселли, янгиланиш частотаси 120 Гц. Лекин, компаниянинг даъвосига кўра, дисплей аввалгисига нисбатан 50 фоизга ёрқинроқ. Шунингдек, илк геймерофон экранига Corning Gorilla Glass 3 ҳимоя шишаси ётқизилган бўлса, Razer Phone 2 моделида дисплей Corning Gorilla Glass 5 билан муҳофаза этилган. Смартфон стереодинамиклар билан жиҳозланган ва Dolby Atmos товуш таратиш технологиясини қўллаб-қувватлайди.

Razer Phone 2 бош камераси қўшалоқ бўлиб, унинг 12 мегапикселли асосий датчиги f/1,75 диафрагмали ҳамда тасвирни оптик барқарорлаштириш хусусиятига эга. Ёрдамчи модули эса 12 мегапикселли ва f/2,6 диафрагмали телефото объективдир. Смартфоннинг олд камераси эса 8 мегапикселли сенсордан иборат.

Дарвоқе, бармоқ изи датчиги бу моделда корпуснинг ён қиррасига ўрнатилган. Ишлаб чиқарувчи бу ўйинбоп смартфоннинг буғлантирувчи камера ёрдамида совитиш тизимини алоҳида таъкидламоқда.

Razer Phone 2 учун олдиндан буюртма бериш аллақачон бошланган, компания унга 799 доллар нарх белгилаган. У фақат қора рангли корпусда, аммо икки хил – жилодор ва жилосиз тусларда ишлаб чиқарилмоқда. Компаниянинг бугун – 12 октябрда маълум қилишича, ушбу геймерофон кейинроқ орқа панели шаффоф корпусда ҳам тақдим этилади.

ЎҚИНГ: Илк ўйинбоп смартфон кутилмаганда нақ 300 долларга арзонлашди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!